Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганларида, ансорийларнинг ҳар бири у зотни меҳмон қилиш орзусида эди. Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг туяси жиловига осилиб олиб, у зотни уйига таклиф этишарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жиловни қўйиб юборишларини ўтиниб сўрар, туя қаерга чўкса, ўша уйга тушажакларини айтардилар. Ниҳоят туялари у зотнинг қариндошлари Адий ибн Нажжор маҳалласига етганида Абу Айюб Холид ибн Зайид Ансорийнинг эшиги олдида тўхтаб чўккалади (Холид Муовия розияллоҳу анҳу халифалик даврида Истамбулни олиш учун бўлган жанг чоғида шаҳид бўлиб, шаҳар ташқарисига дафн этилган).
Расулуллоҳ алайҳиссалом туяларидан тушдилар ва: "Иншоаллоҳ турар жойимиз шу ер бўлади. Эй Раббим, мени муборак ерга туширгин, сен ҳамиша қутлуғ жойни ато этгувчисан", дедилар. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг нарсаларини ичкарига олиб кирди, Асъад ибн Зурора эса туяга емиш бериш учун уйига олиб кетди. Бани Нажжор маҳалласининг қизалоқлари Расулуллоҳни қўшиқ айтиб кутиб олишди. "Мени яхши кўрасизларми?" деб сўрадилар Сарвари олам. Қизлар "ҳа" деб жавоб қайтаришди. "Худо ҳаққи, мен ҳам сизларни жон-дилимдан яхши кўраман", дедилар у зоти муборак.
Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйи икки қават бўлиб, Расулуллоҳга иккинчи қаватни муносиб кўрди, бироқ у киши зиёратчилар билан кўришиб, суҳбатлашишнинг қулайлиги учун пастда туришни ихтиёр этдилар. Мезбон келим-кетим кўпайиб чанг-тўзон, дам-бадам сепилган сувлардан ҳовур кўтарилиб Расулуллоҳ озор чекишларидан ташвишланган эди. Чиндан ҳам кунларнинг бирида сув солинган хум синиб кетди. Эр-хотин Расулуллоҳнинг устларидан чакка ўтмасин деб сувни кўрпага шимдириб олишди. Шундан кейин қўярда-қўймай Расулуллоҳни юқориги қаватга кўчириб чиқишди. Биринчилардан бўлиб, ансорларнинг катталаридан Саид ибн Убода, Асъад ибн Зурора, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумнинг оналари турли-туман ширин овқатлар пишириб келишди.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
“Пул емас ота” жоме масжиди имом-ноиби
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими