Араб ошхона маданияти Арабистон яриморолидан Пиреней яриморолига қадар ўз таъсирини ўтказган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг энг севимли таомлари бу Қурайш қабиласининг миллий таоми бўлган сарид таомидир. Араб миллатининг анъанавий ошхонаси ҳақида фикр билдириш жуда қийин, сабаби турли элатлар ва сайёҳларнинг ҳиссаси катта. Пайғамбаримиз севиб истеъмол қилган сарид бугунги кунда ҳам араблар томонидан истеъмол қилинади.
Сизнинг эътиборингизга сарид таомининг таркиби ва тайёрланиш тартибини келтирамиз:
Масаллиқлар:
- уч стакан нўхот;
- 1.5 кг. кубик шаклида кесилган қўй гўшти;
- 8 стакан сув;
- 6 пиёла майда тўғралган пиёз;
- 2 чой қошиқ эзилган кориандр (кашнич) уруғи;
- ярим пиёла майда тўғралган янги кашнич;
- икки чой қошиқ тмин;
- икки чой қошиқ қора мурч;
- 6 дона тухум;
- 1 ош қошиқ туз;
- ярим чой қошиқда шафран (икки ош қошиқ сувда дамланган);
- ярим стакан асал;
- 6 дона тўртга бўлинган лаваш (нон тури);
Тайёрлаш усули:
Нўхот идишга жойланиб, нўхотни чўктирадиган миқдорда совуқ сув қуйилиб 1 кунга ивитиб қўйилади. Қўй гўшти қозонга солиниб, қайнатилади. Кўпмклар олиниши зарур. Шундан сўнг нўхот, пиёз, кориандр, тмин, қорамурч солинади. Қайнаб чиққач олов пасайтирилади. Тухум чақилиб, гўшт ва нўхот юмшоқ бўлмагунча бир ярим соат кутилади. Кейин туз ва шафран солинади. Қозондан ярим стакан сув олиниб унга асал қўшиб аралаштирилади. Стакандаги сув қайтиб қозонга солинади. Сўнг уч дақиқа баланд оловда қайнатилади. Лаваш нон сувга солиб юмшатилиши ёки сарид таоми билан тортилиши мукин.
Бундан ташқари, Ислом динининг дастлабки даврларида Аллоҳнинг элчиси мансуд бўлган Қурайш қабиласи орасида Фалудхаж номли крахмал ва асалдан тайёрланадиган ширинлик севиб ейилгани маълум.
Зоҳиршоҳ Жўраев тайёрлади
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати