Туғилиш, яшаш ва вафот этиш ҳақидаги тушунчалар борасида Ислом дини таълимотларида батафсил баён қилинган. Жумладан, ўлим ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
كُلّ نَفْسٍ ذآئِقَةُ المَوْتِ
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” (“Оли Имрон” сураси, 185-оят).
Ушбу оятнинг мазмунидан ўлим шубҳасиз ҳақ эканлиги ва ҳар бир инсон дунёга келганидан кейин вафот этиши очиқ-ойдин билиниб турибди. Ҳаттоки, Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳам бундан мустасно эмаслар. Бандалар орасида Аллоҳ таолога энг суюклиси бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари дунёдаги энг улкан мусибат бўлди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини адо этиб, Арафотда турганларида Аллоҳ таоло у зотга қуйидаги оятни нозил қилди:
“Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3- оят).
Ушбу оятнинг нозил бўлиши, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга умрлари ниҳоялаб қолганига ишора эди. Шунинг учун ҳам видолашув ҳажида саҳобаларга “Мен сизлар билан кейинги йил учрашмасам керак”, деган эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зулҳижжа ойининг тугашига 5 кун қолганида ҳаждан қайтдилар. Янги 11-ҳижрий йилнинг Муҳаррам ойи ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, хасталиклари бошланди. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан 8 кун олдин Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларига борган эдилар. У зотнинг охирги имом бўлиб ўқиб берган намозлари Рабиул аввал ойининг пайшанба кунидаги шом намози эди. Ҳижрий 11-йил, Рабиул аввал ойининг 12-санаси, душанба куни зуҳо (чошгоҳ) вақтида вафот этдилар. Мазкур сана милодий 632-йилнинг 6-июнига тўғри келади. Набий алайҳиссалом Мадинаи мунавварадаги Масжидун набавийнинг шарқий деворига туташ ҳужраи саодатларига дафн қилиндилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дафн этилган кунлари ҳижрий 11-йил, Рабиул аввал ойининг 13 дан 14 га (яъни, сешанбадан чоршанбага) ўтар кечаси бўлиб, у милодий 632-йил 7-8- июнга тўғри келади. Набий алайҳиссаломнинг муборак жасадларини Али розияллоҳу анҳу ювдилар.
Бутун оламларни яратган Аллоҳга ҳамду-саноларимиз бўлсин. Умри давомида инсонлар учун қайғуриб, сўнги нафасигача “Умматим!” деб бу дунёдан у дунёга риҳлат қилган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду-саломларимиз бўлсин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ойбек МАЪРУПОВ.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг расули ва бандаси бўлиб, у зотни Аллоҳ таоло бутун оламларга раҳмат қилиб юборганини айтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни бутларга, қуёшга, дарахтларга, оловга ва бошқа нарсаларга сиғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилдилар. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ яратган нарсалардир, улар ўз-ўзидан на фойда бера олади, на зарар етказа олади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
"Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир" (Фатҳ сураси, 29-оят).
"Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир" (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният учун раҳмат бўлиб келганлар. У зот одамларни дунё гумроҳлигидан қутқариб, охират азобидан сақлаб, ҳидоят ва жаннат неъматларига етаклайдилар.
Аллоҳ таоло айтади:
"Биз сени (эй Муҳаммад) оламларга фақар раҳмат қилиб юбордик" (Анбиё сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларини юксак сифатларда мадҳ этиб: "Албатта, сиз улуғ ахлоқ узрадирсиз" деб марҳамат қилган. (Қалам сураси, 4-оят)