Ҳаким ат-Термизийнинг “Наводирул усул” китобида шундай келтирилади: “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кириб келган кунлари, ундаги барча нарсаларни нурлантириб юбордилар. Вафот этган кунлари ундаги барча нарсалар зулмат ичра қолди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларни ёритувчи нур эдилар.
“Эй пайғамбар, дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик. Аллоҳнинг изни билан Унга (динига) даъват қилувчи, ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам” (Аҳзоб сураси 45-46-оятлар).
Ул зоти бобаракотнинг нурлари ила бутун олам ёришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кўчадан ўтсалар, ул зотдан муаттар ҳид таралар эди. Шу кўчадан кейин юрган одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу макондан ўтганларини билар эди. Ул зот ўта покиза, ҳушбўй эдилар. Аллоҳ таоло ўз ҳабибини насл-насаб ва қариндошчилик жиҳатидан пок сақлаган эди. Шунингдек, Нубувват мусаффолиги ила табаррук қилишидан олдин, ул зотни болалик, ўсмирлик ва ўрта ёшларга етган даврларида ҳам гуноҳ маъсиятлардан муназзаҳ этган эди. Ул зотнинг ҳайбатлари, виқорлари, улуғворликлари ва покликлари қалблар ва дилларни эгаллаган эди.
Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳобат (улуғворлик) берилган эди”.
Абу Масъуддан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, гапирди. (Ул зотнинг маҳобатлари олдида гапира олмай) қўрқувдан қалтирай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингни бос! Мен подшоҳ эмасман, мен Қадидни (гўштни қуритилган тилимчаси) ейдиган аёлнинг боласиман”, – дедилар.
Ҳинд ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида шандай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғвор ва маҳобатли эдилар. Юзлари тўлин ой каби нур сочар эди”.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: “Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у зотдек улуғвор эмас эди. У зотни ўта улуғлаганимдан, у зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим”, – дедилар.
Бир киши Маккага туясини сотиш учун олиб келди. Унинг туясини Абу Жаҳл сотиб олди, лекин пулини бермай чўзиб юрди. Қурайшнинг улуғлари йиғиладиган мажлис олдига бориб: “Эй Қурайш жамоаси, мен мусофир кишиман, Абул Ҳакам ҳаққимни бермай мени кўп қийнаяпти. Орангизда менга ёрдам берадиган бирор киши борми?” – деди. Ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани бир тарафида ибодат билан машғул эдилар. Мажлис аҳли: “Анави ўтирган кишини кўраяпсанми, уни олдига бор, ичимизда фақат ўша кишигина сенга ёрдам бера олади”, – деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсатдилар. Бу билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масҳара қилишни қасд қилган эдилар.Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл ўртасидаги адоватни билар эдилар. Ҳалиги киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг бандаси, Абул Ҳакам ибн Ҳишом менга зўрлик қилиб, ҳаққимни бермаяпти. Мен ғариб кишиман, анави ўтирган қавмдан менга ёрдам беришларини сўрасам, улар менга фақат сен ёрдам бера олишингни айтдилар. Ундан мени ҳаққимни олиб бер, Аллоҳ сенга раҳм қилсин”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қани унинг олдига юрчи”, – деб у билан бирга Абу Жаҳлнинг уйига қараб кетдилар. Буни кузатиб турган Қурайш жамоаси ораларидан бир кишига: “Уларнинг кетларидан бориб нима қилишларини кузатгин”, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туя эгаси билан Абу Жаҳлнинг уйига бориб, унинг эшигини қоқдилар. Ичкаридан Абу Жаҳлнинг: “Ким бу?” – деган овози эшитилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Муҳаммадман, бу ёққа чиқ”, – дедилар. Абу Жаҳл ичкаридан қўрқиб кетганидан ранги оқарган ҳолда чиқиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кишининг ҳаққини қайтариб бер”, – дедилар. Абу Жаҳл: “Ҳа, албатта, ҳозироқ унинг ҳаққини қайтараман”, – деди-да, ичкарига кириб, унинг ҳаққини олиб чиқди ва туя эгасига тўла-тўкис қайтариб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши ўз ҳаққини тўлиқ олгач, қайтдилар. Ҳалиги киши Қурайш йиғиладиган мажлисга бориб: “Аллоҳ уни яхшилик ила мукофотласин! Аллоҳга қасамки, у ҳаққимни тўлиқ ундириб берди”, – деди. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл ўртасида бўлиб ўтган воқеани билиб келиш учун юборган киши ҳам унинг ортидан етиб келди ва кўрганларини сўзлаб берди.
Абу Нуъайм, Байҳақий, Исҳоқ ибн Ясордан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рукона ибн Абду Язидга: “Исломни қабул қил”, – дедилар. Рукона: “Агар сен айтаётган нарса ҳақ эканини билганимда эди, уни қабул қилган бўлардим”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима дейсан, агар сени курашда енгсам, мен айтган нарсани ҳақ деб биласанми?” – дедилар (Рукона Қурайшликлар орасида энг бақуввати ва паҳлавони эди). Рукона: “Ҳа”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, (уни кўз очиб юмгунча) ерга ағдардилар. Шунда Рукона: “Яна бир бор, эй Муҳаммад”, – деб айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қайта ушлаб, шу тобда ерга қулатдилар. Бу ҳолатни кўрган Рукона: “Бу сеҳрдир, мен бундай сеҳрга ўхшашини ҳеч ҳам кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, сен елкамни ерга қўйган вақтингда, ҳеч нарса қила олмай қолдим”, – деб кетади.
Авазхўжа БАХРОМОВ,
“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби
Хожа Бухорий ўрта-махсус диний таълим муассасаси директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткир домла ҒУЗАРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, муҳтарам устоз. Авваламбор, Сизни педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Илмий даражангиз бундан ҳам юксалаверсин. Суҳбатимизни бугунги кунда Сиз раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотлардан бошласак...
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Қутлов ва тилагингиз учун ташаккур. Таълим муассасасига 1992 йилда асос солинган. Мадрасага XIV асрда яшаб ижод этган машҳур тасаввуф алломаси Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорий номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши сифатида эътироф этилади. Нақшбандия тариқатининг маънавий-ахлоқий ғояларини Қашқадарё воҳаси, хусусан Китоб шаҳри ва унинг атрофида кенг тарғиб қилган улуғ мутафаккирлардан саналади.
Муассасада бугунги кунда жами 34 нафар олий маълумотли, малакали педагог-ўқитувчи 105 нафар талабага диний ва дунёвий фанлардан пухта билим бериб келмоқда. Таълим жараёнида замонавий педагогик ёндашувлар, самарали ўқитиш усуллари ҳамда амалий машғулотлардан кенг фойдаланилиб, талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, педагог-ўқитувчилар томонидан талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, мустақил фикрлаши, илмий салоҳияти ва дунёқарашини ривожлантиришга қаратилган қўшимча машғулотлар ҳамда маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса таълим муассасасида сифатли таълим бериш билан бир қаторда, ҳар томонлама етук, билимли ва замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш учун муносиб таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
– Ушбу илм маскани қандай мутахассисларни тайёрлаб бермоқда?
– Таълим муассасаси динимиз равнақи, мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёти ва юксалиши йўлида муносиб хизмат қиладиган, юксак маънавият ва ахлоқий фазилатларга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаган, соф ислом дини таълимотини мукаммал ўзлаштирган, диний-маърифий билимларни ҳаётга тўғри татбиқ эта оладиган юқори малакали ўрта махсус маълумотли исломшунос, имом-хатибларни тайёрлайди.
Битирувчилар масжидларда имом-хатиб, диний таълим муассасаларида ўқитувчи, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритувчи мутахассис сифатида хизмат қилиш учун зарур назарий билим ва касбий малакага эга бўлиб чиқади.
– Диний ва дунёвий фанлар уйғунлигини таъминлаш учун ўқув жараёни қандай ташкил этилган?
– Таълим дастурларида Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида каби диний фанлар билан бир қаторда тарих, инглиз тили, фалсафа асослари, психология, жисмоний маданият ва спорт ҳамда бошқа дунёвий фанларга ҳам ўрин ажратилган. Дарслар замонавий педагогик усуллар, ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.
– Талабаларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари ҳамда мутолаа маданиятини юксалтиришлари учун қандай шароит ва имкониятлар яратилган?
– Хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ҳафтанинг муайян кунларида тил кунлари ташкил этилган. Хусусан, сешанба куни инглиз тили куни, чоршанба куни эса араб тили куни ўтказилиб, талабаларнинг тил ўрганишга доир билимларини мустаҳкамлаш, мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ва амалий машғулотлар орқали билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва тил ўрганиш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Дарсларга соҳасининг етук ва малакали мутахассислари жалб этилган. Бу эса талабаларнинг нафақат тилларни мукаммал ўзлаштириши, балки дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
– Мударрисларнинг касбий маҳоратини ошириш, сабоқларнинг талабаларга янада самарали етиб бориши учун айнан қандай методик усуллар жорий этилган?
