Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг асҳоблари, уларнинг ҳаётлари барча мўминларга ибрат мактабини ўтайди. Қуйида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли саҳобийларидан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг келин танлашдаги услубларига оид ривоятни келтирамиз:
“Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу тунларнинг бирида, одатларига кўра, халқнинг ҳолидан хабар олиш учун Мадина кўчаларини айланиб юрган эдилар. Бир уйнинг олдидан ўтиб қолдилар. Ичкаридан она билан ва қизининг ўзаро суҳбати қулоқларига чалинди. Она қизига: “Бугун сотишга сутимиз оз экан. Озроқ сув қўшиб сотамиз”, деди. Қиз: “Онажон, бундай қилишни амирул мўминин ман қилган-ку,уни устига жарчилар бутун Мадинага эълон қилганликларини эшитдингиз, асло ундай қила олмаймиз”, деган эди, она: “Намунча қўрқмасанг, ҳеч ким билмайди, биров кўрармиди, халифа ҳам ухлаб ётган бўлса, қаердан билади”, деди. Шунда қиз: “Онажон, майли, халифа кўрмасалар ҳам, улардан улуғроқ Зот Аллоҳ кўриб, билиб турибдику”, деди. Қизнинг бу сўзларини эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг Аллоҳдан қўрқуви, ихлосини кўриб қувондилар. Ёнларидаги ҳамроҳларига: “Бу уйни эслаб қол”, деб, у ердан кетдилар. Эртаси куни хизматкорларига “Кечаги оила ҳақида билиб кел”, деб топшириқ бердилар. Қул у ерга бориб келди ва ҳазрати Умарга: “Ҳалиги аёл бева, қизи эса ҳали турмушга чиқмаган экан, турмуш машаққатлари уларни анча қийнаб қўйган экан”, деди. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу шундай муслима, Аллоҳдан қўрқадиган муслима қизни топганларидан хурсанд бўлиб, ўғилларини тўпладилар ва уларга қарата: “Қай бирингизни уйлантириб қўяй?”, дедилар. Ўғиллари: “Кимга, отажон?”, дедилар. “Бир сутчининг қизига”, дедилар. Ўғилларидан бири рози бўлди. Шундай қилиб, Умар розияллоҳу анҳу ўша қизни келин қилдилар. Мана шу никоҳдан улуғ халифа, олимлар имоми, тақвода пешқадам Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ дунёга келдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Умар розияллоҳу анҳу доимо, куну-тун мўмин-мусулмонларнинг ғамида бўлган эканлар, бутун мусулмон оламига халифа бўлишларига қарамасдан, оддий сутчи аёл билан қуда бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Келин танлашда диндорини танлаглар”, деган ҳадисларига амал қилган эканлар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Муҳаммад Зоҳид МУБАШШИРОВ
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан