Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иззатталаблик
Инсондаги нафси аммора ўзининг азалий табиатига кўра дунёни яхши кўради, ўзини юқори санаб, буйруқ ва фармон беришга ўч бўлади. Шунинг учун у барча одамларга ўз ҳукмини ўтказиб, унга муҳтож бўлишларини истайди. Лекин айни пайтда унинг ўзи ҳеч ҳам бировга муҳтож бўлишни хоҳламайди. Бу эса Яратган билан илоҳликни талашиш ва шерикликни даъво қилишдир. Шунинг учун ҳам нафснинг хоҳишлари тўхтатилмаса йўлида дуч келганни тишловчи қутурган итга ўхшаб қолади.
Иззатталабликнинг давоси
Биз доимо афтодаҳол ва камтарин бўлишимиз, бошқаларни ўзимиздан яхши деб билишимиз, Аллоҳнинг ҳомийлигига муҳтож ҳолда Ундан паноҳ исташимиз ва излашимиз, амрларига итоаткор бўлиб, бандалик бурчимизни бажаришимиз зарурдир. Шариат белгилаган ҳалолу ҳаромларни фарқлашимиз, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутишимиз, яхши амалларни адо этишда ниятни тўғрилаб, мўлжални аниқ олишимиз, ички дунёимизни поклашга қаттиқ интилишимиз, одоб-ахлоқимизни яхшилашга ҳаракат қилишимиз, ўз хато-камчиликларимизни пайқашимиз, ўзимизда гуноҳлар ҳукмрон эканлигини сезишимиз, шунингдек, шуҳрат, обрў, ном ва мақтовларидан қатъиян қочишимиз лозим. Зеро, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Диний ёки дунёвий ҳаёти туфайли одамларни бармоғи билан кўрсатиши ўша инсоннинг ёмонлигига кифоядир. Магарам Аллоҳ сақлаган киши бундан мустасно” (Анас ибн Моликдан ривоят қилинган, Имом Термизий ривояти).
Жанобимиз имом ибн Машиш қуддиса сирруҳу дейдилар:
“Кўнглингни дунёвий бойликка, аёлларга, иззатталабликка ва кучли нафсоний ҳис-туйғуларга ҳаддан ташқари муҳаббат қўйишидан сақла. Аллоҳнинг берганига рози бўл!”.
Нафсимизнинг “сенинг тўплаётган молу дунёинг аслида диннинг ривожига, мусулмонларга ёрдам бериш учундир”, қабилидаги макру ҳийласи ҳам бизни алдаб қўймасин. Чунончи, дин иши – Аллоҳнинг ишидир. Унинг ўзигина дин ва шариатга ривож бериб, эътиборини оширади. Қолаверса, чексиз қудрат эгаси бўлган Аллоҳ мазкур динни ҳимоя қилиш мажбуриятини ҳам Ўз зиммасига олгандир.
Аллоҳ марҳамат қилади: “Улар Аллоҳнинг нурини (яъни исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса гарчи (кофирлар) хоҳламасалар-да, фақат Ўз Нурини тўла (яъни ҳар тарафга) ёйишни истайди” (Тавба сураси, 32-оят).
Бу “золим ва адолатсиз кимсалар ўзларининг гап-сўзлари билан Аллоҳ қудратининг ифодаси бўлган шариатни йўқ қилмоқчилар”, деганидир. Бироқ улар бунга ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳ таоло ҳикматлар хазинаси бўлган шариати нурини Ўзи ҳимоя қилади.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.