Бугунги мураккаб даврда кутилмаганда тинч-осойишта жойда бомба портламоқда, яна қаердадир одамлар устига юк машиналари ҳайдалмоқда ва яна қаердадир худкуш нокас тинч оломон орасида ўзини портлатмоқда... Зумда бу ҳодисалар яшин тезлигида ОАВнинг бош мавзусига айланмоқда. Газета ва интернет сайтларининг бош саҳифасида «яна бир террорчилик ҳаракати содир этилди» деб бонг урилмоқда. Ҳа, бугун ОАВда энг кўп тилга олинадиган сўзлар «террор», «терроризм», «террорчи» кабилар бўлиб қолди.
Стокгольм, Санкт Петербург, ундан аввалроқ, Истамбул ва куни кеча АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик актларда, минг афсуски, ижрочилар ўзбек миллатига мансуб шахслар бўлиб чиқди.
Хўш, аслида, Америкада мудҳиш жиноятни содир этган Сайфулла Соипов ким? У 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йили “Грин кард” лотереясини ютиб, АҚШга жўнаб кетган. Ўтган 7 йил мобайнида Ўзбекистонга бирон марта ҳам келмаган, Тошкентда яшайдиган ота-онаси билан кўришмаган. У фаровон оилада тарбия кўрган бўлиб, ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилган ва ҳеч қачон, қандайдир экстремистик оқимлар билан алоқада бўлишмаган.
У АҚШга борганидан кейин одамови бўлиб қолади ва шу вақт оралиғида, радикал гуруҳларнинг таъсирига тушиб қолади. Бу ҳақда Америка ОАВ ҳам уни билган одамларнинг фикрларига таяниб шундай хабар берган.
Ушбу кўнгилсиз ҳолат муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга таъзиянома йўллаб, Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Ҳақиқатан ҳам, бу мудҳиш воқеа дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбимизни ларзага солди.
БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида муҳтарам Президентимиз сўзлаган нутқида бузғунчи кучларга қарши маърифат билан курашиш тўғрисида ташаббус кўрсатдилар. Бунинг замиридаги ҳикмат шундаки, қуролга қурол билан жавоб берилса, уруш-низолар барҳам топмайди. Шунинг учун жаҳолатга маърифат билан жавоб бериш лозимлигини уқтирдилар.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдадир. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор қилинг, Набий алайҳиссалом ўта муҳим бўлган учта нарсани таъкидлаяптилар: тинчлик, саломатлик ва таъминот.
Муҳтарам Президентимиз БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқларида Ислом дини эзгулик ва тинчликка даъват этишини таъкидлаб, бундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бутун ўзбек халқини дилини хира қилган Америкада содир этилган террор хуружини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу ҳаракат учун қалби ва амали эзгулик билан лиммо-лим бўлган бутун ўзбек миллатини айблаш ҳам нотўғри. Чунки, Сайфулла Соиповнинг бу ножоиз қилмишини барча юртдошларимиз бирдек қораламоқда. Ўзбек халқининг олижаноб, бағрикенг ва тинчликпарвар халқ экани ҳақида бир қатор америкалик дипломатлар ҳам ўз фикрларини баён қилишмоқда. Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият юритган яна бир собиқ дипломат Марк Аскино шундай ёзади: “Оммавий ахборот воситалари кечаги мудхиш автомашина воситасида амалга оширилган ва саккизта одам ҳаётига зомин бўлган ҳужум ҳақида ёзишар экан, қотилнинг Ўзбекистондан кўчиб келганига алоҳида урғу беришяпти.
Мен 2001 йил 11 сентябрь фожеаси юз берганда Тошкентда эдим. Ўшанда ўзбекистонликлар юртимизда бўлиб ўтган фожеа юзасидан бизга кўрсатган ҳамдардлик ва меҳр-оқибати ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Эслайман, АҚШда теракт содир этилгач, бир неча соат ичида Америка элчихонаси гуллару, ҳамдардлик мактубларига тўлиб кетган эди. Улар мен ва рафиқамга мудҳиш воқеа юзасидан афсусда эканликларини билдиришарди. Қурбон бўлганлар ичида ўзбеклар ҳам бор эди... Улар жуда меҳнаткаш, ватанпарвар одамлар ва улар бизнинг кўпмиллатли жамиятимизни янада бойитиб юришади. Бир аҳмоқ инсон қилмишини у келиб чиққан миллат билан боғлаш мутлақо нотўғри”.
Шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият юритган яна бир собиқ дипломат Кейси Ток:“Ўзбекистон меҳр-оқибатли инсонлар яшайдиган гўзал мамлакат. Буни билишимга сабаб, мен у ерда яшаганман. Мамлакат обрўси унинг энг зўр инсонлари билан белгиланади, энг ёмонлари билан эмас”.
Хулоса қилиб айтганда, террорнинг дини йўқ, миллати йўқ. Террорчилик инсониятга қарши жиноятдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Маккада бўлиб ўтаётган 46-Саудия халқаро қорилар мусобақасининг иккинчи кунида 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл мусобақа қатнашчилари ўзаро беллашди.
ИҚНА "Саудия ахборот агентлиги"га таяниб хабар беришича, Маккада Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги шафелигида ўтказилган танловнинг финал босқичи турли мамлакатлардан келган эркаклар ва аёллар иштирокида давом этди.
Тадбирнинг иккинчи кунида эркаклар ва аёллардан иборат ҳакамлар ҳайъати 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл иштирокчининг Қуръон тиловатига баҳо берди.
Икки босқичда, эрталаб ва кечқурун ўтказилган ҳакамлар ҳайъати Катта масжид ҳовлисида 17 нафар эркак ва танлов ўтказиладиган жойдаги аёллар бўлимида 16 нафар аёлни ўз ичига олди. Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи кунларда эркаклар ва аёллар ҳайъати олдида янграган чиқишларнинг умумий сони 40 дан ортиқ мамлакатдан 66 тага етди.
Тадбир келаси пайшанбагача (2026 йил 20 август) давом этади, бу иштирокчиларнинг Саудия Арабистонидан жўнаб кетиш куни бўлади. Қуръон илмлари, қироат ва қироат қоидалари бўйича эркак ва аёл мутахассислардан иборат ҳакамлар гуруҳи электрон ҳакамлик тизимидан фойдаланган ҳолда чиқишлар, қорилар ва матнни ёд олган ижрочиларни баҳолайди, бу эса баҳолашнинг аниқлигини оширади ва турли йўналишларда адолатни таъминлайди.
Айни пайтда 133 мамлакатдан 334 нафар эркак ва аёл беш йўналишда, жумладан, етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.
Тадбир 6 август куни бошланган бўлиб, унинг мақсади ёш мусулмонларни Қуръонни ёдлаш ва тушунишга, ояти карималар устида мулоҳаза юритишга ва ҳалол рақобатни яратишга ундашдир.
Ушбу мусобақада у бошланганидан бери рекорд даражадаги иштирокчилар - 133 мамлакатдан 334 киши иштирок этди ва умумий соврин жамғармаси 10 260 000 саудия риалини ташкил этди, бу мусобақа бошланганидан бери энг юқори миқдордир.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати