Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг фазли билан Ислом неъматига эришди. У зот бутун вужуди билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрар, қалби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муҳаббатига лиммо-лим тўла эди. Бу муҳаббат Ибн Умар розияллоҳу анҳуни барча ишларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашга чорларди. Шунинг учун, у доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кузатиб, сўзларини ихлосу муҳаббат билан тингларди. Ҳатто масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай руку ва сажда қилиб намоз ўқисалар, у ҳам худди шундай ибодат қиларди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилган. Унинг ҳадис ривоят қилишда асосий мезони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай эшитган бўлса шундай етказиш эди. У зот алайҳиссаломнинг сўзларига бирор сўзни қўшмасди. Шунингдек, бирор калимани камайтирмас эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу вақт ўтиши билан ҳадис ривоят қилишда саҳобийларнинг омонатдорларидан бирига айландилар.
Зубайр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима эшитса, уни ёдлаб оларди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор суҳбатларида қатнаша олмаса, гувоҳ бўлганлардан сўрар эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борган масжидларни зиёрат қилиб, у ерда икки ракат намоз ўқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж мавсумида Арофат тоғида турган жойга Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам, албатта, тўхтарди”.
Набий алайҳиссалом сафарга чиққан пайтда, ҳордиқ чиқарган жойларда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам тўхтаб ўтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сояланган дарахтнинг остида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тўхтар ва ўша дарахтга сув қуйиб парвариш қилиб кетарди. Натижада дарахт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдидан ўтган пайтдагидек узоқ вақт яшнаб турарди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дуо қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қиларди. Агар у зот (алайҳиссалом) туриб дуо қилсалар, тик турар, ўтириб илтижо қилсалар ўтириб дуо қиларди.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан эргашар эди. Бундан Ойша розияллоҳу анҳо қаттиқ таъсирланиб бундай деган экан: “Бирор киши Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дек Набий (алайҳиссалом)нинг ортларидан эргашган эмас”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёд этиб, сўз бошласа кўзлари ёшга тўларди. Аҳли байтнинг уйларини олдидан ўтса, кўзларини юмиб оларди. Дарҳақиқат у зот розияллоҳу анҳу бутун умри давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиб яшади. У зот алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида садоқат билан хизмат қилди. Бир мўмин бундай дуо қиларди: “Ё Аллоҳим! Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга эргашишим учун, унинг умрини узун қилгин. Зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек амалларни мукаммал бажарадиган бошқа одамни билмайман”.
Манбалар асосида
Зомин тумани “Хўжа Рўшноий”
жоме масжиди имом-хатиби
Абдулғофур МАМАТҚУЛОВ
тайёрлади.
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