Абу Зарр Ғифорийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй бандаларим! Мен ситамни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга ситам қилманглар.
Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман.
Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман.
Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман.
Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман.
Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди.
Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликка эргашса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!” (Имом Муслим, Имом Термизий).
Шарҳ: Бу қудсий ҳадис ҳар биримиз билишимиз керак бўлган масалаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Унинг шарҳига бағишланган махсус китоблар ҳам ёзилган. Абу Идрис Ҳавлоний ушбу ҳадисга чуқур эҳтиром кўрсатиб ривоят қилган.
“Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо, 40).
Бутун коинот Аллоҳ таолога тегишли. Унинг бирор шериги йўқ. У ўз мулкини истаганича тасарруф қилади.
Аллоҳ таоло ситамни бандаларига ҳам ҳаром қилган. Зеро ситам бор жойда адолат бўлмайди. Адолат бўлмаган жойда парокандалик, бузуқлик авж олади. Осойишталик йўқолади.
Ҳадисда “ҳаммангиз адашгансиз” дейилиши, инсон табиатидаги шаҳват, роҳатга муккасидан кетиш каби майлларни ўз ҳолига қўйса, адашиб кетишига ишорадир. Бу майлларни фақат Аллоҳ таолонинг инояти билан жиловлаш мумкин.
Аллоҳ таоло барча жонзотнинг ризқини белгилаб қўйган. У денгиз остидаги мавжудотга ҳам, тошнинг орасидаги жониворга ҳам ризқини етказиб туради. Ҳеч ким У белгилаб қўйган ризқдан ошиқ бир луқма ҳам тановул қилолмайди.
Ризқ деганда фақат ейиш-ичишга ярайдиган нарсалар кўзда тутилмайди. Балки кийим-кечак, уй-жой ва инсоннинг яшаши учун лозим бўлган барча воситалар ҳам ризқдир.
Банда билиб-билмай адашади, гуноҳ қилади. Адашганини ва гуноҳларини бўйнига олиб, тавба қилса, Яратган кечиради. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, хатоларни беркитувчидир. «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Мағфиратли ва Раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Аллоҳ таоло Сомаддир, яъни бутун мавжудот ҳожатларини раво қилишини тилаб Унга ёлворади. Унинг тенги, ҳожати йўқдир, нуқсонсиздир. Ҳар лаҳзада саноқсиз нарсаларга муҳтож бўлган инс ва жин Унга зарар ҳам, фойда ҳам етказишга асло қодир бўлолмайди. Инсонлар ва жинлар яхши амал, тоат қилишса, азобдан қутилишади. Ёмон ишлар қилиб, гуноҳкор бўлишса, азобга учрайдилар. Қилган амалларининг барчаси ўзларига фойда ё зарардир. Аллоҳ таоло меҳрибонлигидан уларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрган.
Банда нима сўраса, тиласа Аллоҳ таолодан сўраши, тилаши керак. Ҳадисда шундай амр қилинган. Чунки барча мулк Уникидир. Денгиз суви Аллоҳ таоло мулки қатрасининг қатрасидир.
Киши эришган ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолонинг фазлидир. Ёмонликка дуч келса қилмишидандир. Буни яхши англамаган кимсалар адашади. Яхшиликни ўзидан деб билган кибр ва манманликка берилади. Ёмонликни ўзидан кўрмаган кимса ўзини тузатиш, ўнгланиш ўрнига атрофидагиларни танқид қилиш, ўзи яшаб турган жамият қонун-қоидасидан норозилик каби иллатлар чоҳига тушиб қолади. Бу икки ҳолатдан ҳам Аллоҳ таоло асрасин!
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Қуёш ботади...
Гуллар сўлади...
Баҳорнинг охири куз билан тугайди.
Соғлиқ хасталикка юз тутади.
Ҳаёт ўлим билан ниҳояланади.
Империялар гуллаб-яшнайди ва завол топади.
Қитъаларни океан ютиб юборади.
Юлдузлар коинот бағрида портлаб, ғойиб бўлади.
Бизни ўраб турган бу ҳодисалар олами — алдамчи ва маккор дунёдир. У ёлғонлардек тусланиб, йўқлик ва фано сари ҳаракатланади... Гўёки сув устига чизилган расм ёки шамоллар учириб кетувчи қумдаги нақш кабидир.
Аллоҳ эса бу оламдан эмас... Балки У бу оламдан Мутаол (олий ва юксак)дир... Аллоҳнинг хасталаниши, қариши ёки ўлиши асло мумкин эмас. Уни бошқа нарсалар каби бир хомхаёл ёки ботил деб тасаввур қилиш ҳам тўғри эмас... У буларнинг барчасидан Юксакдир.
Олам — ботил (ўткинчи).
Аллоҳ — Ҳақ.
Олам — завол топгувчи.
Аллоҳ — Боқий.
Олам — ўзгарувчан.
Аллоҳ — Собит (ўзгармас).
Олам — замон ва макон чегараларининг маҳбусидир.
Аллоҳ эса замон ва макондан Юксакдир... У бирор маконда жойлашмайди, зеро Унинг ҳажми ҳам, маконий хусусиятлари ҳам йўқдир. У ҳақда «тепада» ёки «пастда», «ўнгда» ёки «чапда», «ичкарида» ёки «ташқарида» деб бўлмайди.
Шу боис, У бирор жисмга кирмайди, бирор бўшлиқни эгалламайди ва бирор сурат ёки шаклда гавдаланмайди.
У замондан Юксак бўлгани учун ҳам Унинг ёши йўқ, бошланиши ва ниҳояси йўқ, Унинг учун ўтмиш, ҳозир ва келажак мавжуд эмас... Балки У — Мутлақ Ҳозирликдир... Давомли лаҳза ва абадий давомийликдир... Ғайбда ҳам, шоҳидлик оламида ҳам доимий мавжуддир.
У ҳақда ўсяпти, ривожланяпти, каттаряпти, кенгаяпти, кучи ортяпти ёки мукаммаллашяпти деб бўлмайди... Чунки У — азалдан ва абадан Мукаммалдир.
У замон ва макондан пок бўлгани учун ҳаракат қилмайди ва кўчмайди... Балки У — мутлақ сукунатдадир... Самаддир... Унинг атрофидаги барча нарса эса изтироб ва ҳаракатдадир. «Самад» сўзининг маъноси ҳам мана шу — мутлақ собит ва барқарор демакдир. Шу сабабли ҳам У — изтироблар уммонидаги бошпана ва омонликдир. Кемалар ўз лангарларини сокин денгиз тубига ташлаб, ўз барқарорлигини ўша тубнинг собитлигидан олгани каби, қалб ҳам ўз лангарини Унга ташлайди... У — ҳузурига талпиниладиган, суяниладиган Самаддир.
Биз — кишандамиз (замон ва маконда).
Аллоҳ эса — мутлақликда (азал ва абадда), Унинг на бошланиши, на охири ва на чегараси бор.
У — Латифдир, интиҳосиз лутф Соҳибидир. Унинг жисми, моддаси, массаси ва вазни йўқ. «Латиф»нинг маъноси ҳам шу — мутлақ махфийлик (кўзга кўринмаслик).
«Латиф» — Уни чеклаб ёки тўсиб қўядиган ҳеч қандай жисм, вазн ва зичликка эга бўлмаган Зотдир... Шу боис У ҳар бир нарсанинг ичига кириб боради, ҳар бир нарса билан ҳар лаҳзада комил суратда, яширин ва сирли равишда бирга бўлади: «Кўзлар Уни идрок этолмас, У эса кўзларни идрок этар». У қаерда бўлсак ҳам биз билан биргадир, бизга ниҳоятда яқиндир, аммо биз Уни кўрмаймиз...
Худди инсон ўз кўзининг қорачиғини (воситасиз) кўра олмагани каби. У бизга шоҳ томиримиздан ҳам (вужудимиздаги қондан ҳам) яқинроқдир.
