Савол: Салавот қачон ва қандай айтилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн! Вассолату вассаламу ъала ашрофил мурсалийн!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр қилган. Бу ҳақда Аҳзоб сурасининг 56-оятида қуйидагича марҳамат қилинган:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг».
Аллоҳнинг амри бандалар учун фарз-вожиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳар бир киши умри давомида бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши фарздир, дейдилар.
Шофеъий мазҳабида намознинг сўнгида (ташаҳҳудда) салавот айтмоқлик вожиб амал ҳисобланади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Ташаҳҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди» деганлар. Ҳанафий мазҳабида эса, бу амал суннат ҳисобланади.
Намоздан ташқарида барча вақтларда салавот айтиш мустаҳабдир. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари, кунялари [1] (Абул Қосим) ёки Расулуллоҳ, Пайғамбаримиз, Набий каби лафзлар билан у зот алайҳиссалом зикр қилинсалар, салавот айтиш лозим бўлади. Бир мажлисда исмлари бир неча марта тилга олинса, бошида бир марта саловот айтмоқлик вожибдир, қолганлари эса суннат. Баъзи уламолар ҳар сафар салавот айтмоқ вожиб деганлар. Салавот айтиш «Солаллоҳу алайҳи васаллам», «алайҳиссалом» ёки бошқа лафзлар билан бўлади.
«Соллаллоҳу алайҳи васаллам» дегани «Унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин!» деганидир.
Араб тилида «Салавот» сўзи «салот»нинг жаъми бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «Салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганда «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши у зот солаллоҳу алайҳи ва салламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади, деганлар.
Сийрат илми бўйича мутахассис бўлган Абдул Азим Зиёуддин домла «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» деган китобида қуйидагиларни келтиради: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиши ҳақида уламоларимиз бир қанча таъриф берганлар. Ўша таърифларнинг энг яхшиси ва кенг қамровлиси улуғ тобеъин Абул Олия айтган мазкур таърифдир: «Соллаллоҳу алайҳи васаллам» дегани «Аллоҳ Ўз Пайғамбарини фаришталари ҳузурида мақтасин ва салом юборсин», деганидир. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга айтадиган салавотини «Унинг раҳматидир» деб, тафсир қилиш заифдир. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати ҳар бир мўминга бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Фалончига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дейишнинг жоиз эканига иттифоқ қилган. Аммо «фалончига Аллоҳнинг салавоти бўлсин», дейиш ҳақида ихтилоф қилган. Бу эса салавот бошқа, раҳмат бошқа нарса эканини билдиради.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда салавотни ичда айтиш жоиз. Лекин овоз чиқариб айтган афзалдир. Албатта, сўзловчи Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини одамларга эштиладиган қилиб зикр қилса, уларга эшитиладиган тарзда салавот айтади. Ўзи эшитадиган даражада зикр қилса, салавот ҳам шундай айтилади.
Уламолар барча анбиёларга салавот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар. Бир Пайғамбарнинг исми зикр қилинганда «алайҳиссалом» (Унга салом бўлсин) дейилса, бир неча пайғамбарларнинг исмларини кетма-кет зикр қилиб, алайҳумуссалом (Уларга салом бўлсин) дейиш ҳам мумкин.
Шу ўринда бир эслатма: Муҳаммад, Иброҳим, Исо ва бошқа пайғамбарларнинг исмлари ила исмланган оддий инсонларнинг исми тилга олинганда салом ва салавотлар айтилмайди. Чунки бу исмни айтиш билан пайғамбар алайҳумуссаломлар эмас оддий инсонлар қасд қилинган бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинган оятларни намозда ўқилганда ҳам салавот айтилмайди, соқит бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак исмлари Маданий суралардан бўлмиш 5 та сурада зикр қилинган:
Юқоридагиларнинг дастлабки тўрттасида Муҳаммад исмлари зикр қилинган бўлса, бешинчисида Аҳмад исмлари зикр қилинган.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фойдаси ва самаралари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиладиган ҳол ва жойлар:
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади
[1] Куня деб отага фарзандининг исмига «Абу» қўшиб айтилиши, «Абу Фалончи» дегани «Фалончининг отаси» дегани. Онага фарзандининг исмига «Умму» қўшиб айтилиши. «Умму Фалончи» дегани «Фалончининг онаси» дегани. Куня фақат бош фарзанднинг исми билан бўлиши шарт эмас, шунингдек, ўзини фарзанди йўқ киши яқин кишисиининг боласи билан ҳам куняланиши мумкин. Оиша онамиз жиянларининг исми билан «Умму Абдуллоҳ» деб куняланганлар.
[2] Ҳасана – яхшилик.
[3] Мағфират авфдан кўра анча юқори нарсадир. Мағфират қилиш гуноҳдан кечиб савоб бериш бўлгани учун ҳам фақат Аллоҳга хос ҳисобланади.
[4] «Ат-таҳийяту»даги «Ассаламу алайка айюҳан набийю...» жумласи.
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД