Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Мавлиди набий нишонланишининг тарихи

20.11.2017   27317   24 min.
Мавлиди набий нишонланишининг тарихи

Мавлиди набий Расулуллоҳ с.а.в.нинг таваллуд топган кунлари бўлиб, у Рабиъул аввал ойининг 12 кунидир. Бир қанча мусулмон мамлакатларида бу кунни хурсандчилик билан кутиб олиш одат тусига кирган. Мусулмонларнинг бу кунни байрамдек нишонлашларига асос аввало, Пайғамбар с.а.в.нинг душанба куни рўза тутишларининг сабабини шу кунда таваллуд топганликлари билан боғлаганликларидир.

Абу Шома Ал-Мақдисийнинг айтишича биринчи бўлиб мавлидни мунтазам тарзда нишонлашни йўлга қўйган киши Ал-Мулло Муъийниддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ал-Мусилий бўлиб, у ўз даврида Мусил шаҳрининг шайхи бўлган. Имом Суютий эса, биринчи бўлиб мавлиди набийни кенг тарзда нишонлашни жорий этган киши Ирбил ҳокими (ҳозирда Ироқнинг шимолидаги жой) Малик Музаффар Абу Саъид Кавкабрий ибн Зайниддин Али ибн Бектекиндир, деган. Ҳар иккала фикр ҳам бир-бирини рад этмайди. Чунки, Ал-Мулло Малик Музаффар даврида яшаган. Демак, Малик Музаффар мавлиди набийни нишонлашни Ал-Муллонинг фатвосига асосан жорий этган. Зеро, унинг Ал-Муллога ихлоси баланд бўлиб, Мусилдаги бирорта диний масала Ал-Муллонинг иштирокисиз ҳал этилмаслиги ҳақида фармон ҳам чиқарган. Малик Музаффар ҳақида уламолар қуйидагича ижобий фикрларни билдирганлар: Имом Суютий ва Ибн Касир: “У шонли ва буюк саховатли подшоҳлардан эди. У ҳақда яхши ном қолган ва у Касиюн қиялигидаги Музаффарий жомеъ масжидини обод қилган”, деганлар. Ибн Холликон эса, Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳянинг таржимаи ҳолида шундай деган: “У таниқли уламолардан, машҳур фузалолардан бўлиб, Мағрибдан келган, Шом ва Ироқга кирган, олти юз тўртинчи йилда Ирбилдан ўтган. Шунда у ернинг подшоҳи Музаффар ибн Зайниддинни мавлиди набийга катта эътибор беришини кўрди ва унга атаб “ат-танвир фи мавлиди ал-башир ан-назир” китобини ёзди ва буни унга ўзи ўқиб берди. Шунда подшоҳ унга минг динор мукофот берди”.[1] Ҳофиз Аз-Заҳабий айтадилар: “У тавозелик, яхши суннийлардан бўлиб, фуқаҳо ва муҳаддисларни яхши кўрар эди”[2]. Ибн Касир айтадилар: “Малик Музаффар Рабиъул аввал ойида мавлиди шарифни ҳаддан ташқари кенг тарзда хурсандчилик билан нишонлар эди. Шу билан бирга у ғайратли, шижоатли, оқил ва олим ҳамда одил эди”. [3]

Айюбийлар давлатининг подшоҳларидан саналмиш Малик Музаффар Кавкабрий мавлиди набийни нишонлаш учун жуда ҳам кўп миқдорда мол-дунё сарфлар, кўплаб хайриялар ташкил этар, уларнинг умумий қиймати уч юз минг динорга етарди ва бу ҳар йили такрорланар эди. Унинг ҳузурига Ирбилга яқин бўлган Боғдод ва Мусил каби шаҳарлардан кўплаб фақиҳлар, сўфийлар, воизлар ва шоирлар таклиф этилар эди. Улар Муҳаррам ойидан бошлаб Рабиул аввал ойининг бошигача кела бошлар эдилар. Мавлид маросими Муҳаммад с.а.в.нинг таваллуд топган кунлари устида ихтилоф борлиги сабабли бир йили 8 рабиул аввалда нишонланса, кейинги йили 12 рабиул аввалда нишонланар эди.[4]  Мавлиддан икки кун олдин кўплаб туялар, моллар ва қўйларни тантанавор шаклда дўмбиралар садоси остида майдонга чиқарилар, уларни ўша ерда сўйиб турли хил таомлар пиширишга киришилар эди.  Мавлид куни тонг отиши билан у ерга одамлар, аъёнлар ва раислар тўланишар, ваъз учун курси ўрнатилар, аскарлар ҳам жамланишиб ўша тонгда ҳарбий кўргазма ҳам бўлиб ўтар эди. Шундан сўнг таомлар учун дастурхонлар ёзилиб, оммавий зиёфат бошланар эди. Дастурхонда ҳилма ҳил таомлар ва нонлар сероб бўлар эди. [5]

         Ҳасан ас-Санудийнинг айтишича, мавлиди набийни биринчи бўлиб нишонлаганлар Фотимийлардир. Шунингдек, улар мавсумига қараб бошқаларнинг ҳам мавлидларини нишонлар эдилар. 488 ҳ. санада Ал-Мустаъли Биллаҳнинг халифалиги остида Ал-Афзал бин Амир ал-Жуюш Бадр ал-Жамолий тўртта мавлидни бекор қилишга амр қилди. Улар; мавлиди набий, мавлиди имом Али, мавлиди саййида Фотимаи Заҳро ва ўша даврдаги Фотимийларнинг имомининг мавлиди.[6] Доктор Абдул Мунъим Султон “Фотимийлар давридаги ижтимоий ҳаёт” номли китобида ўша вақтдаги байрамларни зикр қилар экан: “Фотимийлар (Ал-Абидийлар) давлатида мавлиди набийни нишонлаш фақат ҳолвалар пишириб, уларни ва бошқа садақаларни тарқатишдангина иборат бўлган. Аммо, расмий нишонлаш эса, қозиларнинг қозиси даражасида бўлар ва унда ҳамма ҳолвалар солинган паднисларни кўтариб Азҳар Жомеъ масжиди томон, сўнгра халифанинг қасри томон юришар, шу ерда хутбалар ўқилар, сўнгида халифанинг ҳақига дуо қилиниб ҳамма уйига қайтар эди. [7]

         Усмонийлар халифалиги султонлари мусулмонларнинг ҳамма байрамларини нишонлашга ғоятда катта эътибор берганлар. Жумладан, Пайғамбар с.а.в.нинг мавлид кунларига ҳам алоҳида аҳамият қаратганлар. Мавлид маросими султон ихтиёр этган бирорта жоме масжидда нишонланар эди. Султон Абдулҳамид иккинчи халифалик мансабига ўтиргач мавлидни фақат Ҳумайдий жоме масжидида нишонлашни одатга айлантирди. Унинг даврида мавлид маросими Рабиул аввал ойининг 12 кунига ўтар кечасидан бошланар эди. Яъни, шу кеча жоме масжиднинг эшиги олдида давлатнинг барча катта мансабдорлари расмий ташриф кийимларида, кўкрак нишонларини таққан ҳолда тўпланишар, сўнгра саф тортиб султоннинг келишини кутиб туришар эди.[8] Султон ўз қасридан соф тиллодан ясалган эгар билан эгарланган энг чиройли отга минган ҳолда чиқар, атрофини шонли навкар ўраб олган, байроқлар кўтарилган ҳолда, ортидан мавлидга келган аҳоли эргашиб усмоний лашкарининг икки сафи орасидан ўтиб, масжидга кириб боради. Шундан сўнг мавлид маросими бошланади. Аввал Қуръони карим тиловат қилинади, сўнгра Мавлиди набий қиссаси ўқилади. Ундан сўнг Пайғамбарга салавот маъносида “Далоилул харот” китоби ўқилади. Ундан кейин баъзи машойихлар зикр ҳалақаларини ташкил этадилар. Пайғамбарга салавотлар айтилган овозлар жаранглай бошлайди. Рабиул аввалнинг 12 куни тонгидан давлат мулозимлари ўзларининг даражаларига қараб гуруҳ гуруҳ бўлиб султонни мавлиди шариф байрами билан табриклагани кирадилар. [9]

         Узоқ Мағриб (Марокаш) султонларининг Пайғамбар а.с.нинг мавлидларини нишонлашдаги ҳимматлари жуда ҳам баланд бўлган. Хусусан, ўнинчи ҳижрий асрнинг охирларида подшоҳлик тахтига ўтирган Султон Аҳмад ал-Мансурнинг замонида рабиул аввал ойи кириб келиши билан Мағриб еридаги ҳамма муаззинларни бир ерга жамланар, сўнгра тикувчиларга шоҳона матолардан энг сўнгги урфдаги кийимлар тикишга буюрилар эди. Мавлид куни тонгида султон одамлар билан бомдод намозини ўқигач, тахтига чиқиб ўтиради. Шундан кейин одамлар ўз даражаларига қараб гуруҳ гуруҳ бўлиб унинг ҳузурига кириб келадилар. Ҳамма ўз жойини эгаллаб ўтиргач, воиз ўртага чиқиб Муҳаммад с.а.в.нинг фазилатлари ҳамда мўжизаларидан баён қилади, мавлидларини ўқийди. Фориғ бўлгач шеърлар, мадҳиялар айтилади. Барчаси тугагач одамларга байрам дастурхони ёзилади. [10]

         Мавлиди набийни нишонлашни ёқлаган уламоларнинг сўзларидан намуналар:

         Жалолиддин ас-Суютий: “Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбар а.с.нинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки, бунда Пайғамбар с.а.в.ни улуғлаш, таваллуд топганлари учун ҳурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор”.[11]

         Ибн ал-Жавзий мавлид ҳақида шундай деган: “Унинг хусусиятидан бири ўша йили омонлик бўлади ва ният ва мақсадлар тезда амалга ошиши ҳақида ҳушхабар бор”.[12]

         Ибн Ҳажар ал-Асқалонийга мавлид амали ҳақида савол берилганда у зотнинг айтган жавобларини Жалолиддин ас-Суютий келтирадилар: “Аслида Мавлид амали бидъат иш бўлиб, аввалги учта асрда яшаган салафи солиҳлардан бундай қилганлари нақл қилинмаган. Лекин, шунга қарамай унинг кўплаб яхши томонлари бор. Ким ана шу яхши томонларини қилса яхши бидъат жумласидан бўлади. Мен бунга асос бўладиган далилни ҳам топдим. У ҳам бўлса, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: Пайғамбар с.а.в. Мадинага келган вақтларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва улардан бунинг сабаби ҳақида сўрадилар. Улар: бу кунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ этиб, Мусога нажот берган. Шунинг учун биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутамиз, дейишди. Бундан шундай маъно келиб чиқадики, Аллоҳ таоло кимга бирор муайян кунда бирорта неъмат берган ёки балони даф этган бўлса, ўша куни Аллоҳга шукрона тариқасида яхши амал қилиш лозим бўлади. Бу кунда раҳмат пайғамбари бўлмиш зотни дунёга келишидан ҳам ортиқроқ неъмат борми?! Мана бу мавлидни нишонлаш учун нақлий далил саналади. Аммо, унда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, албатта, Аллоҳга шукрона бўладиган Қуръон тиловати, таом ва садақалар тарқатиш, пайғамбар а.с. ҳақларидаги қасида ва мадҳиялар ўқиш, охиратга савоб бўладиган амалларга тарғиб этиш каби амаллар билан ўтказиш лозим бўлади.[13]

          Ас-Саховий айтадилар: “Аввалги уч асрда яшаган салафлар мавлидни нишонлашмаган, балки у кейинчалик пайдо бўлган. Шундан бери барча юртлардаги мусулмон аҳолиси мавлидни нишонлаб келадилар. Мавлид кечасида турли хилдаги садақалар чиқарадилар, мавлиди шарифдан ўқишга алоҳида эътибор берадилар ва бунинг натижаси ўлароқ уларда файзу баракотлар намоён бўлади”.[14]

        Ибн ал-Ҳож ал-Моликий айтадилар: “Рабиул аввал ойининг 12 душанба куни Аллоҳ таолога шукрона учун кўплаб ибодатлар ва хайриялар қилишимиз лозим. Зеро, у бизга беҳисоб неъматларини ато этгандир. Дарҳақиқат, неъматларининг ичида энг буюкроғи бу албатта, Пайғамбаримизнинг таваллуд топишларидир”.[15] Яна шундай деганлар: “Пайғамбар с.а.в.ни улуғлашнинг бир кўриниши у зот таваллуд топган кечада ҳусандчилик қилиш ва мавлиди шарифдан қироат қилишдир”.[16]

         Ибн Обидин айтадилар: “Билингки, Пайғамбар с.а.в. таваллуд топган ойда мавлиди шариф ўтказиш яхши бидъатлардандир”. Яна шундай деганлар: “Мўъжизалар соҳиби бўлмиш зотга энг афзал салавотлар ва мукаммал саломлар бўлсинки, у зотнинг қиссаларига қулоқ солиш энг буюк қурбатлардандир”.[17]

         Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқий айтади: “Зиёфат ташкил этиш ва муҳтожларга таом улашиш ҳар вақтда ҳам яхши саналган амаллардандир. Айниқса, бу муборак ойда унга Расулуллоҳ с.а.в.нинг нурлари зоҳир бўлганлиги туфайли шоду ҳуррамлик уланса қандай ҳам яхшидир. Унинг бидъат эканлиги макруҳ бўлишига сабаб бўлолмайди. Зеро, қанчадан қанча яхши бидъатлар борки, уларга амал қилиш вожиб даражасига чиққандир”.[18]

         Ал-Ҳофиз ас-Суютий айтадилар: “Қориларнинг имоми Ал-Ҳофиз Шамсиддин ибн ал-Жазарийнинг (арфу ат-таъриф билмавлид аш-шариф) номли китобида шундай сатрларни ўқидим: “Абу Лаҳаб вафот этгач уни тушда кўрилди ва унга: ҳолинг қандай? - дейилди. У: дўзахдаман, бироқ, ҳар душанба кечаси мендаги азоб енгиллатилади. Яна бармоғимни сўрсам сув чиқади. Бунинг боиси чўрим Сувайба менга пайғамбарнинг туғилгани ҳақида хабар олиб келганида ҳурсанд бўлганимдан уни чўриликдан озод қилиб юборганим ва у Муҳаммадни эмизгани учун, деб жавоб берди. Агарки, Пайғамбар с.а.в.нинг таваллуд топган кечаларида ҳурсанд бўлгани учун Қуръони каримда мазаммат қилинган кофир Абу Лаҳабга дўзахда шунчалик мурувват кўрсатилган бўлса, пайғамбарнинг туғилганидан ҳурсанд бўлган, борини унга бўлган муҳаббати учун Аллоҳ йўлида эҳсон қилган мусулмоннинг ҳоли қандай бўлиши мумкин. Бешак, Аллоҳ таоло уни ўз фазли билан жаннат неъматларига дохил этади”.[19]  

         Абу Шома (Имом Ан-Нававийнинг шайхи) айтади: “Бизнинг замонага келиб ҳар йили Пайғамбар с.а.в.нинг туваллуд кунларида садақалар ва кўплаб яхшиликлар қилиш, зийнат ва шоду ҳуррамликни изҳор этиш каби янгиликларни жорий этган кишилар қандай ҳам яхши иш қилдилар. Зеро, бундай қилиш ўша ишни қилган кишининг қалбида расулуллоҳга бўлган муҳаббатини намоён этади ҳамда бутун оламларга раҳмат қилиб юборган расулини вужудга келтиргани учун Алло таолога шукрона бўлади”.[20]

         Аш-Шиҳоб Аҳмад ал-Қасталоний (Саҳиҳул Бухорийни шарҳ қилган олим) шундай дейди: “Қалбида марази бўлган кишиларга яна ҳам зиёда иллат бўлиши учун Пайғамбар с.а.в. таваллуд топган ойнинг тунларини байрам қилган кишини Аллоҳ раҳматига ноил айласин”.[21]

         Ал-Ҳофиз Шамсиддин бин Носириддин ад-Димашқий (мавридус содий фи мавлидил ҳодий) деб номланган китобида айтади: “Абу Лаҳаб пайғамбар а.с. туғилганларида ҳурсандлигидан Сувайбани чўриликдан озод қилиб юборгани учун душанба куни дўзахдаги азоби енгиллатилади, деган хабар саҳиҳдир”[22].

         Мутаахир уламолардан аксарияти мавлиди набавияни нишонлашни ёқлаганлар. Жумладан;

         Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф – Азҳарнинг собиқ шайхларидан: “Нури Муҳаммадий чароғон этган мавлид ойи кечаларини бедор ўтказиш унда халойиқнинг энг яхшиси бўлмиш зотни вужуд оламида зоҳир этиб умматга катта неъмат ато этган зотни зикри ва шукри билан машғул бўлиш билан бўлади. Шукрни изҳор этиш эса, муҳтожларга ёрдам бериб уларнинг машаққатларини енгиллатиш, қариндошлар билан силаи раҳм қилиш каби ишларда намоён бўлади. Гарчи мавлидни нишонлаш Пайғамбар а.с. ва у зотнинг саҳобалари давридан қолмаган бўлсада, унга амал қилишнинг зарари йўқ, балки у яхши суннатлардандир”.[23]

         Муҳаммад Аш-Шозилий ан-Найфар – Тунисдаги Ал-Аъзам жомеъсининг шайхи: “Аллоҳ таоло бизга ўзига муҳаббатли бўлишдан сўнг Пайғамбар а.с.га муҳуббатли бўлишни вожиб қилган экан, демак бу бизга пайғамбар а.с.га тааллуқли бўлган барча нарсани улуғлашни вожиб этади. Мавлид кунларини байрам сифатида нишонлаш ҳам шунинг жумласидандир”.[24]

         Муҳаммад Мутаваллий Аш-Шаъровий: “Ушбу мавлиди каримга ҳурматан биз ҳар йили шу вақтда қалбимиздан шоду ҳуррамлик кайфиятини намоён этмоғимиз лозимдир”.[25]

         Ал-Мубашшир Ат-Тарозий – Туркистон уламоларидан: “Турли хилдаги зарарли намойишлар кўпайган ҳозирги вақтда уларга қарши курашиш учун ҳам Пайғамбар с.а.в.нинг мавлиди шарифларини нишонлаш асосий вожиб амаллардан бирига айланди”.

         Муҳаммад Улвий ал-Моликий: “Биз Пайғамбар а.с.нинг мавлиди шарифларини нишонлашни, у зотнинг сийратлари, ҳақларида айтилган мадҳияларни тинглаш, таомлар улашиб умматнинг қалбига сурур бахш этишни жоиз деб биламиз”.[26]

         Юсуф Ал-Қаразовий – Мусулмон уламоларининг бутун олам бирлашмаси раиси: “Расулуллоҳнинг таваллуд топган кунларини у зотнинг сийратларини, шахсиятларини, боқий ва умумий рисолатларини ўрганиш фурсатига айлантириш қандай қилиб бидъат ва залолат бўлиши мумкин”.[27]

         Муҳаммад Саъийд Рамазон Ал-Бутий: “Расулуллоҳнинг таваллуд кунларини эслаб нишонлаш диний манфаат кўзланадиган ижтимоий ташаббусдир. Буни ҳозирги асрда ўтказиладиган бир қатор диний анжуманларнинг бири дейиш мумкин. Бироқ бундай байрамлар шариатда мункар саналган ҳолатлардан холи бўлмоғи лозим”.[28]

         Нуҳ Ал-Қузот – Иордания собиқ муфтийси: “Шаксиз, Мустафо с.а.в.нинг таваллудлари биз учун Аллоҳ таолонинг фазли, бу умматга ато этилган энг тўкис неъматидир. Шундай экан, у зотнинг мавлидлари сабабли шод бўлишга биз ҳақлимиз”.[29]

         Али Жумъа – Миср муфтийси: “Пайғамбар а.с.нинг мавлидларини нишонлаш энг фазилатли ва буюк қурбат ҳосил қиладиган амаллардандир. Чунки, бу ҳурсандлик ва у зотга муҳаббатни ифодалашдир. Зеро, пайғамбар а.с.га нисбатан муҳаббат имон асосларидан биридир”.[30]

         Ваҳба Аз-Зуҳайлий: “Агар мавлиди набий Қуръони каримни ўқиш, Пайғамбар а.с.нинг ахлоқларини эслаш, одамларни ислом таълимотларига амал қилишга тарғиб этиш, фарзларни бажаришга ва исломий одобларга ундаш билан ўтказилса унда бу бидъат саналмайди”.[31]

         Муҳаммад бин Абдулғаффор аш-Шариф – Кувайт вақф ишлари бош котиби: “Саййидул халоиқ с.а.в.нинг мавлидларини нишонлаш жумҳур уламоларнинг фикрича мустаҳаб ва бидъат ҳасана амаллардандир”.[32]

         Муҳаммад Улвий ал-Моликий Мавлиди набий ҳақида китоб таълиф қилган бир қанча уламоларни зикр этиб ўтган.[33] Улар:

         - Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқийнинг – 808 ҳ. вафот этган – “Ал-Маврид ал-ҳаний фи ал-мавлид ас-сунний” китоби.

         - Ал-Ҳофиз ибн Касир – 774 ҳ. вафот этган – “Мавлид” китоби.

         - Ал-Ҳофиз Ас-Саховий – 902 ҳ. вафот этган – “Ал-Фахр ал-улвий фи ал-мавлид ан-набавий” китоби.59.

         - Ал-Ҳофиз Ибн Ал-Жавзий – 597 ҳ. вафот этган – “Ал-Арус” китоби.

         - Ал-Ҳофиз Абу Ал-Хаттоб Умар бин Али бин Муҳаммад (“Ибн Диҳятул калбий” номи билан танилган) – 633 ҳ. вафот этган – “Ат-Танвир фи мавлид ал-башир ан-назир” китоби.

         - Шамсиддин ибн Носириддин ад-Димашқий – 842 ҳ.вафот этган – “Ал-Маврид ас-совий фи мавлид ал-ҳодий”, “Жомеъ ал-осор фи мавлид ал-мухтор” ва “Ал-лафзу ар-роиқ фи мавлиди хайрил халоиқ” номли китоблари.

         - Мулла Али Қори – 1014 ҳ. вафот этган – “Ал-Маврид ар-равий фи ал-мавлид ан-набавий” китоби.

         - Ал-Ҳофиз Шамсиддин Ибн Ал-Жазарий – 660 ҳ. вафот этган, қорилар имоми – “Арф ат-таъриф би ал-мавлид аш-шариф” китоби.

         - Али Зайнулобидийн ас-Самҳудий – 911 ҳ. вафот этган – “Ал-Маварид ал-ҳарийя фи мавлиди хайрил барийя” китоби.

         - Ал-Ҳофиз Муҳаммад Аш-Шайбоний (Ибн Ад-Дайбиъ номи билан танилган) – 944 ҳ. вафот этган.

         - Ибн Ҳажар Ал-Ҳайтумий – 974 ҳ. вафот этган – “Итмом ан-ниъма алал олам бимавлиди саййиди валади одам” китоби.

         - Ал-Хатиб Аш-Шарбийний – 1014 ҳ. вафот этган – “Ал-Мавлид ар-Равий фи Ал-Мавлид ан-Набавий” китоби.

         - Ал-Муҳаддис Жаъфар бин Ҳасан Ал-Барзанжий – 1177 ҳ. вафот этган – “Ақд ал-Жавҳар фи мавлид Ан-Набий ал-Азҳар” китоби. Мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган мавлидлардан.

         - Абулбаракот Аҳмад Ад-Дардир – 1201 ҳ. вафот этган – “Мавлид” китоби.

         - Абулҳодий Нажо ал-Айборий ал-Мисрий – 1305 ҳ. вафот этган “Мавлид” китоби.

         - Юсуф Ан-Набиҳоний – 1350 ҳ. вафот этган – “Жавоҳир ан-назм ал-бадиъ фи мавлид аш-шафиъ” китоби.

         - Умар бин Ҳафийз – “Аз-Зийо ал-ломиъ бизикри мавлид ан-набий аш-шофиъ” китоби.

         - Нуҳ Ал-Қузот – Иордания собиқ муфтийси – “Мавлид ал-Ҳодий” китоби.

         - Имом Ас-Cаййид Муҳаммад Усмон ал-Марғаний – 1343 ҳ. вафот этган – “Ал-Асрор ар-Раббоний” (Ал-Мавлид ал-усмоний) китоби.

 

 

ЎМИ Фатво бўлими мудири

Ҳ.Ишматбеков.

        

 

 

 

[1] حسن المقصد في عمل المولد

[2] سير اعلام النبلاء للذهبي

[3]   البداية و النهاية لابن كثير

[4] تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[5] تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[6] تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[7] تاريخ الاحتفال بمولد النبي و مظاهره حول العالم لمحمد خالد ثابت

[8] تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[9] تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[10]  تاريخ الاحتفال بالمولد النبوي من عصر الاسلام الاول الى عصر فاروق الاول للحسن السندوبي

[11] حسن المقصد في عمل المولد لجلال الدين السيوطي

[12]  السيرة الحلبية  تاليف علي بن برهان الدين الحلبي

[13] حسن المقصد في عمل المولد لجلال الدين السيوطي

[14] السيرة الحلبية  تاليف علي بن برهان الدين الحلبي

[15] المدخل عن تعظيم شهر ربيع الاول  تاليف ابن الحاج

[16]  الدرر السنية

[17]  شرح ابن عابدين على مولد ابن حجر

[18]  شرح المواهب اللدنية للزرقاني

[19]  حسن المقصد في عمل المولد لجلال الدين السيوطي

[20]  الباعث على انكار البدع و الحوادث  تاليف ابو شامة

[21]  المواهب اللدنية

[22]  مورد الصادي في مولد الهادي

[23] حسين محمد مخلوف فتاوى شرعية و بحوث اسلامية

[24]  محمد الشاذلي النيفر  مقالة احتفاء و تذكير

[25] على مائدة الفكر الاسلامي  تاليف محمد متولي الشعراوي

[26] محمد علوي المالكي  حول الاحتفال بذكرى المولد النبوي الشريف

[27]  موقع القرضاوي: الحتفال بمولد النبي و المناسبات الاسلامية

[28]  موقع البوطي: فتاوى عن المولد النبوي

[29]  موقع دار الافتاء الاردنية: خطبة جمعة بمناسبة المولد النبوي الشريف

[30]  البيان لما يشغل الاذهان  تاليف علي جمعة

[31]  الجزيرة تت: حلقة البدعة و مجالاتها المعاصرة مع الدكتور وهبة الزهيلي

[32]  موقع الدكتور الشريف: رقم الفتوى 431 في حكم المولد النبوي

[33] اقتضاء الصراط المستقيم

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

10.08.2026   21143   15 min.
Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас

 

Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
 

1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.


Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқингояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.


2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:


Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.


Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.


Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.


3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.


Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.


4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.


Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир дедилар» [Соф сураси, 6-оят].


Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.


5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.


6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].


Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].


Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.


Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.


Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.


Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.


7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.


1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].

Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].

Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.

Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].

Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.


2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].


Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].


Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!


Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.


3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.


Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.


Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.


Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.

Нурмуҳаммад Маткаримов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими


Мазкур мақолага 

.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган

Мақолалар