Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти) Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)
Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.)
Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”. (Табароний ва Ҳоким ривояти.)
“(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти) “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят).
“ (Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят).
Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати