Саъд ибн Ҳишом ибн Омир (розияллоҳу анҳу) айтади: “Оиша (розияллоҳу анҳo)нинг олдига бориб, “Эй мўминлар онаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари ҳақида гапириб беринг”, дедим”. У: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқи Қуръон эди”, деди… (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳадисда “хулқи Қуръон эди”, деб таржима қилинган қисмида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонда мадҳ этилган сифатлар билан хулқлангани ва қайтарилган амаллардан сақлангани ифодаланмоқда. Шунингдек, Қуръони каримнинг ҳукмларига риоя этиш, унинг ҳад-чегараларида тўхташ, маънолари ҳақида ўйлаш ва чиройли тиловат қилиш ҳам тушунилади. Манбаларда келтирилишича, “Қуръон”, сўзидан Қуръони каримдаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мақтов айтилган оятлар ирода қилинган. Бунга: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят), “Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят) каби оятларни мисол қилиш мумкин. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар орасида юзлари энг чиройли, хулқлари энг гўзал зотдир” (Имом Мусли ривояти). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан чиройлироқ бирор нарсани кўрмадим. Гўёки қуёш у зотнинг юзларидан чиқади”, деган. Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юзлари нур сочади. Гўёки юзлари ойнинг бир бўлаги”.
Саййидимиз Муҳаммад (алайҳиссалом) гўзал хулқ соҳиби, комил инсон, барчага намуна эдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғри сўз ва омонотдор эдилар. Пайғамбарлик келишидан олдин ҳам Қуройшликлар орасида “Содиқул амин (тўғри сўз, ишончли инсон)” номи билан машҳур эдилар. Улар ўзаро низолашиб қолишса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳакам этиб тайинлашиб: “У омонотдор, хиёнат қилмайди”, дейишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га пайғамбарлик келганидан кейин қилинган даъватнинг биринчиси омонотдорлик бўлди. Набий (алайҳиссалом) сўз, амал, ибодат, аъзоларни гуноҳдан сақлаш ва ваъдаларга хилоф қилмаслик кабиларда омонотдорликни талаб қилдилар. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғри сўзликда ҳам намуна эдилар. У зотдаги бу сифатни Аллоҳ таоло бундай мадҳ этади: “Ростликни келтирган зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этганлар (мўминлар) – айнан ўшалар тақволи зотлардир” (Зумар, 33).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларнинг улуғи эдилар. У зот ҳадисда бундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир. Мен аҳлига яхшилик қилувчироқман” (Имом Термизий ривояти). Набий (алайҳиссалом) аҳлига хушмуомалали, меҳрибон, эдилар. Ҳар ишда уларга ёрдам бериб, лутф кўрсатардилар. Аёллари билан ҳазил-мутойиба ҳам қилардилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) онамизни “Эй Ҳумайро”, деб чақирардилар. Баъзида эса “Эй ансорларнинг қизи” ёки “Эй Оиш” дердилар.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) болаларни жуда яхши кўрардилар. Кўчадан ўтаётиб болаларга салом берар, баъзида эса улар билан ўйнардилар. Намоз ўқиётганда болаларнинг йиғи овози эшитилса, онасига қийин бўлмаслиги учун ибодатни тезроқ якунлашга ҳаракат қилардилар. Набиралари – Имом Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)ларни муборак елкаларига кўтариб олардилар. Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки набираларини ўпдилар. У зотнинг ёнларида Ақро ибн Ҳобис бор эди. У: “Менинг ўнта болам бор. Лекин, уларни бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қараб: “Ким Раҳим қилмаса, унга ҳам раҳим қилинмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Сарвари коинот бўлмиш зот ходимларига ҳам жуда меҳрибон ва тавозелик эдилар. Ҳаётлари мобайнида бирорта ходимларини урмаганлар, ҳатто уларга овозларини кўтармаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, у зот бирор марта уф демаганлар. “Нима учун бундай қилдинг”, “Бундай қилсанг бўлмасмиди”, деб айтмаганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ таоло тавозели бўлишга ва кибр қилмасликка буюради: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тавозе бандани даражасини зиёда қилади. Шунинг учун, тавозели бўлинглар! Аллоҳ таоло даржангизни кўтаради”, дедилар (Канзул уммол).
Оламларга раҳмат бўлган пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дунёда энг зоҳид ва қаноатли инсон эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дунёдаги барча нарсаларни ихтиёрини берган эди. Лекин, у зот охират ҳаётини танладилар. Бутун ҳаётлари мобайнида, очликни кетказиш учунгина хурмо ва арпа тановул қилиб, сув ичардилар. Ҳар тун оч ҳолда ухлардилар. Очлик ҳиссининг кучли эканидан қоринларига тош боғлаб юрардилар. Ортиқча бир дирҳам пул билан тун ўтказмасдилар. Ёнларида эҳтиёждан ортиқча нарса бўлса, уни муҳтож одамга бермагунча уйга кирмасдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).
Оиша (розияллоҳу анҳи)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда туриб, ибодат қилардилар ҳатто оёқлари ёрилиб кетарди. “Ё Расулуллоҳ, нима учун бундай қиласиз? Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию, кейинги гуноҳларингизни кечирган-ку”, десам. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шукр қилувчи бандa бўлмайми?” дейдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сабрли ва ҳалим бўлишлари, афв этишда ўрнакликларига Аллоҳ таолонинг илоҳий буйруғи бор эди: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: “Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг…” (Аҳқоф сураси, 35-оят).
Манбалар асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ
тайёрлади.
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди