Мевалар ичида лимоннинг ўз ўрни бор. У ўзида флавоноид моддасини сақлайди. Флавоноид – вируслар, аллерген ва концергенларга қарши курашувчи ягона биологик модификатор ҳисобланади. Кўпчилик лимоннинг С витаминга бойлигини билади. Венгриялик олим Альберт Сент-Дьердьи лимон пўстидан Р витаминини ажратиб олди. Кейинчалик Р витамини – биофлавоноидларнинг мажмуаси – ўсиш жараёнининг моддаси, яъни капилляр томирларнинг эгилувчанлигини сақлайди ва мустаҳкамлигини оширади.
Бу ўз навбатида, С витамининг тўлиқ сингишига ёрдам беради. Қон босими касалликларида артериал қон томирларини кенгайтириб, босимни меъёрда ушлаб туради. Овқат хазм қилиш жараёнида ҳам фаоллик кўрсатади. Лимон ўзида 48.3% калий (мия ва нерв тўқималарини озиқлантиради), 29.9% калций (суяк ва тишларни озиқлантиради), 4.4% магний (қонда оқсилларни шаклланишида асосий рол ўйнайди). Лимоннинг таъми ва хушбўйлиги руҳий зўриқишда самарали ёрдам беради. Ароматерапияда бўғим ва терининг дам олишига ва қон айланишининг яхшиланишига лимондан кенг фойдаланилади. Лимон билан юз териси артилса, юз янада яхшиланади. Лимон шарбати организмдаги лимфатик тизимни тозалайди ва тери тўқималарини мустаҳкамлаб қон айланишини яхшилайди. Ҳомиладорлик вақтида лимон истеъмол қилиш боланинг суяк тўқималарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Лимоннинг овқат ҳазмида ҳам фойдаси бор, у оқсил, калций ва бошқа бир қатор витаминларнинг сўрилишига ёрдам берувчи ферментларни ишлаб чиқаради.
Шунингдек, лимон қондаги холестерин миқдорини камайтириб, соч тўкилишини олдини олади. Жигар ва ўт қопини яхши ишлашига ёрдам беради. Вирусли ва юқумли касалликларга қарши курашда тўлақонли лейкоцитларни шаклланишига кўмаклашади.
Лимонни даволашда қандай қўллаймиз? Шамоллаш ва томоқ оғриғида бир чой қошиқ асалга, битта лимон шарбати қўшилади, сўнгра бир стакан сувга аралаштириб, ҳар 2 соатда ичиб турилади. Шунингдек яримта лимонга бир бўлак саримсоқ пиёз қўшиб асал билан истеъмол қилинса ҳам бўлади. Олча шарбати, лимон шарбати ва сувни ҳар соатда ичиб туриш цистит касаллигида самарали ёрдам беради. Иситмани туширишда лимон шарбатига қайноқ сувни аралаштириб ичиш тавсия этилади. Болалар шамоллашида иситмани туширишда 2 дона лимон бўлагини олиб баданга яхшилаб суртиш самарали ёрдам беради. Лимон пўстининг тиш эмалини оқартиришда ҳиссаси беқиёсдир.
Юқоридагилар лимоннинг фойдаларидан бир нечтаси, холос. Соғлик ва саломатлик – Яратганнинг омонати ҳисобланади. Уни доимо асраб-авайлаш инсоний бурчимиз ҳисобланади.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди
Уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар. Ҳанафий мазҳабининг имомларидан Абу Жаъфар Таҳовий “Ақидату Таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтиради.
“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор. Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.
Ибн Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз майитга етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин”, деб дуога айлантирсин”, дейди.
Ибн Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.
Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мўминлар зикр қилинади.
Аллоҳ таоло Ҳашр сураси 10‑оятда шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.
Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид таълимотларни чуқур ўрганган уламолар Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар.
Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. "Ҳидоя", "Бадоиъ", "Баҳр" ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан, бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.
Тўрақўрғон тумани "Яндама" жоме масжиди
имом хатиби Абдурахим Суроббаев
Манба: http://t.me/Softalimotlar