Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Чўпонлик қилиб кибрини йўқотган талаба

25.12.2017   8295   1 min.
Чўпонлик қилиб кибрини йўқотган талаба

Басра шаҳрида бир киши бор-будини ёлғизгина ўғлининг яхши таълим-тарбия олиши учун сарфлар экан. Ёш йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди.

Ниҳоят, бола уйга қайтибди. Кексайиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлининг кўзларига тикилиб, кўнгли тўлмабди ва:

– Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди.

– Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб қилибди ўғил.

– Лекин ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди.

Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида:

– Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, сони то мингтага етгунча тоғларда яша, – дебди.

Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам таскин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва ҳокисор инсонга айланибди. Унда сабр­лилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди.

Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози:

– Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди

07.08.2026   32741   1 min.
Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигидаги “Эзгулик ва маърифат тарғиботчилари” ташаббуси доирасида Тўрткўл туманида амалий тадбир бўлиб ўтди. Жараёнларни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин Разов бошқариб борди.
 

Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.


Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:

  • Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;

  • Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;

  • Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;

  • Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати

Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари