Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Биз Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик ...» деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
“Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар Пайғамбар қилиб юборилганман” деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин.
САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ВА ФАРИШТАЛАР ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТАДИЛАР.
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!», (Аҳзоб сураси, 56-оят).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! БАХИЛ БЎЛМАЙСИЗ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! ДУОИНГИЗ ҚАБУЛ БЎЛАДИ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШАФОАТЛАРИГА ЭРИШАСИЗ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЯҚИН БЎЛАСИЗ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! АЛЛОҲ ТАОЛО ГУНОҲИНГИЗНИ МАҒФИРАТ ЭТАДИ, ДАРАЖАНГИЗНИ КЎТАРАДИ.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ СИЗНИ ЭШИТАДИЛАР.
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда
САЛАВОТ АЙТИНГ! Уйқуга ётишдан олдин.
САЛАВОТ АЙТИНГ! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.
Даврон НУРМУҲАММАД
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг расули ва бандаси бўлиб, у зотни Аллоҳ таоло бутун оламларга раҳмат қилиб юборганини айтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни бутларга, қуёшга, дарахтларга, оловга ва бошқа нарсаларга сиғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилдилар. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ яратган нарсалардир, улар ўз-ўзидан на фойда бера олади, на зарар етказа олади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
"Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир" (Фатҳ сураси, 29-оят).
"Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир" (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният учун раҳмат бўлиб келганлар. У зот одамларни дунё гумроҳлигидан қутқариб, охират азобидан сақлаб, ҳидоят ва жаннат неъматларига етаклайдилар.
Аллоҳ таоло айтади:
"Биз сени (эй Муҳаммад) оламларга фақар раҳмат қилиб юбордик" (Анбиё сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларини юксак сифатларда мадҳ этиб: "Албатта, сиз улуғ ахлоқ узрадирсиз" деб марҳамат қилган. (Қалам сураси, 4-оят)