Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини хоҳламайди?
Ким жаннатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан кавсар сувини ичишни истамайди?
Ким жаннатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшниси бўлишни хоҳламайди?
Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилишни хоҳламайди?
Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом бўлишни истамайди?
Буларнинг барчасини қўлга киритишимиз учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга доим салавот айтишимиз лозим бўлар экан.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз бандаларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишимиз таълимотини бериб, бундай хитоб қилади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўъминлар! (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!” (Аҳзоб,56)
“Салавот” сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини билдиради. “Салом” сўзи эса – барча бало ва офатлардан омонда бўлиш демакдир.
Аллоҳ таолодан бўладиган салавот ва салом – раҳмат ва мақтов маъносида. Фаришталардан бўладиган салавот ва саломлар эса – истиғфор ва дуо маъносидадир.
Юқорида келтирилган ояти каримада оламлар Раббиси ва яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишга буюрмоқда. Бу эса Пайғамбаримизнинг мартабалари ҳамда у зотга нисбатан салавот ва саломларнинг ўрни нақадар олий эканидан далолатдир.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади (яъни, ўнта гуноҳини мағфират қилади)".
Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд ҳолда келдилар. Биз: "Юзингизда хурсандчиликни кўряпмиз! (нима бўлди?), дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг олдимга фаришта (Жаброил алайҳиссалом) келди ва: "Эй, Муҳаммад! Роббингиз шундай деди: "Мен сизга бир марта салавот айтган кишига ўнта салавот айтишим ва сизга бир марта салом айтган кишига ўнта салом айтишим сизни рози қилмайдими", – деб хабар берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Қиёмат кунида умматларимнинг менга энг яқини, менга уларнинг салавотни энг кўп айтувчиларидир".Имом Саноний бу ҳадиси шарифдаги "инсонларнинг менга энг яқини" деган гапни "инсонларнинг менга турар жойи ва шафоатимга ҳақли бўлиш жиҳатидан энг яқини" деб, бошқа муҳаддис уламолар эса "жаннатдаги ўрин жиҳатидан менга энг яқини" деб шарҳлаганлар. Ҳаммамизга маълумки, қиёмат кунида ҳеч бир инсон учун шафоатчи, ёрдамчи бўлмайди.
Фақатгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгина Аллоҳ таолонинг розилиги билан Ўзлари хоҳлаган умматларини шафоат қиладилар. Ўша шафоатга сазовор бўладиганларнинг бир тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавот ва саломни кўп айтувчилардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтиб туриш – ҳар бир банданинг бурчи. Аллоҳ таоло шунга амр қилган. Аммо жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эгалигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилур ва мен эшитурман», дедилар» (Имом Шофеъий ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг жаннатда менга энг яқин бўладиганларингиз менга салавотни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга салавот айтишни кўпайтиринглар», дедилар (Имом Шофеъий ва Имом Байҳақий ривоят қилган).
Ҳадиси шарифдаги «ёруғ кеча»дан мурод жума кечаси, «нурли кун»дан мурод жума кунидир.
Ана шундоқ. Бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтмоқ жуда ҳам марғуб иш. Умматларнинг айтган салавотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинур. Аллоҳнинг амри ила у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу салавотларни эшитадилар, улардан хурсанд бўладилар.
Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатига мушарраф бўлишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга салавотни кўпайтирсин!
Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан кавсар сувини ичишни хоҳлайди – Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга салавотни кўпайтирсин!
Ким суннатга амал қилишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга салавотни кўпайтирсин!
Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилишни хоҳлайди –Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга салавотни кўпайтирсин!
Ким жаннатда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлишни хоҳлайди – Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга салавотни кўпайтирсин!
"Ас – Солату вас – саламу алайка я Росулаллоҳ" (яъни, Эй, Расулуллоҳ! Сизга салавот ва саломлар бўлсин!
Жамшид НАЗАРОВ
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД