Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Хайрли дуолар – Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос

25.10.2017   14216   5 min.
Хайрли дуолар – Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини, сийратларини бошқа анбиёлардан кўра кўпроқ, яхшироқ биламиз. Шундай бўлиши табиий ҳол, зотан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар зулмига, кофирлар адоватига, дин душманларининг фисқу ҳасадларига қарши кўрсатган сабру матонати, лутфу карами, ҳилму шарофатини дўсту душман баробар эътироф этган. Илло, бу – буюк ҳақиқат эди. Нафақат Қурайш қабиласи, балки ён-атрофдаги барча араблар у зотни “Ал-Амин” – ишончли, содиқ, тўғри сўз, самимий, пок инсон, деб билгани ҳолда рисолатларига ишонмасдан  ёлғончига чиқаришди. Аммо у Пайғамбар алайҳиссалом сабр қилдилар, Исломни етказишда собитқадам бўлдилар. У зотга рисолат келган заҳоти Макка аҳлини йиғиб: «Эй қавм! Агар мен ана шу тоғнинг ортида душманнинг отлиқ лашкари келяпти десам ишонасизми?» дедилар. Қавм ҳеч иккиланмасдан: «Ҳа, албатта, ишонамиз», деди. Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни бекорга айтмадилар, асли йўқ хабарга ишонган қавм энди энг буюк ҳақиқатга – Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган буюк хабарга ҳам ишониши керак эди. Аммо «Ундай бўлса, Аллоҳ таоло мени сизларга Пайғамбар этиб тайинлади» деб рисолатни баён қилган эдилар, ҳозиргина йўқ гапга ишонамиз деб турган қавм бу ҳақ сўзга ишонмади. У зотнинг рисолатларини рад қилди, ўзларини ҳали ёлғончига, ҳали шоирга, ҳали сеҳргарга, ҳатто телбага чиқаришди. Аввалги пайғамбарларга золим қавми нимаики ёмонлик қилган бўлса, барчасини қилди. Ўша даврда арабларда сўз санъати юксак чўққиларга кўтарилган эди. Араблар ўша даврнинг энг бузилган, энг жоҳил, салкам ёввойи қавмига айланиб қолган бўлса-да, сўз санъатида, баёнда, нутқда, тилда ниҳоятда тараққий этган эди. Бу даврнинг шеърияти дунё назм майдонида етиб бўлмас юксакларда эди. Бироқ, ана шу кўкларга кўтарилган шеърият ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган Қуръони каримнинг энг кичкина сураси қаршисидаёқ ожиз қолди, Қуръони каримнинг илоҳий ҳикматлари, шомил оятлари олдида таслим бўлиб, бош эгишга, енгилганини тан олишга мажбур бўлди. Бу улкан мағлубиятнинг аламига чидай олмаган қавм у зотга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган туҳматларни қилди, яккалаб қўйди, қизларининг оиласини бузди, ўғиллари вафот қилса, насли узилган, “абтар” деб маломат қилди, аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасига тоғдек матонат билан туриб бердилар, ширкка, бутпарастликка муккасидан кетган, дуч келган нарсага олиҳа деб сиғиниб юрган залолатдаги қавмга тавҳид ғоясини – Лаа илааҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деган илоҳий ҳақиқатни етказишда собит турдилар. У зотнинг метиндек мустаҳкам, барқарорликларини кўриб, мушриклар ҳийла йўлига ўтди, даъволаридан қайтариш учун ҳали шаҳват, ҳали мол-дунё, ҳали ҳокимият таклиф қилиб кўрди. Бироқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у муҳтарам зотга ҳақиқатни кўрсатиб, бутун башарият тақдири у зотга боғлиқ эканини англатиб турар эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу буюк вазифадан бир лаҳза ҳам чекинмадилар.

Оламларга раҳмат қилиб юборилган бу буюк зот ана шу ношукр, ғофил, жоҳил, мушрик, кофир қавмга ачинар эдилар, уларнинг охиратда азоб-уқубатда қолишини истамас эдилар. Шунинг учун тошбўрон қилишса ҳам, кавушлари қонга тўлса ҳам сабр қилдилар, фаришталар келиб, ёрдам берайликми, бу қавмни ер билан яксон қилайликми деб туришса ҳам қавмни қарғамадилар, аксинча, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Барча қийинчиликлар, жабру ситамларга сабр қилдилар, маънавий ва моддий тазйиқларга чидадилар, она Ватанларидан қувилдилар, аммо Аллоҳ таолонинг динини умматга етказдилар, инсониятга икки дунё саодати йўлини шахсий намуна ўлароқ кўрсатиб бериб, дунё тарихидаги нубувват ва рисолат силсиласини якунлаб, сўнг рафиқул аълога интиқол қилдилар.

Дунё ҳаёти турли-туман қийинчиликлардан, мусибатлардан холи бўлмаслиги табиий. Ҳар бир инсон умри давомида мусибатларга йўлиқади, қийинчиликларга дуч келади, туҳматларга қолади, ёмонликларга мубтало бўлади, фитналарга қурбон бўлади. Лекин ҳар сафар банда Парвардигорининг ўзи билан бирга эканини унутмаслиги керак. Агар у ҳақ йўлда бўлса, бу ноҳақликларга, фитналарга, туҳматларга сабр қилиш керак. Аллоҳ таоло билан роз айтишган, ваҳий орқали боғланиб турган пайғамбарлар ҳам мусибатларга сабр қилди, сиз билан биз сабрли бўлайлик!

Пайғамбар алайҳиссалом ёмонларни қарғамадилар, биз ҳам қарғамайлик!

Пайғамбар алайҳиссалом озорнинг энг қаттиғини кўрганларида ҳам одамзотнинг ҳолатини, табиатини тушундилар, уларни дуоибад эмас, дуоихайр қилдилар, биз ана шу суннатга эргашайлик!

 Ҳолбуки, сизу бизга Муҳаммад алайҳиссаломдан илм билан биргаликда умматнинг ғам-ташвиши ҳам мерос бўлиб қолди, зиммамизга юкланди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳаракатидан ўрнак олиб яшамоғи керак.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт”

28.08.2026   1905   10 min.
“Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт”

“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.

Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси

Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.

Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.

Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.

Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.

Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, ­эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.

Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.

Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.

Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий ­номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.

Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.

Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.

Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш

Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.

Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.

Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.

Диний соҳа ходимларига бугунгидек ­эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.

Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:

“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.

Буюк саодатнинг ифодаси

Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.

Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.

Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.

Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.

Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:

“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби

Мақолалар