Ва У — Воҳид (Ягона)дир.
Сизга фойда берувчи ҳам Удир.
Сизга зарар берувчи ҳам Удир.
Чаёнга заҳарни жойлаган ҳам Удир.
Гулга ифорни бахш этган ҳам айни Унинг Ўзидир.
Бу ишларнинг барчасини қилувчи Зот — биргина асил Бажарувчидир.
У — Воҳиддир...
У — Аҳаддир...
«Аҳад» ва «Воҳид» маъно жиҳатидан фарқ қилади.
«Воҳид» деганда, иш-ҳаракатлар кўп ва турли-туман бўлса-да, уларни Бажарувчи битта эканини тушунамиз... Уни бажарувчиси доимо биттадир.
«Аҳадлик» эса ана шу Ягона Зотнинг сифатидир.
У — Аҳаддир.
Яъни, У бўлинмайди, парчаланмайди, Унинг бўлаги, қисми, зидди ёки тенгдоши бўлиши асло мумкин эмас... Унда кўплик, қарама-қаршилик ёки кўпайиш содир бўлмайди.
У парчаланиб кетмайди, таркиб топмайди, сочилиб кетмайди, бирлашмайди, қўшилмайди ва ажралмайди.
У Ўз зотида Аҳаддир, яъни Ўз-Ўзига қарши чиқмайди, қарама-қаршиликка учрамайди, зиддиятга киришмайди... Балки Унда қарама-қаршиликлар (Жаббор ва Раҳим, Муиз ва Музилл, Нофиъ ва Зорр) мутлақ бирликда учрашадики, у ерда ҳеч қандай зиддият, қарама-қаршилик ва уруш йўқдир... Мана шу боис Унинг исми Саломдир ва мутлақ сокин, ичида қарама-қаршиликлар бўлса-да, ҳеч қандай изтироб бўлмаган, ички урушлардан холи бўлган Самаддир...
Зеро, У — Саломдир.
Ва У — Ҳайй (Тирик)дир.
Яъни, Унга ҳаёт бахш этувчи бирор яратувчига эҳтиёж сезмасдан, Ўз-Ўзидан Тирикдир. У бошқага қарам бўлмаган мутлақ ҳаёт Соҳибидир. Бизнинг ноқис ҳаётимиз эса, аксинча, фақатгина Унинг мадади билангина мавжуддир.
У — Қаййумдир, ҳар бир нарсани тирик тутиб турувчи ва йўқликка ҳаёт бахш этувчи Зотдир.
Ҳар бир нарса Аллоҳ билан мавжуддир.
Фалакларидаги юлдузларни Аллоҳнинг қонунлари тутиб туради, демак улар У билан қоимдир. Дарахтлар ўз қаддини Унинг ва У берган нур, қуёш, сув ҳамда тупроқ мадади билан юксалтиради.
Биз ҳам ҳар куни У билан ва Унинг мадади билан оёққа турамиз.
Биз У билан кўрамиз ва У билан эшитамиз... Бизга ато этган қобилиятлари орқали... Бутун коинот ўз мавжудлигида Аллоҳнинг Қаййумлигига қарздордир... Зеро, У ҳар бир нарсанинг Қаййумидир...
Қиёмат куни бизни ўлимдан қайта тирилтирувчи ҳам Удир.
У бу дунёда заррадан тортиб то фалакларгача ҳар бир нарсани Ўз ғамхўрлиги билан тутиб турувчидир, шунинг учун ҳам У — Қаййумдир.
У — Самийъ (Эшитувчи)дир, ҳеч қандай рухсатсиз ва воситаларсиз мутлақ эшитувчидир... У Ўз зоти ила Самийъдир.
У — Басийр (Кўрувчи)дир, кўзсиз ва кўрув аъзоларисиз кўрувчидир... У Ўз зоти ила Басийрдир.
У — Мутакаллим (Сўзлагувчи)дир, ҳарфларсиз, сўзларсиз, тил ва лабларсиз сўзлагувчидир... У Ўз зоти ила Мутакаллимдир, бизга маъноларни етказади ва биз уларни Ўзи хоҳлаган тилда эшитамиз.
