Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

08.12.2017 й. Конституция – давлатчилигимиз асоси

05.12.2017   9885   11 min.
08.12.2017 й. Конституция – давлатчилигимиз асоси

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам азизлар! Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллик тантанаси кунидир. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи ҳужжат бўлмиш Бош қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди.

Ҳар бир давлатнинг шаклланишида Конституциянинг ўрни беқиёсдир. Бош Қомусимиз миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос бўлган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган. Конституция миллий давлатчилигимизнинг рамзи сифатида инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқий қонуний манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бош қомусимизда баён этилган тамойиллар ҳар бир инсон ўзини чинакам бахтиёр хис этиши, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган. Бинобарин, Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Бошқа махлуқотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади.

Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан юртимиз мусулмонлари асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар. Хусусан, ушбу ҳужжатда виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилди.

Ислом таълимотига кўра, дин инсонни ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Ислом бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди.

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларни эмин-эркин, ўзаро аҳил ва иноқликда ер юзини обод қилиб яшашга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

 (سورة النحل/90)

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динида жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар аниқ  ва равшан белгилаб берилган.

Мамлакатимизда 16 та диний конфессия расмий рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатмоқда. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил ва тинч яшаб келмоқдалар. Турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни таъминлаш, уларнинг юрт тараққиёти йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишларига эришиш энг аввало Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижасидир.

Энг аввало, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган, Жумладан:

 

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ

 (سورة الأنعام/151)

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом сураси, 151-оят). Демак, ҳеч кимса бошқа кимсанинг ҳаётига тажовуз қилиши ва унинг яшаш ҳуқуқидан ноҳақ маҳрум қилиши мумкин эмас.

Дунёда содир бўлаётган воқеалар замирида турли динлар ўртасида муросасизлик, адоват ва нафратни ёйиш, шу орқали тинч юртларни беқарор маконларга айлантиришга ҳаракат қилиш мақсади ётибди. Биз эса мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенгликда ҳаёт кечирмоқлигимиз лозим бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсониятни аввалда ҳур қилиб яратган. Кейинчалик, инсоният турли ҳил омиллар сабабли қулдорлик даврини ҳам бошидан ўтказди. Ислом дини келиб, қулларни озод қилишга кенг тарғиб этди. Аксинча, ҳур одамни қулликка солишни энг оғир гуноҳлардан санади. Қуйидаги ҳадисда шу маъно ифодаланган:

 

عَن أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ الله عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصمُهُمْ يَومَ القِيَامَةِ رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ، وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ، وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِه أَجْرَهُ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат куни мен уч тоифа киши билан хусуматлашаман: мен билан ваъда бериб, сўнгра хиёнат қилган, ҳур кишини сотиб пулини еган, ижарачи ёллаб ундан тўла-тўкис фойдаланиб бўлгач, ҳаққини бермаган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, таълим олиш, меҳнат қилиш, даволаниш, эътиқод қилиш, мулкка эгалик ҳуқуқлари ҳам динимизда ҳамма учун бирдек кафолатлангандир. Бош қомусимизда ҳам айнан мана шу ҳуқуқлар алоҳида моддалар билан кафолатлаб қўйилган.

Муҳтарам азизлар! Динимизда шунингдек, жамиятдаги ҳар бир кишининг зиммасида ўзи яшаб турган жамиятга нисбатан, ундаги ҳар бир шахсга нисбатан ва ватанига нисбатан бурч ва мажбуриятлари бор эканлиги ҳам баён этилган. Қуръони каримда шундай дейилган:

 

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

 (سورة النساء/39)

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 39-оят).

       Шунингдек, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбарига итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти, бошқа дин ва миллат вакиллари олдидаги мажбуриятлари ҳам борки, Аллоҳ таоло динимизда буларни баён қилиб берган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай дедилар:

 

عن أبي هريرة رضي الله عنه أنّ رسول الله عليه الصلاة والسلام قال: "لا تَحَاسَدُوا، وَ لَا تَنَاجَشُوا، وَ لَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَ لَا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَ كُونُوا عِبَادَ اللَّهِ أخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ، لَا يَظْلِمُهُ، وَ لَا يَخْذُلُهُ، وَ لَا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا، - وَ يُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنْ الشَّرِّ، أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ؛ دَمُهُ، وَ مَالُهُ، وَ عِرْضُهُ"

(رواه الامام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу-адоват қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво манабу жойдадир, деб уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, бошқа бир ҳадисда:

عن أبي هريرة رضي الله عنه، قال: قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: "مَنْ أَطَاعَنيِ فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَ مَنْ عَصَانيِ فَقَدْ عَصَى اللهَ، وَ مَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنيِ وَ مَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانيِ"

(رواه الامام البخاري).

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким менга итоат этса демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга осий бўлса демак, Аллоҳга осий бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига осий бўлса демак, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ривояти).

Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Муҳтарам азизлар! Юртимиз мўмин-мусулмонлари учун 2017 йил мобайнида Ҳукуматимиз томонидан ислом дини таълимотларини чуқур ва илмий ўрганиш ва халқимизга айниқса ёшларга  етказиш мақсадида қатор Қарор ва Фармонлар чиқарилди. Масалан: 

- 2017 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

- апрел ойида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони доирасида 73 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ҳаж зиёратига юборилди.

- 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори;

- июль ойида “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори;

- Самарқандда – Имом Бухорий ҳадисшунослик мактаби, Имом Мотуридий калом илми мактаби;

- Фарғонада вилояти Марғилонда Фиқҳ мактаби;

- Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф мактаби;

- Қашқадарёда – Абул Муъин ан-Насафий Ақида илми мактаблари ташкил этилгани ва бошқа бир қанча ўзгаришларни мисол қилиш мумкин.

Юқоридаги Қарор ва Фармонлар юртимизда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлигининг амалий ифодаси дейиш мумкин.

 

Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! ЎМИ томонидан чиқарилган “Ҳаж ҳақида Фатво”ни жамоатга яна бир бор ўқиб эшиттиришингиз сўралади.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Uthaym” газетаси: Маданий меросни асраш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим йўналишига айланган

10.08.2026   14154   2 min.
“Uthaym” газетаси: Маданий меросни асраш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим йўналишига айланган

Шри-Ланканинг “Uthaym” нашрида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Материалда Янги Ўзбекистонда миллий қадриятларни тиклаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар юксак баҳоланган.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш, халқнинг кўп асрлик бой илмий-маданий меросини ўрганиш ҳамда уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мамлакатда тарихий обидаларни реставрация қилиш, музейлар ва архивлар фаолиятини модернизация қилиш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва рақамлаштириш, миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик йўналиши сифатида алоҳида эътироф этилган. Муаллиф фикрича, мазкур ғоя нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки илм-фан, таълим, маданият ва инновацияларни уйғун ривожлантириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Учинчи Ренессанс концепцияси Ўзбекистоннинг буюк илмий анъаналарини қайта тиклаш, ёш авлодни билимли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган умуммиллий дастур сифатида баҳоланмоқда.

Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар фақат маданий соҳадаги ислоҳотлар билан чекланмайди. Улар мамлакатнинг илмий, маънавий ва интеллектуал тараққиётини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Илмий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тарихий манбаларни тадқиқ этиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва замонавий таълим тизимини ривожлантириш каби йўналишлар ягона мақсад — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.

Мақолада Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кенг ўрин ажратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган мазкур бетакрор мажмуа Ўзбекистоннинг маданий ва илмий сиёсатидаги энг муҳим истиқболли лойиҳалардан бири бўлди. Марказда VII асрга оид ноёб Усмон Мусҳафи сақланаётгани унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.

Шу билан бирга, бу ерда қўлёзмаларни илмий ўрганиш, реставрация қилиш, архив материалларини тизимлаштириш ва замонавий технологиялар асосида рақамлаштириш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Газетада Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, уларни халқаро туризм ва илмий тадқиқотлар билан уйғун ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари