frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Гуноҳлар кечирилишини хоҳлайсизми?

06.11.2017   15326   17 min.
Гуноҳлар кечирилишини хоҳлайсизми?

Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар  ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти)  Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) 

Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.) 

Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”.  (Табароний ва Ҳоким ривояти.) 

 (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти) “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят). 

(Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят). 

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота-онани ҳурматлаш одоблари

08.08.2026   15011   1 min.
Ота-онани ҳурматлаш одоблари

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир.

Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ: 
 

Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws