Қуръон оятларини ихлос билан тиловат қилишлик ёки тинглашлик ҳам Аллоҳнинг раҳматига тезда олиб боради. Чунки Аллоҳ таоло «Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз», деб айтган (Аъроф, 204). Бунда Аллоҳнинг «шояд» дегани бўлиши «аниқ» дир, деб уламолар тафсир қилишган.
Қуръон худди суҳбатдош кабидир. У билан қанча узоқ суҳбат қурсангиз, у сизга ўз сирларини очади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломида инсонларнинг эътибори Қуръон тиловатига ва ундаги ҳикматларга амал қилишга жалб этилади, хусусан:
«Дарҳақиқат, биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» (Қамар, 17)
«Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир» (Жосия, 20)
Шу ўринда, уламолар Қуръон тиловатининг қуйидаги фазилатларини айтиб ўтишади:
Биринчиси, Қуръони Карим шафоати. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръонни доимо ўқинг, чунки у қиёмат кунида тиловат қилганларни шафоат қилади».
Иккинчиси, Қуръони Карим ўз ўқувчисини жаннатда олий мақомга олиб чиқади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Қуръон ўз ўқувчисига шундай дейди: «Ўқинглар, ўрнингиздан туринглар ва фоний дунёда ўқиганингиз каби чиройли тиловат қилинглар. Шунда охирги оятни ўқиб тугатган жойингиз, сизнинг олий мақомингиз бўлади».
Амр ибн Ос: «Қуръондаги ҳар бир оят жаннатдаги даража ва уйларингиздаги чироқдир».
Учинчиси, Қуръони Карим тиловатининг юксак фазилати ва савоби. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарфни ўқиса ҳам, унга ўнта савобга тенг яхшилик қайд этилибди. Шу ўринда, «Алиф лом мим» оятини бир ҳарф демаймиз, балки «Алиф» бир ҳарф, «Лом» бир ҳарф ва «Мим» бир ҳарф, деб таъкидлаймиз».
Тўртинчиси, Қиёмат куни Қуръони Карим ўз ўқувчисини чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қиёмат кунида Бақара ва Оли Имрон суралари Қуръон аҳлини чорлайди».
Шу ўринда диний уламолар таъкидлашадики, «Қуръон китобинг билан дўст бўлгин, чунки қайта тирилганингда у ўқиганларингни сўзлаб беради».
Бешинчиси, Қуръон тиловатчисининг бу дунёдаги мақоми. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Мазкур китоб билан Аллоҳ қавмларни юксак қилади». Уламолар таъкидлашадики, «Қуръон - қалбларнинг табибидир, унинг зикри – гуноҳларни маҳв қилувчидир, унинг нури эса ғайблар сиридир».
Олтинчиси, Қуръони Карим илмини ўрганиш яхшилиги. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръони Каримни ва унинг илмини ўрганиш Сизлар учун яхшилик ва хайр-баракот олиб келади».
Еттинчиси, Қуръони Каримдан бирор оятни ёдламасликдан қўрқиш. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қуръоннинг хайри-баракоти бўлмаган инсон вайрон бўлган уйга ўхшайди».
Умуман олганда, шуни билиш жоизки, Қуръон китобимиз устидаги чанг-ғубор қанчалик қуюқлашса, қалбларимизда ғам-ташвиш ва муаммолар ҳам шунчалик қуюқлашаверади.
Шунинг учун ҳам диний уламолар айтишадики, «Эй Қуръон аҳли! Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби, Қуръон ҳам Мўминнинг баҳоридир! Шунингдек, қалб хотиржамлигига эришмоқчи бўлсангиз, албатта, Қуръон ўқинг. Чунки, қалблар – бу идишлардир, уларни Қуръон билан тўлдириш лозим, яна худди чанқаганда сув ичилгандек, ғамга ботганда Қуръон ўқишлик ва Раҳмоннинг зикри билан машғул бўлишлик хотиржамликка олиб келади.
Шундай экан, келинг биродар, «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса иймонлари зиёда бўлгувчи ва роббиларига таваккул қилгувчи мўминлар» (Анфол, 2), қаторида бўлишга интилайлик!!!
Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД