Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили – Тошкент вилояти «Абу Бакр Сиддиқ» масжиди имом-хатиби Нурали Мавлановнинг Россия ҳудудларига амалий сафари доирасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида яшаётган ҳамда таълим олаётган ватандошлар билан учрашувлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирлар давомида Нурали домла сўнги йилларда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш бўйича амалга оширилаётган тарихий ишлар, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан фуқароларнинг ўз диний амалларини эмин-эркин бажаришлари учун яратилаётган шароитлар, қурилаётган масжидлар, таълим даргоҳлари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги ватандош ташкилотлар раҳбар ва фаоллари сўзга чиқиб, ушбу учрашувни ташкил этган Бош консулликка миннатдорлик билдирдилар ва мамлакатимиз томонидан хориждаги ватандошларга қаратилаётган катта эътиборни эътироф этдилар.
Талабалар билан учрашувда эса Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва янгиланаётган Конституция бўйича бўлажак умумхалқ референдуми ва хорижда истиқомат қилиб келаётган юртдошларимизнинг овоз бериши учун ташкил этилган участкалар тўғрисида маълумот берилди.
Учрашув якунида талабаларга ўқишдан ташқари бўш вақтларида Бош консулхонага ташриф буюрган ҳолда, дипломатик ваколатхона иш фаолияти билан танишишлари ва бевосита фуқаролар билан ишлаш бўйича ўз билим ҳамда малакаларини оширишлари мумкинлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати