Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

Нега жума куни «Каҳф» сураси ўқилади?

10.11.2017   63861   2 min.
Нега жума куни «Каҳф» сураси ўқилади?

Бир қанча масжидларда Жума мавъизаси бошлангунга қадар «Каҳф» сураси тиловат қилинади. Айримлар, нега, айнан, жума куни ушбу сура ўқилишига қизиқишади, баъзан сабаби ҳақида ҳам бир бирларидан сўрашаётгани қулоққа чалинади. Қуйида, бунинг сабабини билиб оласиз. Келинг, дастлаб, ушбу сура ҳақида қисқача маълумотга бериб ўтсак. “Каҳф” сураси Қуръони Каримдаги «Алҳамду» билан бошланган беш сурадан бири ҳисобланади. Бу сурада, тарихий қиссаларга асосий урғу берилган. 110 оятдан иборат суранинг 71 ояти қиссалардан иборат. Сурада каҳф(ғор)га кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва Иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн ҳақидаги қиссалар келтирилади.

Энди эса, жума куни нега, айнан, ушбу сура тиловат қилинишининг фазилати ҳақидаги қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

  • Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», деганлар.
  • Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: «Ал Баррознинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим. Бир киши «Каҳф» сурасини ўқий бошлади. Ҳовлида бир ҳайвон бор эди. Шунда, ҳайвон безовта бўла бошлади. Ҳалиги киши қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, У зот алайҳиссалом: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар».
  • Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасининг охирги ўн оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», деганлар.
  • Яна бошқа бир ривоятда: «Ким «Каҳф» сураси аввалидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, жума куни ушбу сурани тиловат қилишнинг фазилати бисёр экан. Кимки ҳар жума «Каҳф» сурасини тадаббур билан ўқиса, дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлар экан.

Демак, «Каҳф» сурасини ўқишга шошилайлик!

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   11018   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар