Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

“Нега буниси тўққиз юз етмиш?”

25.10.2017   7880   3 min.
“Нега буниси тўққиз юз етмиш?”

Бир одам Каъбатуллоҳда туриб:

– Эй тўғриларга ёрдам этувчи, ҳаромдан қочганни қурувчи! – деб дуо қилаётган эди.

Унга одамлар “шундан бошқа дуони билмайсанми?” дейишди. Шунда у нега бундай дуо қилаётганининг сабабини қуйидагича изоҳлади:

– Мен Байтул шарифни тавоф этарканман, оёғимга теккан қандайдир нарсани эгилиб олдим. Қарасам, ичи олтинга тўла ҳамён экан. Шу ондаёқ шайтон ва иймоним мужодала этишни бошлади. “Минг тилло ҳазилакам пул эмас, кам-кўстингнинг бутлаб оласан”, деди шайтон. Иймоним эса  “бу сенга ҳаром, бировнинг пули, уни кўтариб юрма, эгасини топиб топшир”, деди. Ана шу мужодала ичида эканман, қулоғимга бировнинг “Шу орада бир олтин тўла ҳамён йўқолди. ким топиб олган бўлса, олиб келсин, ўттиз тилло мукофоти бор”, дея чақириб юргани чалиниб қолди.

Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал дедим-да, ҳамённи эгасига топширдим. У хурсанд бўлиб менга ўттиз тилло санаб берди. Ўттиз тиллони чўнтакка уриб мисгарлар бозорини айланиб юрган эдим, бир араб қулнинг бир тиллога сотилишини эшитиб қолдим ва шартта уни сотиб олдим.

Орадан қанчадир вақт ўтиб, қулимнинг ёнида бир тўда араблар пайдо бўлди ва улар сирли равишда шивирлаша бошлади. Ажабланиб қулимдан нимани гаплашганларини сўрадим. У яшириб ўтирмасдан тўғрисини айтди-қўйди: 

– Мен мағриб султонининг ўғлиман. Отам ҳабаш султони билан жанг қилиб мағлуб бўлди. Душманлар мени ҳам асирга олиб бу ерларга олиб келиб сотдилар. Отам бу одамларга эллик минг тилло бериб юбормишларки, мени сотиб олиб борсинлар.  Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ўз фарзандингдек меҳрибон бўлдинг. Мен сендан жуда ҳам мамнунман. Улар мени сотиб олмоқчи бўладилар; ҳеч ҳам камига рози бўлма, эллик минг тиллога сот мени.

Унинг айтганидек бўлди. Қулимни эллик минг тиллога сотдим. Шу қадар катта пулга хийла мол олиб Бағдодга бордим. У ерда бир дўкон очдим-да, молларимни сота бошладим. Кунларнинг бирида бир танишим келиб, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, “Машҳур бир тужжор бор эди, вафот этди. Ой каби гўзал қизи етим қолди. Юр сенга ўша қизни сўраб борамиз”, деб қолди. Мен ҳам рози бўлдим. Қизнинг васийларига ҳам маъқул бўлдим ва қизни никоҳимга олдим. 

Уйдаги жавонга териб қўйилган сандиқчалар ичида олтинга тўла ҳамёнлар бор эди. Уларнинг ҳаммасининг устига “минг олтин” деб ёзилган, фақат биттасининг устида “тўққиз юз етмиш” деб ёзиб қўйилган эди. Нега бундайлигини сўраганимда қизгина:

– Отам шу ҳамённи Ҳарами шарифда йўқотиб қўйган экан. Бир ҳалол одам топиб олиб қайтариб берибди. Отам ўша одамга суюнчи деб ўттиз танга берибди, қолгани шу, ичидагилар, – деди.

Унинг гапларини эшитиб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрлар қилдим. Зеро, буларнинг ҳаммаси тўғриликнинг, озгина яхшиликнинг беҳисоб барокати эди. Бўлган воқеаларни қизгинага батафсил сўзлаб бердим, бахтиёрлигимиз янада зиёда бўлди...

 Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   7613   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари