Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

“Бешак билинг дунё барча элдан ўтаро”

18.12.2017   12311   3 min.
“Бешак билинг дунё барча элдан ўтаро”

Вақтнинг моҳияти нимада? деган саволга ҳикмат аҳли шундай зарбулмасал орқали жавоб беради. Вақт гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса – ҳаёт ҳам паришон, бемаъно ва мазмунсиз бўлади.

Вақт – бебаҳо нарса, у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, мол-дунёсини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман.

“Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!…” Фотир сурасининг ушбу оятида инсон азиз умрини, вақтини ғанимат билиши лозимлиги эслатилмоқда.

Улуғ аждодларимиз вақтларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишга интилишган. Шунинг учун ҳам уларнинг бугуни олдинги кунидан, эртаси бугунидан яхши бўлган. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”,  деган мақол мазмунига амал қилишган.

Ҳар биримиз ўтаётган умримиздан ибрат олайлик. Бу кеча ва кундузлар янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму-маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”.

Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир”. (Қоф сураси, 37-оят)

Ҳар бир инсон, у ким ва қандай мавқега эга бўлмасин, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақтларини ғанимат билиши ва ундан унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир киши ҳаётининг мазмун-моҳияти ва ундаги масъулият, вазифасини чуқур англаб олиши мақсадга мувофиқдир. Ўлим ҳақ, қачон бизга йўлиқиши фақат Яратган Аллоҳга аён. Бу кунимиз сўнгиси, қилаётган амалимиз охиргиси бўлиши мумкин. 

Бешак билинг бу дунё барча элдан ўтаро,
Инонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-она, қариндош қаён кетди фикр қил
Тўрт оёқлик чўбим от бир кун сенга етаро.

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,
Ўзгалар молин ема, Сирот узра тутаро.
Аҳли аёл, қариндош, ҳеч ким бўлмайди йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош, Умринг елдек ўтаро.

Қул Ҳожа Аҳмад тоат қил, умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг қаро гил, яна гилга кетаро.

Ботир НОСИРОВ,

Ховос тумани «Ҳуснобод» масжиди имом-хатиби

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Осон, аммо кўпчилик қила олмайдиган амал

29.11.2021   5682   1 min.
Осон, аммо кўпчилик қила олмайдиган амал

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.

БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.

ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.

Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар