Янги ҳилол кўрсатди чирой,
Олам ичра ўзгача олам.
Биласизми биродар бу ой –
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Мўминларнинг кўзида қувонч,
Юзлари ҳам нурлидир бирам.
Диллар тўла муҳаббат, ишонч,
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Дил айтади дуруду салом,
Салавотдан чарчамас ҳеч ҳам.
Икки олам чароғи – бу ном,
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Пайғамбарлар ичра ягона,
Барчасининг фазилати жам.
“Бир бор кўрган кўрсам,” дер яна
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Таомлари хурмо ила сув,
Ибрат бизга бу сабр, чидам.
Тоатлари хушуъ ва хузуъ
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Етимларнинг бошин силаган –
Меҳри жўшиб кўзларида нам.
“Раҳмлига раҳм тилаган,”
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Гўзал хулқда эдилар танҳо,
Суҳбат қурган соғинар шу дам.
Борлиқлари Қуръоний зиё
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Мерос бизга илм булоғи,
Ичган бўлмас икки дунё кам.
Тақводорлар тақволироғи
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Умматим, деб қайғурган ҳар он,
Умматим, деб тортган жабр ситам.
Гуноҳимиз Оллоҳдан сўрган
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Ҳамдлар бўлсин эй, меҳриюон зот
Уммат қилдинг шукр, бизни ҳам.
Севувчи ва севилувчи зот
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Кетиб қолмай тургин гўзал ой,
Саломларим ҳали жуда кўп.
“Саловатсиз мўмин ҳоли вой” –
Туғилганлар расули акрам (с.а.в.).
Абдилҳаким Умаров
Наманган вилояти, Уйчи тумани
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати