Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга умрлари давомида кўплаб синовларни юборди. Хулқлари Қуръон билан сифатланган Набийимиз Аллоҳ талонинг ушбу оятига амал қилиб яшадилар: «Бас, (эй муҳаммад) сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва (тушадиган азобни) қистаманг (Аҳқоф сураси, 35-оят).
Набийимиз алайҳиссаломнинг умрлари давомида кўрган синовларининг энг оғири бу “Тоиф” воқеаси эди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Абу Толиб вафот этганидн сўнг, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўз қавмлари томонидан бўлган азиятлар янада кўпайди. Макка мушрикларига қарши туришда ёрдам беришар деган умидда, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан биргаликда Тоифдаги “Сақиф” қабиласи томон отландилар. У ерда Набийимиз алайҳиссаломни “Сақиф” қабиласидагилар тан олмадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилдилар ва у зотнинг йўлларига икки қатор бўлиб туриб, тошлар ота бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилишларига қарамай у зотнинг оёқларидан қон оқарди, шу ҳолда тоифликларнинг узумзорлари томон бордилар. Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда маҳзун бўлганча Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Шунда ҳам тоифликларнинг зиддига эмас балки, Аллоҳ таолодан бу синовга янада сабрларини зиёда қилишини сўраб дуо қилдилар.
Аллоҳим бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақийқий, муҳаббатли уммат бўлишимизни насиб айла.
Ойбек МАЪРУПОВ
Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти талабаси
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати