Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447

Иммунитетни кучайтириш бўйича муҳим тавсиялар

25.12.2017   39390   3 min.
Иммунитетни кучайтириш бўйича муҳим тавсиялар

Қиш мавсумида кўпчилигимиз, дорихоналардан иммунитетимизни мустаҳкам қилувчи, грипп, ангина, бронхит ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилувчи қимматбаҳо “мўъжизавий” дориларни сотиб оламиз.

Бироқ, биз ўйлагандек мўъжизавий препаратлар ҳали яратилмаган. Бундан ташқари, мусулмон  кишига дорихоналардан бу турдаги воситаларни ахтаришнинг ҳожати йўқ, чунки Ислом дини саломатликни мустаҳкамлаш ва иммунитетни кучайтириш учун асрлар давомида исботланган воситаларни тақдим этади:

Таҳорат

Таҳорат мусулмон кишига нафақат ибодат учун, балки соғлиқ учун ҳам зарурдир. Юрак қон томир тизими учун таҳоратнинг фойдаси аллақачон исботланган, бундан ташқари, у рефлексотерапия усулларини ҳам ўз ичига олади.

Илиқ ёки ёзда салқин сув билан таҳорат қилиш танани мукаммал даражада мустаҳкамлайди. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, барчаси осон: таҳорат қилинг – соғлом бўласиз!

Занжабил (Имбирь)

Бу ўсимликнинг илдизи антибактериал, яллиғланишга қарши, антимикроб, антисептик, бактерицид хусусиятларига эга. Занжабил жуда фойдали бўлиб, С, В витаминларига бой, унинг таркибида танадаги ҳужайраларни “даволаш” ва янгилаб туриш қобилиятига эга ретинол моддаси мавжуд. Занжабил асал билан истеъмол қилинганда у  асалининг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.

Асал

Асалнинг шифобахш қудрати Қуръони каримда айтилганлигини яхши биламиз. Ушбу маҳсулот иммунитет тизими учун тенги йўқ ҳисобланади. Қайд этиш керакки, инсон қонининг кимёвий таркиби ва асал ҳайратланарли даражада ўхшайди. Қонимизда 24 микроэлемент мавжуд бўлса табиий асалда – 22 та.

Шамоллаш билан боғлиқ касалликларни олдини олишнинг ажойиб услубларидан бири асални ёнғоқ билан қориштириб истеъмол  қилишдир. Бунда ҳар қандай ёнғоқ туридан фойдаланиш мумкин. Асосийси, аралашма маълум вақт  туриши лозим.

Қора седана ёғи

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қора седана ёғи ошқозон-ичак фаолиятини нормаллаштиради, иммунитет тизимини фаоллаштиради, кўплаб патоген бактерияларни йўқ қилади, қонда холестеринни камайтиради ва холеретик таъсир кўрсатади.

Седана ёғидан профилактик даволаш ҳамда умумий қувватлантириш мақсадларида фойдаланиш мумкин. Агар сиз кун давомида ҳеч бўлмаганда бир чой қошиқ седана ёғидан ичсангиз, сизда модда алмашинуви нормаллашади ва танангизнинг ҳимоя кучи ортади.

Ҳилба (Хельба)

Ҳилба уруғи (Семена пажитника) шамоллаш, иситма, вирусли инфектсиялар оқибатларини бартараф этишга ёрдам беради. Ўзининг юмшоқ хусусиятларидан келиб чиқиб, бу ўсимлик шамоллашни даволашда яллиғланишга қарши ва балғам кўчиришда ишлатилади.

Ҳилба шилимшиқ пушти массаларни юмшатиб, эритиб, лимфа тизимидан токсинларни олиб ташлашга ёрдам беради. Шунинг учун бир ош қошиқ пажитник уруғини  ярим литр сувга солиб билан истеъмол қилиш шамоллашни даволашда ичимлик сифатида ишлатилади. Бундан ташқари, витаминлашнинг қўшимча самарасини ошириш учун ичимликка, лимон ёки клюква шарбати қўшилади.

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими

Зоиржон СОДИҚОВ

тайёрлади

Табобат
Бошқа мақолалар

Офтобда ўтирманг!

23.06.2025   9639   4 min.
Офтобда ўтирманг!

Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.

Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.

Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.

Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.

D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.

Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.


Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.

Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.

Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.

Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.

Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.


Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.

Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.

Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.


Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.


Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.

Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!

 

Даврон НУРМУҲАММАД