Кеча, 19 декабрь куни диний идорада хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатлари билан Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари тўғрисида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Ўзбекистон азалдан ислом илм-фани ва маданияти маркази бўлгани, илоҳиётда Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, аниқ ва табиий фанларда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби кўплаб алломалар мусулмон ва жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганларини таъкидлади. У мусулмон ренессанси даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан битилган ва дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросни ўрганиш, уни ёш авлодларга етказиш, Ислом динининг асл моҳиятини жамият аъзоларига тушунтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.
Ш.Миноваров ушбу марказда улкан музей, йирик кутубхона ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиши, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, осори-атиқалар, тарихий мазмундаги видео ва фото ҳужжатлар алоҳида жой олишини атрофлича тушунтирди. У ўз сўзида Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилгани, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар тўғрисида ҳам маълумот берди.
Мулоқотда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов бугунги кунда 6 гектар майдонда марказ қурилиши жадал давом этаётгани, шунингдек, ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилаётганини таъкидлади. Ушбу марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, мўъжаз музей ташкил этилишини маълум қилди.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов давра суҳбатида сўз олиб, Сурхондарё вилоятида қурилаётган ушбу марказда Ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис илмининг моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, илмий маърузалар ташкил этилишини билдирди.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденов Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Остона саммитида Ўзбекистон Раҳбари томонидан жуда кўп хайрли ташаббуслар илгари сурилганини таъкидлади.
Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Амани ал-Итр хоним Ўзбекистон илмлар маркази, аллома ва авлиёлар замини экани, ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказларидан мисрликлар мамнун эканини билдирди. Ушбу марказларда араб тилини ўргатиш ва Мисрдаги таълим ва илм муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ишларида яқиндан кўмак беришга тайёр эканини изҳор қилди.
Шунингдек, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Хусейн Гулиев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Туякбаев Мурсал-Наби ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, диёримиздаги дин соҳасида ўзгаришлар, янгиланишлар Яратган Парвардигорнинг инъом этган неъматлари эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари ҳозирги кунда қўшни ва хориж мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида қатор амалий ҳаракатлар бўлаётгани ва бундан кейин ҳам ҳамкорлик алоқаларини тараққий эттиришга тайёр эканларини маълум қилиб, мулоқотда иштирок этганлари учун хориж мамлакатлари элчилари ва дипломатларига миннатдорлик изҳор қилдилар.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов иштирок этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Яқинда қариндошларникига меҳмонга борганимизда оила бекаси ташвишли кўринди. Суҳбат орасида ёрилди. Бир йил олдин турмушга узатган қизи яқинда фарзандини дунёга келтирибди. У туғуруқхонага қизини кўргани борса, аёл қуда: “Неварам янги бешикда ётишини хоҳлайман, шунга қараб тайёргарлик кўраверасиз-да”, деб писанда қилибди. Бу гап ёлғиз боши билан оиласини зўрға тебратаётган аёлни ғамга ботирибди. Ахир қудасиникига бешикка қўшиб куёвига ва унинг барча оила аъзоларига сарпо-суруқ ҳам кўтариб бориши керак-да.
Ўйлаб қоласан, келин эрига бола, қайнона-қайнотасига невара туғиб берса-ю, яна унинг ота-онаси муттаҳамдек куёви ва қудаларига хушомад қилиб совға улашишга мажбур бўлса…
Тўғри, ҳадя бериш орадаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Лекин бу вазиятда совға аслида кимга берилиши лозим? Барча эҳтиром тўққиз ой ҳомиласини кўтариб юриб, минг оғриқ-азоб ичида чақалоқни дунёга келтирган келинга қаратилиши керак эмасми?
Афсус, ҳозирги кунда қиз узатган ота-онанинг боши узоқ вақт сарфу харажатдан чиқмайди. Тўйда қилинган келин сеплари, сарпо-суруқлар, мебеллар билан қутулса кошкийди. Невара кўришса, бешик тўйи қилиб беришлари, қуданикида ўтказиладиган оилавий тадбирларга совғалар, суннат тўйида маълум одамларга бошоёқ сарполар, маиший жиҳозлар олиб боришлари урфга айланган. Совғалар бироз камтарона бўлиб қолса, келин ва ота-онасининг боши маломатдан чиқмайди. Юқоридаги мисол айрим куёвларнинг нафақат шаръий ҳукмларни билмаслиги, балки орсизлиги, жоҳила онасининг измидан чиқмаслиги ва у билан бу масалада ҳамфикрлигини ҳам кўрсатади.
Булар – ҳали урфга айлангани учун келин томоннинг елкасига ортиладиган мажбуриятлар. Аянчлиси, хотинининг ота-онасидан турли нарсаларни очиқдан-очиқ тама қилувчи эркаклар ҳам учрамоқда. Аёлига: “Машина сотиб олмоқчиман, отанг ёрдам берворсин”, “Уй қураман, қурилиш материаллари олиб берсин” қабилида талаблар қўяётган боқиманда эрларни ким деб аташ мумкин?
Бир танишимнинг айтишича, келин бўлиб тушганига икки йилча бўлган синглисини эри ва қайнона-қайнотаси ёз бўйи томорқасида ишлатиб, бемор бўлиб қолгач, “қизингиз касалманд экан” деб ота уйига олиб келиб ташлашибди. Мақсад – хотинни даволатишга кетадиган сарф-харажатни унинг ота-онаси зиммасига юклаш. Ахир динимиз аёлни нафақа, бошпана билан таъминлаш, касал бўлса, даволатиш ва бошқа тасарруфларини эрнинг вазифаси этиб белгилаган-ку.
Аллоҳ таоло таълим беради: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак киши оила раҳбари бўлгани учун аҳли аёли, фарзандларини ҳимоя қилишга, уларнинг моддий таъминотига масъулдир. Унинг ҳалол йўл билан бола-чақасини боқиши ибодат бўлиб, бунинг учун ажру савобга эришади.
Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмага ҳам”» (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳалол меҳнат қилиб, оиласига ризқ олиб келадиган эркак дангасалик, боқимандалик оқибатида содир бўладиган гуноҳдан сақланиш билан бирга, ажр-савобга ҳам эришади.
Юқоридаги ҳолатларда эса эркаклар ўзининг оилада раҳбарлигини аёлига ёки фарзандларига ғамхўрлик эмас, зулм қилиш деб тушунмоқда. Улар тезда ўзларини ислоҳ қилмасалар, золим банда сифатида катта гуноҳ орттириб, охиратда мазлумларнинг ҳақини топтагани учун жавоб беришларига тўғри келади.
Исломда нима учун оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада жавоб берилади: “Aллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Бақара сураси, 34-оят).
Ояти каримада эркаклар аёлларга нисбатан жисмонан кучли, оғир-босиқ табиатли этиб яратилгани, шу билан бирга, оиласига нафақа ажратганлари учун уларга раҳбар эканлари айтиляпти. Демак, раҳбарлик учун фақат жисмоний ва ақлий устунлик эмас, олийҳимматлик ҳам зарур. Мухтасар айтганда, эркак киши оиладаги бурчини шариатга мувофиқ адо этса, дунёда ва охиратда яхшиликларга эга бўлади. Масъулиятсизлик эса унга фақат ва фақат бахтсизлик, пушаймонлик олиб келади.
Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкентдаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws