Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кўп табассум қиладиган инсон эдилар. У зот табассум қилишни Аллоҳга ибодат қилиш даражасига олиб чиққанлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум қилиб қарашинг ҳам садақадир”, деб айтганлар. У зот табассумли эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло у зотга шундай дейди: “Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон сураси 159-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат бўлиб келдилар. Бу раҳматга энг ҳақли инсонлар у зотнинг оиласи, яқинлари, қариндошлари ва саҳобаларидир. У зотнинг пок юзларида ёрқин табассум нур сочиб турар эди. Инсонлар билан кўришсалар уларнинг қалблари асир бўлиб, нафслари бутунлай у зотга мойил бўлар, руҳлари ҳам у зотнинг атрофларида бўлишга ошиқар эди.
Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бужалий розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачон мени кўриб қолсалар, албатта табассум қилар эдилар”, деб айтган. Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадяларидан доимо фархланиб юрар ва уни бошқаларга ҳам айтар эдилар. Жарир розияллоҳу анҳунинг наздида бу гўзал табассум эсда қоларли барча нарсадан қадрлироқ эди. Унинг юзига бир бора кулишлари руҳини яхшилик, меҳр ва садоқатга, қалбини эса бағрикенглик, раҳмат ва дўстликка тўлдирар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулишда, ҳазил қилишда қалби қотган, табиати ўта қаттиқ, қовоғи доим солиниб турадиган киши билан кўп куладиган, ҳазили кўп киши орасида эдилар. У зот маълум бир муносабатларда кулар эдилар, ҳатто баъзида озиқ тишлари ҳам кўриниб қоларди. Лекин кулишда таналари қимирлаб кетадиган, кулганидан бир томонга ёнбошлаб қоладиган даражада бўлмас эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўп кулма! Чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради”, деб айтганлар.
Яна шундай ривоятилар келади, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ҳазил қилганлар. Мана шундан воқеалардан бирида саҳобалардан бири у зотга: “Эй Расулуллоҳ, мени бир туяга миндирсангиз-чи”, деб айтди. Шунда у зот: “Мен сенга фақат туянинг боласини раво кўраман”, деб айтдилар. Сўраган киши хафа бўлгандай ортига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақиртиришларини буюрдилар. У келгач: “Туя фақат туя туғадими?!” дедилар. (Яъни туянинг боласи ҳам туя эканини назарда тутдилар).
Бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, жаннатга киришини Аллоҳдан дуо қилишларини илтимос қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга кампирлар кирмайди!”, дедилар. Бу сўздан кампир ҳафа бўлиб, ортига кетаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима сен, Аллоҳ таолонинг: “Биз улaрни (ҳурлaрни) дaфъaтaн пaйдo қилдик (oнaдaн туғилмaдилaр). Сўнг улaрни бoкирa қизлaр қилдик. (Улaр) жoзибaли вa тeнгқурдирлaр”, деган сўзини эшитмаганмисан?”, деб айтдилар.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳродан жонлиқ етаклаб келиб турган эдилар, Азмеҳр (бир ривоятда исми Зоҳир) исмли бир киши ҳузурларига келиб қолди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зоҳир бизнинг чўлимизда, биз эса, унинг шаҳрида юрибмиз”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жуда яхши кўрар эдилар. Бир куни Зоҳир бозорда молини сотаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг орқасидан қучоқладилар. Шунда у: “Эй ким бўлсангиз ҳам қўйиб юборинг”, деб айтди. Қучоқлаган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларини билгач, У зотнинг муборак кўкракларидан маҳкам қучоқлаб олди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ким сотиб олади бу қулни”, деб айта бошладилар. Зоҳир: “Аллоҳнинг Расули, мени сотганингиз билан фойда кўрмаймиз, балки мен сизни касодга учратаман”, деди. Шунда У зот: “Лекин сен Аллоҳнинг ҳузурида касодга учратувчи эмассан”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табассумлари Роббиларига бўлган итоатлари эди. Шунингдек, унда бўйсуниш ва гўзал ўрнак ҳам бор. У зотнинг кулгулари ўйин, бекорчиликдан вақтни ўтказиш учун бўлмас эди.
Сафарга чиқатуриб, уловларини минаётганларида сафар дуосини қилдилар, сўнг: "Эй Аллоҳ, менинг гуноҳларимни мағфират қил! Чунки дуоларни фақат Сенгина кечирасан”, деб айтдилар. Кейин бироз табассум қилдилар. Атрофларида саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Нима сабабидан куляпсиз”, деб сўрашди. У зот: “Раббингиз қачонки бандаси: “Эй Аллоҳ, менинг гуноҳларимни мағфират қил! Чунки дуоларни фақат Сенгина кечирасан”, деб айтса, У Зот азза ва жалла: “Бандам мендан бошқа гуноҳларни кечирувчи зот йўқлигини билар экан”, дейди” деб айтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрларини кўтариб, ҳатто У зотнинг кулгуларини китобларда энг ажойиб ибратли қиссалар этиб сақлаб қўйган Зот барча айб-у нуқсонлардан покдир. У зотнинг даражаларини кўтариб, ҳазил қилишларини энг ишончли кишилар гўё фарз амални ривоят қилганларидек, бир-бирларидан ривоят қилиб юрадиган қилиб қўйган Зот олийдир. У зотга, саҳобаи киромларига, оилаларига Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин!
Муҳаммадяҳёхон ХЎЖАЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан