Қалбда иҳтиром қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқнинг барчасидан камолот ва фазлда устун деб билиш, Ислом динининг мукаммал эканлиги ва у зотнинг турли маъсият ишлардан маъсумликларини эътиқод қилиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари, сўзлари, ахлоқ ва сийратларидаги комиллик тўла-тўкис комиллик ҳисобланиб, бу сифатларга зид бўлган нарсаларнинг ботиллигини эътиқод қилиш лозим. У зотга бўлган муҳаббат шавқи қалбни шундай тўлдирсинки, бу муҳаббат ер юзидаги барча инсонга, ҳатто ўзимизга бўлган муҳаббатдан ҳам устун бўлсин. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар.
Тилда эҳтиром қилиш. Бу улуғлаш ва эҳтиром қилишни ифодалайдиган лафзлар билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиш ҳамда доимо у зотга салавот ва саломлар айтиб юриш билан бўлади. Бундан ташқари, инсонларга у зотнинг фазилатлари, хусусиятлари, шамоиллари ва қилган ишларининг барчаси мукаммал экани ҳақида қайта-қайта сўзлаб берилсинки, токи Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кишиларнинг қалбида муҳаббат ҳамда эҳтиром тушунчаси янада зиёда бўлсин.
Амалда эҳтиром қилиш. Бу иш у зотнинг сийратларини ҳаёт йўли қилиб олиш ва суннатларини мукаммал ўрганиш билан бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кўрсатилган энг буюк ҳурмат у зотнинг суннатларига эргашиш ва тутган йулларини мустаҳкам ушлаш, ҳатто одатий ишларини ҳам қолдирмасдан бажаришдир. Чунки камолот соҳибларининг одатларини бажариш ҳам бир фазилатдир.
Абдушукур МУРОДОВ
тайёрлади
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати