Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати мусулмоннинг имонига чиндан ҳам озиқ бўлади. Агар мусулмон кишининг имони зиёда бўлса, Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ҳам зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш – тоат ва қурбатдир. Дарҳақиқат, шариат Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатини вожиботлардан санайди.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар.
Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатини қуйидагиларни билиш билан ҳосил қилиш мумкин.
Биринчи: у зот Роббимиз ихтиёр қилган ва танлаган, инсонларга Аллоҳнинг динини етказиш учун бутун оламга юборилган Расулдир. Аллоҳ таоло яхши кўргани учун уни танлади ва ундан рози бўлди. Агар Аллоҳ ундан рози бўлмаганида уни танламаган бўларди. Аллоҳ яхши кўрган кишини яхши кўрмоқлигимиз, рози бўлган кишидан рози бўлмоқлигимиз бизга вожибдир. У зот Аллоҳнинг дўсти эканини билмоғимиз лозим. Ваҳоланки, дўстлик олий мартаба ва у муҳаббатнинг энг юқори даражасидан-да олийдир.
Жундаб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан беш кун олдин қуйидаги айтган сўзларини эшитдим. “Мен Аллоҳдан сизлар орангиздан бир халил (дўст) бўлишини рухсатини сўраган эдим. Аллоҳ мени худди Иброҳим алайҳиссаломни дўст тутгани каби дўст тутди. Агар умматимдан халил тутганимда Абу Бакрни ана шундай қилган бўлар эдим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Раббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ислом умматининг ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин шахс экани аён бўлмоқда. Умматга бу намунадир!
Иккинчи: Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни танлаган манзилини билмоқлигимиз лозимдир. Чунки ул зот башариятнинг энг афзалидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир пайғамбарнинг (ижобат этилиши аниқ бўлган) дуоси бор. Мен эса, иншоаллоҳ, ўша дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун яшириб қўйишни хоҳладим”, дедилар”.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен жаннатга одамларнинг биринчиси бўлиб (кирувчиси), шафоат қилувчисиман. Ва яна мен пайғамбарлар ичида энг кўп эргашилувчисиман», дедилар.
Учинчи: бизга динни етказишда машаққат ва қийинчиликка йўлиққанини билишимиз лозим. Худди шундай бўлган ҳам. Расулуллоҳнинг мушриклар томондан озорлангани, сўкилгани, урилгани, ҳақоратланганини, яқин қариндошлари ул зотдан юз ўгирганини, ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб туҳмат қилинганини билмоғимиз вожиб. Буларнинг барчаси бизга етиб келадиган диннинг ўчоғини ўчириш учун ул зотни урдилар, аҳлидан, диёридан чиқардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эргашилувчи намунадирлар. У зот бошларига ичак-чавақ ташлаб юборилди, оёқлари қонатилди, юзлари ёриб юборилди, ҳовлиларига қамал қилиб қўйилганидан дарахт баргларини еб кун ўтказдилар, ўзлари туғилиб ўсган Маккадан ҳайдаб чиқарилди, олди тишлари синдирилди.
Тўртинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча суннатларини қанчалик оғир ёки енгил бўлса-да, уни одамлар хуш кўрса-да хуш кўрмаса-да, жиддий бажармоқлигимиз лозим. Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбадир. Чунки у Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуидир.
Аллоҳ таоло кўпгина оятларда мўминларни аввало Ўзига итоат қилишга амр қилганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келган.
Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш –суннатларига амал қилиш билан бўлади.
Шу билан бирга ул зотнинг аҳли байтларини, мўминларнинг оналарини, хулофои рошидинларни, ансорлар ва муҳожирларни ҳам яхши кўришимиз ва ҳурмат қилмоғимиз лозим. Абу Шайх розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Одамларга нима бўлдики, аҳли байтимни (камситиб), менга озор етказишяпти. Аллоҳга қасамки, банда то мени суймагунича мўмин бўлолмайди. То зурриётимни яхши кўрмагунича мени яхши кўролмайди» (Имом Ҳоким ривояти).
Энг маҳбуб хотинлари Оишаи Сиддиқани зинода айбланганини, саҳобаларидан етмиштаси қатл этилганини, ўғилларидан айрилганини, Умар розияллоҳу анҳу қонга белаб ўлдирилганини, Усмонрозияллоҳу анҳуга суиқасд этилганини, Алига розияллоҳу анҳуга найза санчилганини, умматни кўплаб олимлари қийноққа солиб зиндонга ташланганини билмоғимиз лозим.
Бешинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва тўғри йўлни тутган саҳобалар яхши кўрган нарсаларни яхши кўрмоғимиз лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ўзларинигизга мендан кейин менинг ва хулофои рошидиннинг йўлларини лозим тутинглар”, дедилар. Кекса уломаларимиз: “Кимки бирор кишини яхши кўрса, унинг яхши кўрган нарсаларини ҳам яхши кўради ва унга ўхшашга, тақлид қилишга ҳаракат қилади”, деганлар.
Олтинчи: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”, деган васиятига биноан, диннинг асл моҳиятини ул зотдан кейинги умматга етказмоқлигимиз, баъзи ҳукмни олиб бошқасини тарк қилмаслигимиз, ижтимоий ҳаётда динни бекитмасдан очиқ баён этмоғимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга динни ўргатганларида “Огоҳ бўлинг, етказдимми?”, деганларида, саҳобалар: “Ҳа” деб жавоб берардилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим ўзинг гувоҳсан. Сизлардан шоҳид бўлганлар ғойибларга етказсин”, деб динни тўлиқлигича етказдилар.
Ана шуларни пухта билишимиз Расулуллоҳнинг муҳаббатини ҳосил қилишга ноил қилади, иншоаллоҳ.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби