1-савол: Киши ўзи ишлаб турган муассаса ёки бирор бир ташкилотдан келажакда ойлик маошидан секин-аста тўлаш шарти билан қарз олиб ҳажга бориши мумкинми?
Жавоб: Ҳаж ибодати қодир бўлган кишига фарз. Етарли маблағи бўлмаган кишига ҳаж фарз эмас.
2-савол: Маълумки, ҳаж мавсумида тирбандлик сабабли эҳром бўлакларининг йиртилиш ҳоллари кўп бўлади. Ўша ҳолатда йиртилганларини ямаш жоизми ёки янгисига алмаштириш керакми?
Жавоб: Хоҳласа, тикиб олади, хоҳламаса, бошқасига алмаштиради, ҳар иккиси ҳам жоиз. Алҳамдулиллаҳ, шариатда бу масалада енгиллик бор. Шариатда ман қилинган нарса кўйлак ва шалвар кийишдир. Аммо эҳром бирор нарсага илиниб йиртилса ёки тешилса, уни ип билан чатиб ёки ямоқ солиб тикишнинг зарари йўқ.
3-савол: Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Яқинда турмушга чиқаётган дугонам маҳр учун эридан ҳаж зиёратига олиб боришни сўрамоқчи эканини айтиб қолди. Бизнинг мазҳабимизда шу тўғрими?
Жавоб: Маҳр учун ҳажга олиб боришни сўраса, бизнинг ҳанафий мазҳабимизда маҳри мисл вожиб бўлади. Маҳри мисл деганда опаларига берилган маҳр миқдори тушунилади.
4-савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Мустақиллик шарофати туфайли диний қадриятларимиз қайта тикланиб, ҳар йили муборак ҳажда умра ибодатини минг-минглаб юртдошларимиз адо этишмоқда. Ҳаж каби умрани ҳам киши умрида бир марта адо этадими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Умра луғатда “зиёрат қилиш” ва “обод қилиш” маъноларини англатади. Шариатда эса, ният қилиб эҳром боғлаб, Байтуллоҳни тавоф қилиш, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиш умра дейилади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, албатта, у (умра) Аллоҳ таолонинг Китобида ун(ҳаж)га қўшиб зикр этилган. “(Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо қилинг)”, дейди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умрадан кейинги умра ораларидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир”, дедилар” (Имом Аҳмад, Бухорий ва Муслим).
Ҳар бир кишига қодир бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир, умра суннат амал. Умрани бир йилда бир неча бор қилиш мумкин.
5-савол: Аллоҳ насиб қилиб, 2005 йили ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлдим. Илтимос, умра билан ҳаж ўртасидаги фарқни тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Ҳаж муайян вақтда адо этилади. Ҳаж ибодатида Арафотда туриш, Байтуллоҳни тавоф қилиш лозим. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Муздалифа ва Минода тунаш, Жамаротда шайтонга тош отиш керак.
Умра эса, ҳаж адо этиладиган кунлардан бошқа йилнинг барча фасллари ва кунларида адо қилиниши мумкин. Умра Байтуллоҳни тавоф қилиш ва Сафо ҳамда Марва ўртасида саъй қилишдир.
Демак, умра учун махсус вақт тайин қилинмаган. Балки арафа ва ташриқ кунларидан ташқари йилнинг барча кунларида умра қилиш жоиз. Барча олимлар умра учун махсус вақт белгиланмаганига иттифоқ қилишган. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зулқаъда ва шаввол ойларида умра қилганлар.
6-савол: Менга ҳаж қилиш насиб этганида, қувонганимдан Аллоҳ учун ўн кун рўза тутаман, деб ният қилган эдим. Шу рўзани қай тартибда тутсам тўғри бўлади, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Аввало, назр ният билан бўлмайди. Тил билан айтилса, назр бўлади. Ибодатлардан дарҳол ё кейин зиммага вожиб бўлмаган бирортасини, масалан, рўзани Рамазон ойидан бошқа пайтда тутишни ўзига вожиб қилиш назр бўлади. Агар киши Аллоҳ учун икки кун ёки уч кун ёинки ўн кун рўза тутиш ўзига вожиб деб (назр) билса, унга ўша айтганини тутиш вожиб бўлади. У истаган вақтда, хоҳласа, бўлиб-бўлиб тутади, хоҳласа, кетма-кет, орасини ажратмасдан тутади.