У — Аввалдир, замон ва олам яратилишидан олдин, ҳеч вақо йўқлигида ҳам мавжуд бўлган Зотдир.
У — Охирдир, замон тугаб, олам барҳам топганидан ва ҳар бир нарса Унга қайтганидан кейин ҳам мавжуд бўлгувчидир... Борлиқ фоний бўлгандан кейин ҳам У — Боқийдир... Ундан олдин ҳам, Ундан кейин ҳам ҳеч нарса йўқдир...
У — афъоллари (ишлари) билан Зоҳир (аён)дир.
Зоти билан эса Ботин (яширин)дир.
У Ўзи учун эмас, биз учун ўч олгувчи — Мунтақимдир.
У золимларга нисбатан Жаббор, такаббурларни хор қилгувчи Музилл, мутакаббирларга қарши Мутакаббир, макр қилувчиларга нисбатан Макр қилгувчидир. Кимнинг сифатлари мана шундай бўлса, демак, кибриё ва буюклик фақат Унгагина лойиқдир.
Кибриёлик фақат Унинг ҳаққидир.
Осмонлару ердаги кибриёлик Уникидир.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади:
«Кибриёлик Менинг ридомдир, буюклик эса Менингизоримдир. Ким Менинг бу икки сифатимда Мен билан талашса, Уни яксон қиламан».
Агар буюкликнинг барча сабаблари Унда мукаммал бўлса, демак, У ҳақиқий Азим (Буюк) Зотдир.
Шундай бўлса-да, У Ўз суюкли бандаларига доимо Ўзини севдирувчи, уларга Ўз муҳаббати, карами, неъматлари ва меҳрини ёғдирувчидир, зеро У — Ҳаннон, Маннондир.
Унинг азоби ҳам Ўз раҳмати чашмасидандир... У — уйғотиш, огоҳлантириш ва дарс бериш учун азобловчи Раҳмондир... Ва У — хоҳлаган пайтида Ўз холис раҳматини инъом этувчи Раҳимдир... Унинг раҳмати доимо ғазабидан устундир... У пайғамбарлар, огоҳлантирувчилар, китоблар юборади ва ҳар бир назар солувчи учун осмонлару ерда Ўз оят-белгиларини равшан намойиш этади... Шундан кейингина ҳисоб-китоб, яъни Жазо куни — ғазабга лойиқ бўлганларга ғазаб қилинадиган кун бўлади... Зора, У — муҳлат берувчи, имконият инъом этувчи ва ажални узайтирувчи Сабурдир... Ва У — Ўзига қайтган, тавба қилган ҳар бир бандани кечирувчи Таввоб, Ғаффордир.
У — Восиъ (Кенг) Зотдир.
Илми кенг.
Мағфирати кенг.
Раҳмати кенг.
У ҳар бир нарсада Чексизлик ва Мутлақликдир.
Фаришталар Унга шундай дейдилар:
«Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба қилган ва Сенинг йўлингга эргашганларни мағфират айла» (Ғофир сураси, 7-оят).
Фаришталар фақат Унинг ваҳйи, амри ва каломи билангина гапирадилар... Зеро, У — раҳмат ва меҳр чашмаси, мағфират ва тавбага илҳом берувчи Зотдир.
У Покдир, Зул-жалоли вал-икром (Улуғворлик ва карам Соҳиби)дир.
Ҳарфлар ва сўзлар ожиз қолади, жумлалар Унинг Олий мақомига етишдан узилади — У шундай бир Мақомдаки, у ерда «қаерда» деган тушунча йўқдир.
Шундай бир «ҳузур»даки, у ерда «ҳузурида» деган макон йўқдир.
У ерда ақллар ҳайратдан лол қолади.
Тиллар соков бўлади.
Қаламлар қурийди.
Ва саҳифалар кўтарилади.
Доктор Мустафо Маҳмуд - «Исломда Аллоҳ» мақоласидан.