– Муассасада замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот-коммуникaция технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн платформалардан Google Forms хизматлари ва интерфаол иловалар (Kahoot, QuizBot, topqir.uz) дарс жараёнига татбиқ этилган. Дарс жараёнида смарт доска, маркерли доска, магнитли доска имкониятларидан фойдаланилади. Замонавий педагогик технологияларнинг “баҳс-мунозара”, “ақлий ҳужум”, “гуруҳли иш”, “тақдимот”, “кейс-таҳлил”, “савол-жавоб” каби усуллари қўлланилади.
– Талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш борасидаги ишларни ҳам айтиб ўтсангиз...
– Таълим муассасасида “ёш илмий тадқиқотчи” гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар илмий мақолалар ёзиш, интернет сайтларида аудио, видео чиқишлар қилиб, ёш китобхон танловларида фаол қатнашади.
Хатмул кутуб анъанаси бўлиб, ҳозирга қадар талабалар “Мунаббиҳот”, “Таълим мутааллим”, “Фиқҳул муяссар” (1- 2 китоби), “Фиқҳул акбар шарҳи” ва “Тайсиру мусталаҳул ҳадис” асарларини хатм қилишди...
– Таълим муассасаси бинолари, талабалар турар жойи ва моддий-техник имкониятлар қай даражада?
– Бино ва иншоотларимизнинг ташқи ва ички қисмлари мунтазам техник кўрикдан ўтказилиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириб борилади.
Муассаса замонавий техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозланиб келинмоқда. Хусусан, иш жараёни ва дарс машғулотлари учун 42 та компюьтер жамланмаси 20 та интерактив смарт доска ва бошқа зарур жиҳоз ва қурилмалар билан тўлиқ таъминланган. Таълим муассасаси интернет тармоғига оптик тола орқали боғланган.
Асосий ўқув биносида 25 та ўқув хонаси мавжуд бўлиб, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари алоҳида ўқув биноси билан таъминланган. Яқинда талабалар учун 240 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Талабаларингизнинг республика миқёсидаги турли илмий, диний ва спорт мусобақаларидаги иштироки ҳамда эришаётган натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Таълим муассасамиз талабалари республика миқёсида ўтказиладиган илмий, диний-маърифий ва спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувида жамоамиз “Энг фаол тарғиботчи жамоа” номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
Спорт йўналишида ҳам талабаларимиз шахмат, кураш, стол тенниси ва тош кўтариш каби спорт турлари бўйича “Баркамол авлод” Республика босқичларида бир неча бор совриндор бўлишди. Хусусан, 2022 йилда ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари финал мусобақасида жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2026-йил миллий кураш бўйича 3-ўринни эгаллади.
Илмий йўналишда эса талабаларимиз Ягона олимпиада Республика босқичида мунтазам равишда муваффақиятли иштирок этиб, турли йилларда бир нечта 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган. Бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йилида “Эсселар танлови” Республика босқичида 1-ўрин ҳамда “Энг ёш китобхон” танловида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлишди. Ягона олимпиада мусобақасида 2026 йил 3-ўринни қўлга киритди.
– Битирувчиларнинг кейинги фаолияти қандай кечмоқда. Яъни, битирувчилар ҳозирги кунда жамият ҳаётида, диний-маърифий соҳаларда қандай ўрин тутмоқда?
– Таълим муассасаси битирувчилари бугунги кунда мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳанинг турли йўналишларида самарали фаолият юритиб, жамият ҳаётида муносиб ўрин тутиб келмоқда. Улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимият тизимларида хизмат қилмоқда.
Жумладан, масжидларда имом-хатиб ва имом ноиби лавозимларида, диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида, илмий-тадқиқот марказлари ва диний-маърифий муассасаларда илмий ходим сифатида, Фатво марказида етакчи мутахассис сифатида хизмат қилиб келаётганлар, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам фаолият юритаётганлар бор.
Қисқа қилиб айтганда, таълим муассасамиздан етишиб чиққан кадрлар юртимизнинг турли жойларида, турли жабҳаларда динимиз ва давлатимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.