Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Ҳазрат Умарнинг келин танлаш услублари

30.11.2017   14900   2 min.
Ҳазрат Умарнинг келин танлаш услублари

Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари, уларнинг ҳаётлари барча мўминларга ибрат мактабини ўтайди. Қуйида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли саҳобийларидан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг келин танлашдаги услубларига оид ривоятни келтирамиз:

“Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу тунларнинг бирида, одатларига кўра, халқнинг ҳолидан хабар олиш учун Мадина кўчаларини айланиб юрган эдилар. Бир уйнинг олдидан ўтиб қолдилар. Ичкаридан она билан ва қизининг ўзаро суҳбати қулоқларига чалинди. Она қизига: “Бугун сотишга сутимиз оз экан. Озроқ сув қўшиб сотамиз”, деди. Қиз: “Онажон, бундай қилишни амирул мўминин  ман қилган-ку,уни устига жарчилар бутун Мадинага эълон қилганликларини эшитдингиз, асло ундай қила олмаймиз”, деган эди, она: “Намунча қўрқмасанг, ҳеч ким билмайди, биров кўрармиди, халифа ҳам ухлаб ётган бўлса, қаердан билади”, деди. Шунда қиз: “Онажон, майли, халифа кўрмасалар ҳам, улардан улуғроқ Зот Аллоҳ кўриб, билиб турибдику”, деди. Қизнинг бу сўзларини эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг Аллоҳдан қўрқуви, ихлосини кўриб қувондилар. Ёнларидаги ҳамроҳларига: “Бу уйни эслаб қол”, деб, у ердан кетдилар. Эртаси куни хизматкорларига “Кечаги оила ҳақида билиб кел”, деб топшириқ бердилар. Қул у ерга бориб келди ва ҳазрати Умарга: “Ҳалиги аёл бева, қизи эса ҳали турмушга чиқмаган экан, турмуш машаққатлари уларни анча қийнаб қўйган экан”, деди. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу шундай муслима, Аллоҳдан қўрқадиган муслима қизни топганларидан хурсанд бўлиб, ўғилларини тўпладилар ва уларга қарата: “Қай бирингизни уйлантириб қўяй?”, дедилар. Ўғиллари: “Кимга, отажон?”, дедилар. “Бир сутчининг қизига”, дедилар. Ўғилларидан бири рози бўлди. Шундай қилиб, Умар розияллоҳу анҳу ўша қизни келин қилдилар. Мана шу никоҳдан улуғ халифа, олимлар имоми, тақвода пешқадам Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ дунёга келдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Умар розияллоҳу анҳу доимо, куну-тун мўмин-мусулмонларнинг ғамида бўлган эканлар, бутун мусулмон оламига халифа бўлишларига қарамасдан, оддий сутчи аёл билан қуда бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Келин танлашда диндорини танлаглар”, деган ҳадисларига амал қилган эканлар.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Муҳаммад Зоҳид МУБАШШИРОВ

                                                                                                

 

  

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Халқаро анжуманда аёллар ҳуқуқи муҳофазаси масалалари муҳокама қилинди

08.09.2026   43508   2 min.

Хабар берганимиздек, Жидда шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ва Мусулмон олами уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда дин пешволарининг роли» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қатнашди.

Шунингдек, анжуманда Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Ҳумайд, Халқаро Ислом фиқҳи академияси Бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, таниқли уламолар, етук фақиҳлар, муфтийлари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этишди.

Илмий маърузалар ва муҳокамаларда бир қатор муҳим жиҳатлар ва амалий тавсиялар илгари сурилди. Жумладан:

– зўравонликни қатъий қоралаш: Аёлларга нисбатан ҳар қандай жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки кибер тажовуз Ислом шариатининг инсон қадр-қиммати, раҳмат ва адолатга асосланган бош мақсадларига зид ва зулм экани фиқҳий жиҳатдан асосланди;

– диний тамойилларни тарғиб этиш: оила бошлиғи бўлган эрнинг асосий вазифалари аёлни нафақа билан таъминлаш, ҳимоялаш ва унга ғамхўрлик қилиш экани қайд этилди. Аёлнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки кафолатлангани таъкидланиб, зарарли иллатларга барҳам бериш лозимлиги айтилди;

– оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш: ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этиш, никоҳланувчиларни тиббий-психологик кўрикдан ўтказиш тизимини кучайтириш ҳамда имом-хатиблар иштирокида оилавий маслаҳатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия этилди;

– ҳимоя ва кўмак тизимини жорий этиш: жабр кўрган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини кенгайтириш, хавфсиз бошпаналар ва «ишонч телефонлари» тизимини самарали жорий этиш зарурлиги белгиланди;

– халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик: давлат идоралари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда илғор тажрибаларни алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари