Бир одам Каъбатуллоҳда туриб:
– Эй тўғриларга ёрдам этувчи, ҳаромдан қочганни қурувчи! – деб дуо қилаётган эди.
Унга одамлар “шундан бошқа дуони билмайсанми?” дейишди. Шунда у нега бундай дуо қилаётганининг сабабини қуйидагича изоҳлади:
– Мен Байтул шарифни тавоф этарканман, оёғимга теккан қандайдир нарсани эгилиб олдим. Қарасам, ичи олтинга тўла ҳамён экан. Шу ондаёқ шайтон ва иймоним мужодала этишни бошлади. “Минг тилло ҳазилакам пул эмас, кам-кўстингнинг бутлаб оласан”, деди шайтон. Иймоним эса “бу сенга ҳаром, бировнинг пули, уни кўтариб юрма, эгасини топиб топшир”, деди. Ана шу мужодала ичида эканман, қулоғимга бировнинг “Шу орада бир олтин тўла ҳамён йўқолди. ким топиб олган бўлса, олиб келсин, ўттиз тилло мукофоти бор”, дея чақириб юргани чалиниб қолди.
Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал дедим-да, ҳамённи эгасига топширдим. У хурсанд бўлиб менга ўттиз тилло санаб берди. Ўттиз тиллони чўнтакка уриб мисгарлар бозорини айланиб юрган эдим, бир араб қулнинг бир тиллога сотилишини эшитиб қолдим ва шартта уни сотиб олдим.
Орадан қанчадир вақт ўтиб, қулимнинг ёнида бир тўда араблар пайдо бўлди ва улар сирли равишда шивирлаша бошлади. Ажабланиб қулимдан нимани гаплашганларини сўрадим. У яшириб ўтирмасдан тўғрисини айтди-қўйди:
– Мен мағриб султонининг ўғлиман. Отам ҳабаш султони билан жанг қилиб мағлуб бўлди. Душманлар мени ҳам асирга олиб бу ерларга олиб келиб сотдилар. Отам бу одамларга эллик минг тилло бериб юбормишларки, мени сотиб олиб борсинлар. Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ўз фарзандингдек меҳрибон бўлдинг. Мен сендан жуда ҳам мамнунман. Улар мени сотиб олмоқчи бўладилар; ҳеч ҳам камига рози бўлма, эллик минг тиллога сот мени.
Унинг айтганидек бўлди. Қулимни эллик минг тиллога сотдим. Шу қадар катта пулга хийла мол олиб Бағдодга бордим. У ерда бир дўкон очдим-да, молларимни сота бошладим. Кунларнинг бирида бир танишим келиб, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, “Машҳур бир тужжор бор эди, вафот этди. Ой каби гўзал қизи етим қолди. Юр сенга ўша қизни сўраб борамиз”, деб қолди. Мен ҳам рози бўлдим. Қизнинг васийларига ҳам маъқул бўлдим ва қизни никоҳимга олдим.
Уйдаги жавонга териб қўйилган сандиқчалар ичида олтинга тўла ҳамёнлар бор эди. Уларнинг ҳаммасининг устига “минг олтин” деб ёзилган, фақат биттасининг устида “тўққиз юз етмиш” деб ёзиб қўйилган эди. Нега бундайлигини сўраганимда қизгина:
– Отам шу ҳамённи Ҳарами шарифда йўқотиб қўйган экан. Бир ҳалол одам топиб олиб қайтариб берибди. Отам ўша одамга суюнчи деб ўттиз танга берибди, қолгани шу, ичидагилар, – деди.
Унинг гапларини эшитиб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрлар қилдим. Зеро, буларнинг ҳаммаси тўғриликнинг, озгина яхшиликнинг беҳисоб барокати эди. Бўлган воқеаларни қизгинага батафсил сўзлаб бердим, бахтиёрлигимиз янада зиёда бўлди...
Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати