Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июн, 2025   |   3 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:52
Пешин
12:26
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
28 Июн, 2025, 3 Муҳаррам, 1447

Расулуллоҳ алайҳиссалом яшаган муборак уй

13.12.2017   7004   2 min.
Расулуллоҳ алайҳиссалом яшаган муборак уй

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганларида, ансорийларнинг ҳар бири у зотни меҳмон қилиш орзусида эди.  Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг туяси жиловига осилиб олиб, у зотни уйига таклиф этишарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жиловни қўйиб юборишларини ўтиниб сўрар, туя қаерга чўкса, ўша уйга тушажакларини айтардилар. Ниҳоят туялари у зотнинг қариндошлари Адий ибн Нажжор маҳалласига етганида Абу Айюб Холид ибн Зайид Ансорийнинг эшиги олдида тўхтаб чўккалади (Холид Муовия розияллоҳу анҳу халифалик даврида Истамбулни олиш учун бўлган жанг чоғида шаҳид бўлиб, шаҳар ташқарисига дафн этилган).

Расулуллоҳ алайҳиссалом туяларидан тушдилар ва: "Иншоаллоҳ турар жойимиз шу ер бўлади. Эй Раббим, мени муборак ерга туширгин, сен ҳамиша қутлуғ жойни ато этгувчисан", дедилар. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг нарсаларини ичкарига олиб кирди, Асъад ибн Зурора эса туяга емиш бериш учун уйига олиб кетди. Бани Нажжор маҳалласининг қизалоқлари Расулуллоҳни қўшиқ айтиб кутиб олишди. "Мени яхши кўрасизларми?" деб сўрадилар Сарвари олам. Қизлар "ҳа" деб жавоб қайтаришди. "Худо ҳаққи, мен ҳам сизларни жон-дилимдан яхши кўраман", дедилар у зоти муборак.

Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйи икки қават бўлиб, Расулуллоҳга иккинчи қаватни муносиб кўрди, бироқ у киши зиёратчилар билан кўришиб, суҳбатлашишнинг қулайлиги учун пастда туришни ихтиёр этдилар. Мезбон келим-кетим кўпайиб чанг-тўзон, дам-бадам сепилган сувлардан ҳовур кўтарилиб Расулуллоҳ озор чекишларидан ташвишланган эди. Чиндан ҳам кунларнинг бирида сув солинган хум синиб кетди. Эр-хотин Расулуллоҳнинг устларидан чакка ўтмасин деб сувни кўрпага шимдириб олишди. Шундан кейин қўярда-қўймай Расулуллоҳни юқориги қаватга кўчириб чиқишди. Биринчилардан бўлиб, ансорларнинг катталаридан Саид ибн Убода, Асъад ибн Зурора, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумнинг оналари турли-туман ширин овқатлар пишириб келишди.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-ноиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Агар болам тузалиб кетса...

27.06.2025   5364   1 min.
Агар болам тузалиб кетса...

Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.

Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази