Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ва бошқа оила аъзоларига илтифот кўрсатар, меҳр-муҳаббат билан муомала қилар ва баъзида ҳазиллашиб ҳам турар эдилар. Бошқаларга ҳам аҳли оиласига гўзал муносабатда бўлиш лозимлигини уқтирардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлига муомала қилишда сизларнинг энг яхшингизман» ва «Мўминларнинг иймони комилроғи ва хулқи яхшироғи – аҳлига илтифотлисидир» деган сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда ёлғиз қолганларида қандай бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Табассумли ва хушчақчак бўлар эдилар», деб жавоб бердилар.
Аҳли оилаларига чиройли муносабат масаласига доир яна бир мисолни Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдан билиб олиш мумкин:
Оиша розияллоҳу анҳо қўғирчоқ ўйнаб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Қўғирчоқларнинг орасида от ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, бу нима?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Сулаймоннинг оти», деган эдилар, у зот Оиша розияллоҳу анҳонинг гапларига кулиб қўйдилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан югуришда мусобақалашдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бу тўлишишимдан олдин эди. Тўлишганимдан сўнг Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: «Бир-у бир», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларида аҳли оилаларига қарашар, илтифот кўрсатиб, аёлларининг сўзларини берилиб эшитар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўн бир аёл ўз эрларининг яхшию ёмон барча сифатларини бир-бирига рўй-рост айтиб беришга аҳдлашганлари ҳақидаги ҳикояларини эътибор билан эшитган эканлар.
Сут оналари Ҳалима Саъдийя ва эмикдош сингиллари Шаймога ҳам юксак даражада ҳурмат-эътибор билан муомалада бўлганлар. Ана шу ҳурматлари туфайли ҳам уларнинг қабиласи бўлмиш Бану Саъд аҳлига олижаноблик билан муомала қилганлар.
Пайғамбар алайҳиссалом олижаноб зот
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулоқларига шивирлаганини, яъни махфий гапирганини кўрмаганман. У зот муборак бошларини ундан (сўзловчидан) узоқ тутар, у киши ҳам бошини узоқ қилар эди».[1]
Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар дунё ҳақида гап кетса, биз билан қўшилиб, дунёни зикр қилар эдилар. Охиратни эсласак, биз билан қўшилиб, охиратни эслар эдилар. Таом ҳақида гаплашсак, бизга қўшилиб, таом ҳақида гапирардилар».[5]
Яна бир куни бир кампир у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин», деди. У зот: «Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди-ку», дедилар. Кампир йиғлаб, қайтиб кетди. У зот: «Унга айтинглар, у жаннатга кампир ҳолида кирмайди. Чунки Аллоҳ таоло (жаннатга кирадиган аёллар ҳақида) «(Улар) жозибали ва тенгқурдирлар», деган», дедилар. Буни эшитган кампир хурсанд бўлиб кетди. (Воқеа сураси, 37-оят)
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Дардо бирор гап гапирса, табассум қилар эди. Мен унга: «Сиз гапирганингизда одамлар сизни аҳмоқ деб ўйламайдими?» дедим. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўз гапирганларини эшитган ёки кўрган бўлсам, албатта табассум қилар эдилар», деди». Абу Дардо розияллоҳу анҳу бирор сўз гапирсалар, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб табассум қилиб қўяр эди.
Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчсиси
Баратов Ғиёсиддин таржима қилди.
[1] Абу Довуд ривояти.
[2] Табароний ривояти.
[3] Баззор ва Табаронийлар ривояти.
[4] Имом Термизий ривояти.
[5] Аскарий ривояти.
Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун мазҳаб аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриш;
– Динни ўрганишда солиҳ аждодлар изидан бориш;
– Тизимли ва ишончли манбалар асосида илм ўрганиш;
– Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– Турли тоифа, фирқа ва гуруҳларнинг чақириқларига учмаслик;
– Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– Ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, у ерларда катта фитналар урчиб, ўлкалар заифлашган, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва махфий фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри ечим ҳисобланади.
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме масжиди
имом-хатиби Мирзоҳид Умирзоқов
Манба: @Softalimotlar