Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Расулуллоҳ қандай рўза тутганлар?

13.12.2017   9892   2 min.
Расулуллоҳ қандай рўза тутганлар?

Абдуллоҳ ибн Шақиқ дедилар: «Мен Ойша (р.а.)га Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг рўзалари ҳақида савол қилдим. Ойша онамиз дедилар: “Расулуллоҳ  (с.а.в.) баъзи ойларда шундай рўза тутар эдиларки, биз энди бу ойда оғиз очмасалар керак, дер эдик. Баъзи ойларда шундай оғиз очиқ юрар эдиларки, биз энди бу ойда рўза тутмасалар керак, дер эдик. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларидан кейин ҳеч бир ойни бутун рўза билан ўтказмадилар. Магар танҳо Рамазон ойини тўлиқ тутар эдилар».

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хеч бир ой рўзасини Шаъбон каби кўп тутганларини кўрмадим. Шаъбонда шундай рўза тутар эдиларки, озгина кун тутолмай қолар эдилар. Балки баъзи вақтларда бутун Шаъбонни рўза билан ўтказар эдилар».

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) аксари душанба ва пайшанба кунларининг рўзасига эҳтимом қилар эдилар”.

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи ойда шанба, якшанба ва душанба кунларида рўза тутар эдилар. Баъзи ойда сешанба, чоршанба кунларида рўза тутар эдилар».

***

Муоз (р.а.) дедилар: «Мен Ойша (р.а.)дан сўрадим: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар ойда уч кун рўза тутар эдиларми?” Дедилар: “Ҳа”. Мен дедим: “Қайси кунлари тутар эдилар?” Дедилар: “Қайси кунлар бўлишида парво қилмас эдилар (Яъни, тўғри келган кунларда тутаверар эдилар)”.

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Ашуро куни (яъни, муҳаррамнинг ўнинчи куни) Қурайш жамоаси рўза тутар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ҳижратдан илгари ўша куни нафл рўза тутар эдилар. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам тута бошладилар. Умматга ҳам тутишлари вожиб эканини эълон этдилар. Кейин Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг вожиблиги мансух қилинди ва мустаҳаблиги боқий қолди. Энди ким хоҳласа тутиб, ким хоҳламаса тутмайдиган бўлди».

“Шамоили Муҳаммадия” китобидан

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

09.09.2026   40270   2 min.
Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.

Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.

Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.

Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.

Ибратли ҳикоялар