Басра шаҳрида бир киши бор-будини ёлғизгина ўғлининг яхши таълим-тарбия олиши учун сарфлар экан. Ёш йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди.
Ниҳоят, бола уйга қайтибди. Кексайиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлининг кўзларига тикилиб, кўнгли тўлмабди ва:
– Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди.
– Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб қилибди ўғил.
– Лекин ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди.
Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида:
– Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, сони то мингтага етгунча тоғларда яша, – дебди.
Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам таскин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва ҳокисор инсонга айланибди. Унда сабрлилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди.
Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози:
– Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