Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларни тарбия қилиш, парваришлашга тарғиб қилганлар ва улар ҳимоясининг ҳақи тўғрисида ҳам огоҳлантирганлар, ўзлари ҳам бу ахлоқи ҳамидага амал қилиб, етимлар ҳимоясида ўрнак бўлганлар.
Умму Саийд бинти Муррадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз етимини ёки бегона етимни кафолатига олиб, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади” дедилар ва икки (кўрсатгич ва ўрта) бармоқларига ишора қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).
Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича тарбия қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ривояти).
Мулоҳаза қилсангиз, бошдаги сочнинг саноғи минг-минглабни ташкил этади. Ким етимга меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаса, ўша соч толаси баробарида ажр-мукофот ваъда қилиняпти. Бу албатта, етимнинг бошини силаганга, аммо унинг бошини силашлик билан бир қаторда унга таълим-тарбия, озиқ-овқат, кийим-бош, айни пайтда, бошпана берган, умрини унинг камолга етишига сарф қилган саховатпеша инсонлар оладиган ажру мукофотнинг ҳисобига етиб бўлмаса керак. Хусусан, етимпарвар хонадонга берилган баҳони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан ўқиб кўрганингиздан кейин ўша хонадонга муҳаббатингиз, ҳурматингиз ошмай қолмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг яхши хонадон етими бор хонадан деб таъриф бердилар.
Бинобарин, ҳар бир хонадон жамиятнинг ана шу қатламига эътибор қаратса, қанчалар мукофотга эга бўлиши ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Унинг хонадони хайрли хонадонга айланиши, ўзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда икки бармоқ каби яқин бўлиши унинг жаннати эканлигининг хушхабари эмасми? Ахир дунёда яхши амалларни қилиб, жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлишдан кўра, яхшироқ нима бор?! Бундан-да зиёдароқ яхшилик қилиш мумкинми?
Айни шу ваъдага эътиборан етимга кафил бўлган инсон имон-ибодатлари билан биргаликда жаннати эканининг ваъдаси бериляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни албатта жаннат эшиги олдида туриб, ўз умматларини чорлашлари айни ҳақиқатдир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Наманган вилояти Бош имом-хатиби.
1. Аллоҳга тақво қилишни тижорат деб бил, шунда у сенга молсиз фойда келтиради.
2. Ўзингни сенга муҳтож бўлмаган, лекин сен унга муҳтож бўлган кишининг ўрнига қўй.
3. Харсанг тошларни жойидан кўчириш, онгсиз одамга англатишдан осонроқдир.
4. Жаннатни талаб қилишда олий ҳимматли бўл.
5. Аллоҳдан шундай умид қилки, у билан Унинг макридан омонда бўлма ва Аллоҳдан шундай қўрқки, у билан Унинг раҳматидан умидсиз бўлма.
6. Мен ҳеч қачон сукутдан афсусланмадим. Агар гап кумуш бўлса, сукут — олтин.
7. Ҳикмат камбағалларни подшоларнинг мажлисларида ўтказган.
8. “Ё Роббим, мени мағфират қил” — деб кўп такрорла, зеро Аллоҳнинг бир соати борки, у вақтда сўровчи рад этилмайди.
9. Ким ёлғон гапирса, юзининг сувини (обрўйи) кетади, кимнинг хулқи ёмон бўлса, ғам-ташвиши кўпаяди.
10. Аллоҳдан қўрқ, лекин қалбинг фожир бўлатуриб, одамлар сени ҳурмат қилишлари учун ўзингни уларга Аллоҳдан қўрқадиган қилиб кўрсатма.
11. Амал фақат яқиний ишонч (эътиқод) билангина мукаммал бўлади, кимнинг эътиқоди заиф бўлса, амали ҳам заиф бўлади.
12. Ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўл, зеро у пиширилган чумчуқ гўшти каби иштаҳалидир, лекин кўп ўтмай эгасини ичини ёндиради.
13. Мажлисни кўзинг билан кўриб танла, агар Аллоҳ зикр қилинадиган мажлис бўлса, у ерда ўтир. Агар олим бўлсанг, илминг наф беради, агар жоҳил бўлсанг, сенга ўргатишади, агар Аллоҳ у мажлисга раҳматини нозил қилса, сен ҳам шу раҳматдан баҳраманд бўласан.
14. Қарздорликдан эҳтиёт бўл, чунки у кундузи хорлик ва тунда ғамдир.
15. Тўқлик устига овқат емагин — чунки ундай таомни егандан кўра итга ташлаган яхшироқ.
16. Агар шайтон сенга шубҳа ва гумон орқали келса, уни яқиний ишонч ва насиҳат билан енг, агар у танбаллик ва зерикиш томонидан келса, қабр ва қиёматни эслаб енг, агар у хоҳиш ва қўрқув томонидан келса, унга дунё тарк этиладиган ва қолдириладиган нарсадир, деб айт.
17. Тилингдан чиққан гапларга эҳтиёт бўл, сукут қилган киши омонда бўлади, фақат фойдаси бор гапларни гапир.
18. Юзингни ниқоблашдан (яъни шубҳали қиёфадан) сақлан — чунки, у кечаси одамларни қўрқитади, кундузи эса хўрлик келтиради.
19. Мен тош, темир ва оғир юкларни кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўрмадим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