Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Май, 2025   |   18 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:04
Пешин
12:24
Аср
17:25
Шом
19:39
Хуфтон
21:08
Bismillah
16 Май, 2025, 18 Зулқаъда, 1446

Шайтоний ҳою-ҳавасдан холи зот

14.12.2017   5951   1 min.
Шайтоний ҳою-ҳавасдан холи зот

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳалима онамизнинг тарбиясида юрган вақтларида инсон ақлига сиғмайдиган ғоят ғаройиб ҳодиса юз беради. Расулуллоҳнинг кўкраклари ёрилиб, қора нуқта – шайтон васвасаси олиб ташланади. Бу воқеадан қўрқиб кетган Ҳалима онамиз у кишини оналарига топшириб, бўлиб ўтган воқеани бундай баён этади:

“Муҳаммад болалар билан уйимизнинг орқасида ўйнаб юрган эди, тўсатдан ўғлим югуриб кириб, қурайшлик укамни оқ кийимли икки киши ушлаб олиб ерга ётқизишди, кейин қорнини ёриб, бир нарса билан ичини титкилашяпти, деди. Отаси иккаламиз чиқиб қарасак, унинг рангида ранг йўқ. Бағримизга босиб: "Нима бўлди, ўғлим?" деб сўрадик. У: "Оқ кийимли икки киши келди-да, бири мени кўрсатиб: "Шуми?" деди. Униси бош ирғаб тасдиқлади. Кейин икковлашиб ерга ётқизди. Кўкрагимни ёриб, титкилай-титкилай бир нимани олиб ташлашди. Нимани олиб ташлашганини билмайман",  деди.

Шу кундан эътиборан Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсонни йўлдан оздирадиган шайтоний ҳою-ҳаваслардан халос бўлган эдилар.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-ноиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

14.05.2025   3086   4 min.
Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари тўғридан-тўғри ва онлайн тарзда иштирок этишди. Дастлаб, Лондон қироллик коллежи Археология бўлими илмий ходими, доктор Милиана Радивоевич Наманган вилоятидаги Ахсикент мавзеида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаси билан таништирди.

 

 

Милиана Радивоевич узоқ йилларда бери мамлакатимизда олиб борилаётган археологик тадқиқотларда фаол иштирок этиб келади.

— Ахсикент дунёдаги энг қадимий металлургия марказларидан бири ҳисобланади. Мен ўзбекистонлик, кипрлик ва буюк британиялик ҳамкорларимиз билан бирга Ахсикентда илк ўрта асрларда металлургия юқори даражада ривожланганини аниқладик. Жумладан, ислом оламининг дастлабки даврида тайёрлана бошлаган машҳур Дамашқ қиличлари ҳам айнан Ахсикентда қазиб олинган ва қайта ишланган пўлатдан фойдаланганини исботладик. Насиб этса, Марказнинг очилиши маросимида бу тарихий воқеани алоҳида медиалойиҳа сифатида тақдим этамиз, — деди у.

 

ИЦМ халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Екатерина Соболева Кенгаш аъзоларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши маросими концепцияси билан таништирди. Унда ушбу маросим доирасидан жой олган тадбирлар, “Ўтмишнинг боқий мероси – буюк келажак асоси” мавзусидаги IX конгресс кун тартиби, иштирокчилар рўйхати, Имом Бухорий мажмуасининг янги биноси ва инновацион музейи сингари қатор  масалалар ўрин олган.

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Марказнинг очилиши муносабати билан ўтказиладиган Халқаро кўргазма, хориждан олиб келинадиган қўлёзмалар, экспонатлар ҳақида маълумот берди. Хорижий мамлакатлардаги қатор музей ва кутубхоналар, шахсий коллекциялар раҳбарларнинг ушбу кўргазмасидаги иштироки бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини қайд этди. 

 

— Биз 25 апрель-2 май кунлари Буюк Британиянинг “Сотбис” ва “Кристис” аукционларидан Ўзбекистон маданий меросига оид 46 та лотни сараладик, — деди Марказ раҳбари. — Айни пайтда уларни сотиб олиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар давом этяпти. Биз бу тарихий меросни қайтадан қўлга киритаётганимизни жаҳон илмий жамоатчилигига етказишимиз керак. Шу боис, Буюк Британия ва Францияда шу масалада халқаро тадбирлар ўтказишни режалаштиряпмиз.

 

 

Кенгаш аъзолари томонидан ушбу йирик анжуманларга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар рўйхати ҳам тақдим этилди. Кенгайтирилган илмий кенгаш аъзолари томонидан ушбу халқаро тадбирларда иштирок этадиган ўзбекистонлик олимлар ва экспертлар рўйхати тасдиқланди. 

 

Кенгаш давомида, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Алишер Эгамов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги музей фондларидан Марказ экспозициясида намойиш қилиш учун тўпланган тарихий экспонатлар ҳақида маълумот берди. Март-апрель ойида жойларга уюштирилган экспедициялар натижасида 1500 дан ортиқ тарихий экспонатлар аниқланган. Мамлакатимиз тарихининг турли даврларига мансуб бу тарихий буюмлар орасидан сараланганлари Марказнинг очилиши муносабати билан ўтадиган халқаро кўргазмадан жой олади.

 

Шунингдек, Марказ экспозицияси учун 2-тоифали медиалойиҳаларнинг илмий-амалий материаллар базасини яратиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бошқа бир қатор масалалар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Кенгаш учрашувида Марказ ҳамда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти қўшма лойиҳаси - "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомларнинг 81-90 жилдларини нашр қилиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, нашрга тайёрланаётган еттита совғабоп китоб-альбом ҳақида маълумот берилди.

 

Бундан ташқари учрашувда Кенгаш аъзолари Қуръони карим залининг янги дизайнини ҳам тасдиқлашди.

 

— Қуръон зали бинонинг марказий қисмидан ўрин олгани учун унинг дизайнига алоҳида эътибор бериляпти, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бошлиғи Азимжон Ғафуров. — Биз Кенгаш аъзолари эътиборига Ҳазрати Усмон Қуръони жойлаштириладиган айвон устида жойлашадиган нурли инсталляциянинг икки хил кўринишини тақдим қилдик. Йиғилишда энг мақбул вариант танланди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифи чоғида халқаро ҳамкорлар, жумладан, дунёнинг етакчи музейлари, кутубхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Марказ биносининг иккинчи қаватини халқаро ташкилотлар ваколатхоналари учун хоналар ажратиш, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази учун алоҳида янги бино қуриш тўғрисидаги қарорнинг муҳим бандларидан бири бўлди. Қирққа яқин асосий ҳамкор давлатлар мавжуд. Марказнинг иккинчи қаватида уларнинг фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилиб, замон талаби даражасида ташкил этиш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги кенгайтирилган илмий кенгаши жараёнида алоҳида таъкидланди.

МАҚОЛА