Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Май, 2025   |   15 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:06
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:04
Bismillah
13 Май, 2025, 15 Зулқаъда, 1446

Мўминларнинг оналари

29.11.2017   8186   2 min.
Мўминларнинг оналари

Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари бўлишдек улуғ шарафга эга бўлган оналаримиз ислом дини ривожи ва равнақи учун катта ҳисса қўшганлар. Биргина Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар. Ушбу ҳадисларда ибодат, муомалот, хусусан, аёлларга тегишли кўплаб фиқҳий масалалар баён қилинган.

Аллоҳ таоло томонидан оналаримиз ҳақида ояти карима ҳам нозил қилинган. Аҳзоб сурасининг 32-34 оятларида шундай дейди:

Эй, Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз! Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз! Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос.

Ислом тарихига назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарона ҳаёт кечиришни ихтиёр этганларини кўрамиз. Бу имкон йўқлиги ёки ноиложликдан эмас, фақирона кун кўришни афзал билганларидан эди. Агар хоҳласалар бутун дунё зийнатлари оёқлари остида муҳайё қилинарди, лекин буни ихтиёр этмадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз ҳам қандай қийинчилик, машаққат бўлмасин, сабр қилдилар, бу билан барча муслима аёлларга ўрнак бўлдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар. Уларнинг уйида энг улуғ калом - Қуръон оятлари тушиб турар эди. Оналаримиз нафақат мол-дунёга, айшу ишратга берилмасликда, балки, масъулиятни сезишда ҳам, охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам бошқалардан фарқ қилишлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Жамики солиҳа аёлларга намуна ва ибрат бўлиб қолдилар.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек МАЪРУПОВ.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Онанинг дуоси сабабли олим бўлди

12.05.2025   3371   2 min.
Онанинг дуоси сабабли олим бўлди

Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.

Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.

Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.

Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.

У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.

Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.

Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди. 

Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.

Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.

Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.

Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.

            

Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.