Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447

Жаннат эшиклари очилади…

22.11.2017   11335   3 min.
Жаннат эшиклари очилади…

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда Райён деган эшик бор. Қиёмат куни рўза тутувчилар қаерда дейилади, улар турадилар. Райён эшигидан рўза тутувчилардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Рўзадорлар жаннатга кириб бўлганларидан кейин эшик ёпилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисда жаннатга киришга сабаб бўладиган амал – рўзанингн қадри нақадар улуғ экани баён қилинмоқда. Шунингдек, мазкур ҳадиси шарифда рўзадорларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси буюги экани маълум бўлмоқда. Чунки Аллоҳ таоло рўзадорларни жаннатга алоҳида эшикдан киргизади. Банда рўза туфайли Аллоҳнинг буюк инъомига эришади. Рўзанинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Яратганнинг розилиги учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф жаннатда эшикларнинг мавжуд эканига далилдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат эшиклари саккизта эканини айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, дедилар(Имом Термизий ривояти).

Биз ўрганаётган ҳадис Райён эшигининг бошқаларидан фазилатли эканига ҳам ишора. бу фазилат – унинг рўзадорларгагина хослаб қўйилганидадир. Рўзадорлар жаннатга киришда қийинчилик, машаққат ва тиқилинчга дуч келмайдилар. Чунки жаннатнинг эшиклари жуда катта ва кенг бўлади. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Жаннат эшигининг бир тарафидан иккинчи тарафигача қирқ йиллик масофа бор”, деган (Фатҳул борий).

Манбаларда Фирдавс жаннатининг “фараҳ” номли эшиги бор. Ундан ёш болаларни ҳурсанд қилиб, уларнинг қалбига қувонч олиб кирганлар киради дейилади. Жаннатда солиҳ амалларга хос эшиклар мавжуд. Дунёда қайси солиҳ амал қилинса, жаннатга ўша амалнинг эшигидан кирилади. Жаннатда саккиз эшикдан бошқа намоз, закот, садақа номли эшиклар мавжуд. Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул” асарида бундай дейди: “Жаннатда Муҳаммад эшиги, Раҳмат эшиги ва Тавба эшиги бор. Булар Аллоҳ таоло яратгандан буён очиқдир. Улар қуёш ғарбдан чиқса ёпилади ва қиёмат кунигача очилмайди. Булардан бошқа эшиклар яхши амалларга тақсимланиб, Закот эшиги, Ҳаж эшиги ва Умра эшиги деб номланган”.  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намозхон бўлса, намоз эшигидан чақирилади. Ким садақа қилувчи бўлса, садақа эшигидан чақирилади. Ким рўзадор бўлса, Райён эшигидан чақирилади”, дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, одамлар қисилиб, қийналиб қолмаслиги учун ҳар бир киши мазкур эшиклардан чақирилади. Бир киши эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, сен ўшалардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Мазкур эшикларнинг ҳаммаси саккизта эшикларнинг ичида жойлашган. Бу саккиз эшикнинг биринчи тарафидан иккинчи тарафигача беш юз йиллик масофа экани ҳадиснинг шарҳида зикр қилинган.           

Камолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Норин тумани бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

25.06.2025   1676   2 min.
Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.

Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.

Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:

  1. Жамиятда фитна келтириб чиқаради – нотўғри маълумот одамлар ўртасида ишончсизлик, гумон ва бўлинишларга сабаб бўлади;
  2. Диннинг мавқейини туширади – тўғри тушунчаларни бузиб кўрсатади, эътиқод қилувчиларни адаштиради;
  3. Расмий диний муассасаларга нисбатан иғво ва ишончсизликни келтириб чиқаради – фейк хабарлар баъзан таниқли расмий диний масъуллар номидан сохта фатво ва баёнотлар сифатида тарқатилади;
  4. Жиноятга олиб боради – баъзи ҳолларда фейк хабарлар одамларни тажовузкор ҳаракатларга ундайди.

Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.

Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:

  • - Расмий ахборот манбаларига таяниш;
  • - Сарлавҳаси эмас, мазмунига эътибор бериш;
  • - Тарқатаётган шахс ёки саҳтфаларни текшириб кўриш;
  • - Мутахассисларга мурожаат қилиш.

Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.

Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

МАҚОЛА