Агар рўза тутишни назр қилган пайтда кетма-кет тутишни ният қилган бўлса, кетма-кет тутиши зарур бўлади. Орада бир кун ифтор қилса ёки аёл киши ҳайз кўрса, қайта бошидан назр қилган кунлари миқдорида тутиши лозим.
Назр қилган киши кетма-кет тутишни ният қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет тутса бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Зоҳирия”).
7-савол: Эри ўлган аёлнинг ҳаж қилиши дуруст эмас деб эшитдим, шу тўғрими?
Жавоб: Тўғри. Эри қазо қилган аёл тўрт ойу ўн кун идда ўтириши лозимдир. Эри ўлгани учун иддадаги ё талоқ иддасидаги аёл ҳажга бормайди ва бошқага турмушга чиқмайди. Иддаси тугаб бўлгач, унинг ихтиёри ўзида бўлади. Хоҳласа, маҳрамларидан бири, яъни отаси, ака ё укаси, тоға ё амакиси, бобоси ёки ўғилларидан бири ҳамроҳлигида ҳаж ибодатини адо этиши мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Бемордан ҳол – аҳвол сўраш, унинг ҳақига дуо қилиш.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморнинг олдига келсалар ёки у ҳузурларига олиб келинса: “Азҳибил баъса Роббан нааси ишфи ва анташ шаафий лаа шифааъа иллаа шифааъука шифааъан лаа юғодиру сақоман”, деб дуо қилардилар.
Маъноси: “Ё инсонларнинг Робби! Зиённи кетказ. Шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо(бер)!”.
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Касал бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Уъийзука биллаҳил аҳадис сомад, аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якуллаҳу куфуван аҳад. Мин шарри ма тажиду”, деб менинг ҳақимга дуо қилардилар (Имом Ибн Суний ривояти).
Маъноси: “Якка, беҳожат, туғмаган, туғилмаган ва бирор тенги йўқ Аллоҳ номи ила етадиган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”.
2. Бирор ҳадя, кўнгилни хушнуд этувчи нарса олиб бориш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кишини кўргани кириб: “Кўнглинг бирор нарса тусаяптими? Бирон нарса ейишни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор егулик келтиришни буюрдилар (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).
3. Беморга яқин жойда, иложи бўлса, бош томонида ўтириш.
4. Яхши сўзлар билан беморнинг кўнглини кўтариш, тасалли бериш.
Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касал ёки маййитнинг олдида ҳозир бўлсангиз, фақат яхши гапни айтинглар. Чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омин, деб туришади”, дедилар.
5. Дард Аллоҳнинг неъмати экани, бунинг шукронасига тавба – тазарруъ қилиш ҳақида сўзлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кўргани борсалар: “Лаа баьса, тоҳурун иншаа Аллоҳу”, деб айтардилар.
Маъноси: “Ҳечқиси йўқ, Иншааллоҳ, бу покланишдир”.
6. Беморга очиқ юз, хуш кўнгиллик билан муомала қилиш. Унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
7. Беморга турли кинояли, кўнгилга оғир ботадиган сўзларни айтмаслик.
8. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун борилмайди. Чунки одатда дард кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи таранглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
9. Касални толиқтирмаслик учун унинг олдида узоқ ўтирмаслик.
10. Беморни овқат ейишга мажбурламаслик.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Беморларингизга овқат ва ичимликни мажбурламанглар. Чунки Аллоҳнинг ўзи уларни едириб-ичириб туради”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
11. Беморнинг дуосини олиш.
Маймун ибн Маҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра. Чунки уларнинг дуолари худди фаришталарнинг дуосига ўхшайди”, дедилар. (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).
12. Беморнинг ҳузуридан тураётганда Аллоҳдан унинг ҳақига шифо сўраб дуо қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажали яқинлашмаган беморни кўргани борган ҳар қандай мусулмон банда етти марта: “Асалуллоҳал аъзийма Роббал ъаршил аъзийми ан яшфийка” деб айтса, у шифо топади», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Маъноси: “Аллоҳ таоло улуғдир ва улуғ Арш эгасидир. Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, деганлар.
“Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси нима?” дейилди.
“Мевасидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД