Бир болакай ҳар куни катта олма дарахти ёнида ўйнашни жуда яхши кўраркан. Шохларига чиқиб олма ер, туш маҳали соясида мизғир экан. Хуллас, болакай олма, олма эса болакай билан ўйнашни жуда яхши кўриб қолибди. Кунлар ўтибди. Болакай анча улғайибди. Энди олма дарахти олдига ҳар куни келмайдиган бўлибди.
Бир куни бола жуда хафа ҳолда келибди.
– Кел, бирга ўйнаймиз, – дебди дарахт.
– Йўқ, мен энди дарахт атрофида ўйнаб юрадиган болакай эмасман, – деб жавоб берибди, – турли ўйинчоқларим бўлишини истайман, сотиб олиш учун менда пул йўқ...
– Афсус, пул менда ҳам йўқ, лекин меваларимни териб, сотиб, ўйинчоқлар олишинг мумкин, – дебди қайғуриб дарахт.
Бола ҳаяжонланиб кетибди. У мевалардан узиб олиб, хурсанд ҳолда ортига қайтибди ва шу кетганча яна узоқ вақт дарахт ёнига келмабди. Дарахт эса уни соғинибди, йўлига интизор бўлибди…
Бир куни ҳалиги бола (энди у катта киши эди) яна олма дарахти ёнига келибди. Олма жуда хурсанд бўлиб, ҳаяжонланиб кетибди.
– Кел, ёнимга ўтир, – дебди дарахт.
– Афсус, вақтим йўқ. Оилалиман, уларни боқишим, бошпана қилишим керак. Менга ёрдам бера оласанми?
– Узр, пулим йўқ-да, аммо шохларимни кесиб, ундан уй қурсанг бўлади, – дебди дарахт.
Киши олма дарахтининг барча шохларини кесиб олиб, хурсанд бўлганича ортига қайтибди. Дарахт уни бахтиёр кўрганидан жуда шодланибди. Аммо... анчагача ёлғиз қолибди.
Иссиқ ёз кунларининг бирида киши дарахт ёнига келиб, унга суянибди.
Олма дарахти зиёратига келган эски қадрдонини кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлибди ва:
– Кел, суҳбатлашамиз! – дебди.
– Қарияпман. Ҳолим йўқ. Чарчаганман. Қани энди бир қайиғим бўлса-ю, унда сузиб ҳаёт ташвишларидан йироқлашсам... – дебди киши.
Дарахт бир оз жим қолиб, сўнг дебди:
– Кел, танамдан қайиқ ясагин-да, узоқ ерларга сузиб бор, ташвишларни унут, дам ол, ёнимга шодон қайтиб кел...
Киши унинг бақувват танасини арралаб, ундан қайиқ ясабди ва орзуига етибди.
Дарахт кўз ёшлари билан унга табассум қилибди...
Қиссадан ҳисса: Олма дарахти ота-она тимсоли. Улар ҳам боласи учун ҳар қандай қурбонлик қилишга тайёр. Боланинг дарахтга бепарволиги, шафқатсизлиги бизни ачинтирди. Лекин ўзимизни кузатсак, биз ҳам кўп ҳолда ота-онамизга шундай муносабат кўрсатамиз. Уларнинг меҳр-муҳаббатига яраша жавоб қайтаролмаймиз ёки яхшиликларини вақтида қадрламаймиз.
Аллоҳ таоло хатоларимизни кечириб, тўғри йўлга бошласин. Ота-оналаримизни рози қилиш бахтини насиб этсин.
Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби