Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхонидан туриб ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб,
қалб роҳати – таровеҳ намозини адо этишди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.
Аллоҳга беҳисоб шукр, бу йилги Рамазон кунлари ва тунлари жуда файзли ва мароқли ўтди. Айниқса, бу моҳи шарифнинг муборак айёмларини ғанимат билиб, қўлдан келганича рўза тутиб, нафс тарбияси билан машғул бўлдик. Ҳадиси шарифга амал қилиб, тилни ёлғон, ғийбат ва беҳуда гаплардан тийиш, тана аъзоларини турли гуноҳ ва маъсиятлардан сақлашга ҳаракат қилдик. Қутлуғ ойда 1,5 мингдан ортиқ жомеда Қуръони карим хатм қилинди. Мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлди. Уламоларимиз ва имом-хатибларимиз намозхонларга бу ойда кўпроқ ваъз-насиҳатлар қилишди. Бундай саодат Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар мевасидир, десак, айни ҳақиқатдир.
Жорий Рамазон ойи халқимиз учун эсда қоларли ва меҳр-мурувват, хайру саховатга бой ўтди. Юртимиз бўйлаб ҳар бир маҳаллада муҳтож оилалар ва бева-бечоралар, етимлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ифторлик дастурхонлари ёзилди, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундай эзгу ишлардан яна бири Юртбошимизнинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлови билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг 1400 нафари умра зиёратини адо этиб қайтдилар. Бу яхшиликлар қаторида ҳудудларда ўнлаб масжидлар янгидан иш бошлагани минглаб намозхонларнинг қувончига сабаб бўлди.
Албатта, бундай улуғ неъматларнинг қадрига етиб, динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Ҳайит кунлари маҳаллалар, хонадонлар тоза-озода ҳолга келтирилади. Қариндош-уруғлар, етимлар, бевалар, кекса ва имконияти чекланган инсонлар, беморлар ҳолидан яна бир карра хабар олиниб, уларнинг кўнглини кўтариш, оғирини енгил қилишга кўмак лашилади.
Рамазон ҳайитини дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсат.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу – Ийд куни бизнинг байрамимиздир”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” асарида шундай деган: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”.
Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар, У зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати туфайли хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир. Аллоҳ таоло ўз Каломида: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”, деб марҳамат қилган (Юнус сураси, 58-оят).
Аллоҳнинг фазлидан хурсанд бўлиш ҳам У зотга қурбат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир” (Имом Бухорий ривояти), деганлар.
Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Рамазон ойида ҳар кунги саҳарлик ва ифтор пайтларида оммавий ахборот воситалари, хусусан, радио ва телевидение каналлари орқали уламоларимизнинг чиқишлари мунтазам бериб борилгани халқимиз маънавияти, маърифати йўлида ҳар қандай улуғвор тадбирдан ҳам кўра самаралироқ таъсирга эга бўлди, десам асло янглишмаган бўламан.
Албатта, ўзагини “адаб” тушунчаси ташкил этадиган адабиёт намояндалари – юксак адаб соҳибларининг тафаккуридан, қалб қўридан дунё га келган асарлар ҳам халқимиз миллий тафаккури юксалишида нечоғли аҳамиятга молик эканини инкор этиб бўлмайди.
Ўзбек зиёлиларининг, тафаккур соҳибларининг минбари бўлиб келган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси диний йўналишларга энди-энди изн берилаётган кезларда ҳам Ислом маърифатига хизмат қиладиган мақолаларга бағрикенглик ва дадиллик билан жой берганини, диний уламоларимиз билан суҳбатлар уюштирилганини барчамиз яхши эслаймиз. Муборак ҳадисларни сатрларга солган шеърият мулки султони Алишер Навоий бобомизнинг эътиқоду иймонда собитлиги ҳам барчамизга ўрнак эканини инобатга оладиган бўлсак, миллий адабиётимизнинг Ислом маънавияти, маърифати йўлидаги беқиёс хизматларини тасаввур этиш қийин эмас. Ул зотнинг “Назм ул-жавоҳир” асарининг “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” каломи
билан бошланган “Муқадимма”сида Аллоҳ яратган нарсаларнинг қадр-қиммати ҳақида ажойиб бир рубоий бор :
Бир заррани меҳри
зарфишон васф этмиш,
Бир қатрани баҳри
беканор васф этмиш,
Бир хастани Исойи
замон васф этмиш,
Бир бандасини шоҳи жаҳон
васф этмиш.
Кўринадики, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган халқ манфаати, инсон қадри тушунчалари илдизлари муқаддас динимиз орқали улуғ аждодларимиз қарашларида ҳам ўз аксини топган экан. Ҳар бир инсон ўз камолоти йўлида саъй қилса, уни албатта, “шоҳи жаҳон васф этади”. Рамазон ойи заҳматлари шу йўлда қалбимизга бахш этган фароғатлар барчамизга муборак бўлсин.
Ҳа, Рамазон байрами иймон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрами. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларга тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийди. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қилади.
Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетасининг 2023-yil 21-aprel, 15-сонидан олинди.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси