Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

06.10.2017 й. Масжиднинг ҳурмати ва жума одоблари

04.10.2017   14968   13 min.
06.10.2017 й. Масжиднинг ҳурмати ва жума одоблари

Муҳтарам биродарлар! Муқаддас Ислом динимизда масжидни Аллоҳнинг уйи дейилади. Бу дегани масжид фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, уни зикр қилиб тасбиҳ айтиш, Каломини тиловат қилиш каби амаллар учун барпо этилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

(وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا  (سورة الجن/18

яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).

Масжидга келган намозхонлар Аллоҳнинг уйига зиёратга келган бўладилар. Зиёратга келган киши у жойнинг тартиб-қоидаси ва одоб-ахлоқига риоя қилиши лозим бўлади. Шунда зиёратчига иззат-икром кўрсатилади. Қуйидаги Ҳадиси Қудсийда шундай дейилади:

(عَن أَبيِ سَعِيدٍ الخُدرِي رضي الله عنه أَن َّرَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ فِيمَا يَروِيهِ عَن رَبِّهِ: "إِنَّ بُيُوتيِ فيِ أَرضِي المَسَاجِدُ، وَ إِنَّ زُوَّارِي فِيهَا عَمَّارُهَا، فَطُوبَى لِعَبْدٍ تَطَهَّرَ فيِ بَيتِهِ ثُمَّ زَارَنيِ فيِ بَيتيِ فَحُقَّ عَلَى المَزُورِ أَنْ يُكْرِمَ زَائِرَهُ" (رَوَاهُ الإمام أَبُو نُعيَم

яъни: Абу Саъид Ал-Худрий 0 дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ  Раббисидан қилган ривоятида айтадилар: “Албатта, еримдаги уйларим Масжидлардир. Унда Мени зиёратимга келганлар уни обод қилувчилардир. Уйида таҳорат олиб сўнгра Мени уйимга зиёратим учун келган бандага яхшилик (Тубо жаннати) бўлади. Дарҳақиқат, зиёрат қилинмиш зиёрат қилувчисини икром қилмоғи ҳаққи вожибдир” (Имом Абу Нуъайм ривояти).

Албатта, масжидга ибодат учун қатнашни одатга айлантирган бандасини Аллоҳ таоло имон ҳаловатидан баҳраманд этади, Ўзига яқин бандалари қаторига қўшади. Бу ҳақда Абу Саъид Ал-Худрий 0 дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар ﷺ шундай деганлар:

(عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخدري رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "إِذَا رَأَيْتُمُ الرَّجُلَ يَعْتَادُ الْمَسْجِدَ فَاشْهَدُوا لَهُ بِالإِيمَانِ، فَإِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ: [إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ]" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرمِذِي

яъни: “Агар бир кишини масжидларга боришни одат қилганини кўрсангиз унинг имони бутун эканлигига гувоҳ бўлаверинг. Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ... кишилар обод қилурлар”, деган” (Имом Термизий ривояти).

Ҳурматли намозхонлар! Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Намозхонлар учун барча шароитлари яратилган тарзда масжидни барпо этиш, уни озода ва покиза сақлаш, нураган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса уни таъмирлаш ёки янгидан қуриш кабилар моддий обод қилиш дейилади. Алҳамдулиллаҳ, мустақиллигимиздан сўнг юртимизда масжидларни обод этиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Кўплаб янги масжидлар қурилди. Эскилари таъмирланди, яроқсизлари қайтадан барпо этилди. Айниқса, охирги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, барча масжидлар энг замонавий асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Дарҳақиқат, битта масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан,

(عَنْ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ رضي الله عنه قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "من بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ بَنَى اللَّهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ" (متفق عليه

яъни: Усмон ибн Аффон 0дан ривоят қилинади, у киши: Мен Расулуллоҳ ﷺ ни: “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради” деганларини эшитганман, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

(عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَسْرَجَ فِي مَسْجِدٍ مِنْ مَسَاجِدِ اللَّهِ سِرَاجًا لَمْ تَزَلِ الْمَلائِكَةُ وَحَمَلَةُ الْعَرْشِ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ مَا دَامَ فِي ذَلِكَ الْمَسْجِدِ ضَوْءٌ مِنْ ذَلِكَ السِّرَاجِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبيِ شَيبَةَ

яъни: Анас ибн Молик 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

         Масжидни маънавий обод қилиш деганда унда намоз ўқиш, Қуръон тиловати, зикру тасбиҳ билан машғул бўлиш, унда дунёвий сўзларни гапиришдан ва савдо сотиқ ҳамда ношойиста ишларни қилишдан сақланиш кабилар тушунилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган:

(يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآَصَال  رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ  لِيَجْزِيَهُمُ اللَّهُ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ   (سورة النور/36-38

яъни: “У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар. Улар қилган эзгу амаллари сабабли Аллоҳнинг мукофотлаши ва яна уларга ўз фазли билан зиёда (савобларни ато) этиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 36-38-оятлар).

Муҳтарам жамоат! Модомики, масжидлар Аллоҳнинг уйи экан, ҳар жойда бўлгани каби масжиднинг ҳам одоблари бор. Қуйида масжиднинг одобларидан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

Аввало, масжидга муқаддас даргоҳ сифатида қаралиши лозим бўлади. Масжидга холис ибодат қилиш ниятида таҳорат билан, хушбўйланиб, соч-соқолларни тартибга солиб, тирноқларни олиб, покиза ҳамда авратларни тўлиқ ёпадиган кийимларни кийиб, пиёз ва саримсоқ каби махсулотлар истеъмол қилмасдан келинади. Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган:

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ:"مَنْ تَطَهَّرَ فيِ بَيتِهِ ثُمَّ مَضَى اِلىَ بَيتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ لِيَقضِيَ فَرِيضَةَ مِن فَرَائِضِ اللهِ كَانَتْ خُطُوَاتُهُ إِحدَاهَا تَحُطُّ خَطِيئَةً وَ الأُخْرَى تَرفَعُ دَرَجَةً"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمُ).

яъни: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, ом م صَالِ Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ким уйида таҳорат олиб сўнгра Аллоҳнинг уйларидан бири сари Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юрса, босган қадамларининг бири хатосини ўчиради, бошқаси даражасини кўтаради” (Имом Муслим ривояти).

Масжидга бисмиллоҳни айтиб, билса махсус дуони ўқиб, ўнг оёқ билан киради ва ўзига муносиб жойга, агар одамлар кўп бўлса бўш жойга бориб ўтиради. Агар намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқиб ўтирмоғи суннатдир. Жума намозига келганда эса, таҳийятул масжид намозини имомнинг маърузасини тинглаётган намозхонларга халал бермайдиган жойга ўтиб (хонақодан ташқарида масалан, айвонда) ўқийди. Аммо, имом-хатиб хутбага чиққанда ҳеч қандай намоз ўқиш мумкин эмас.  

Масжидда мудом тинчлик сақланиши лозим. Дунёвий гапларни гапириш, ҳатто зикру тасбиҳларни ҳам бошқаларга халал берадиган даражада овоз чиқариб айтиш макруҳ саналади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадислар мавжуд:

عَن السَّائِبِ بنِ يَزِيدَ الصَّحَابيِّ قَالَ: "كُنْتُ فيِ المَسجِدِ فَحَصَبَنيِ رَجُلٌ فَنَظَرتُ فَإِذَا عُمَرُ بنُ الخَطَّابِ فَقَالَ، اِذهَبْ فَأْتِنيِ بِهَذَينِ، فَجِئتُهُ بِهِمَا، فَقَالَ: مِنْ أَينَ أَنْتُمَا؟ فَقَالاَ: مِنْ أَهلِ الطَّائِفِ فَقَالَ: لَوْ كُنتُمَا مِن أَهلِ البَلَدِ لَأَوْجَعتُكُمَا، تَرفَعَانِ أَصوَاتَكُمَا فيِ مَسجِدِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم"

(رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري).

яъни: Саҳобий Ас-Соиб ибн Язид айтади: “Мен Расулуллоҳ ﷺ нинг масжидларида эдим, бир киши менга тош отди. Қарасам, Умар ибн Хаттоб эканлар. Менга: “Ана у иккисини мени олдимга олиб кел, дедилар”. Мен уларни олиб келдим. Умар: “Сизлар қаердансизлар?” – деб сўради. Улар: “Тоиф аҳлиданмиз”, дейишди. Умар: “Агар шу ерлик бўлганингизда таъзирингизни бериб қўяр эдим, Расулуллоҳнинг масжидида овозингизни кўтарганингиз учун”, деди (Имом Бухорий ривояти).

(عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اعْتَكَفَ فِي الْمَسْجِدِ فَسَمِعَهُمْ يَجْهَرُونَ بِالْقِرَاءَةِ، فَكَشَفَ السِّتْرَ وَ قَالَ: "أَلَا إِنَّ كُلَّكُمْ مُنَاجِ رَبَّهُ، فَلَا يُؤْذِيَنَّ بَعْضُكُمْ بَعْضًا، وَ لَا يَرْفَعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ فِي الْقِرَاءَةِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ النَّسَائِي وَ الإِمَامُ أَبُو أَحمَدَ

яъни: Абу Саъид Ал-Худрийдан ривоят қилинади, ом م صَالِ Пайғамбар ﷺ масжидда эътикоф ўтирган эдилар, одамларни овоз чиқариб қироат қилаётганларини эшитиб, пардани кўтардилар ва: “Ҳар бирингиз ўзича раббисига муножот қилмоқда. Бир-бирингизга озор етказманг, қироатда ҳам овозингизни бир-бирингизникидан баланд кўтарманг”, дедилар (Имом Насаий ва Имом Абу Аҳмад ривояти).

Жума намозига келганда ғусл қилиб, хушбўй атрлардан сепиб, имкон қадар эртароқ келиб, биринчи қатордан сафларни тўлдириб ўтириш, одамларни устидан босиб ўтмаслик, имомнинг маърузасига диққат билан қулоқ солиб ўтириш, намоздан сўнг ҳамма билан бирга тарқалиш жума одобларидан саналади.

                 

         Тезиснинг 6-октябрь сонига илова

 

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг тинч-тотув ва фаровон яшаши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Барчамиз юртимиз бўйлаб улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Албатта, юртимизнинг тинчлиги, халқимиз турмушининг фаровонлигида ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор. У ҳам бўлса, ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминланиши, жамиятимизда ижтимоий ҳимоя тизимининг мустақкамланишида сизу-бизларнинг давлат олдидаги фуқаролик бурчимиз бўлмиш мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашимиздир.

Шуни унутмайликки, тўлайдиган солиқларимиз алалоқибат яна ўзимизга қатиб келади, яъни хонадонимиздаги нуроний отахон ва онахонларимизнинг нафақаси, фарзандларимиз таълим олаётган мактаб ва бошқа билим даргоҳлари, беморларимиз даволанаётган шифохоналар ва ҳоказо таъминоти давлат хазинасига боғлиқ бўлган жиҳатларга йўналтирилади.

Шундай экан, давлат олдидаги фуқаролик бурчимиз бўлмиш мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашни унутмайлик. Акс ҳолда, ихтиёрий тарзда солиқларни тўламаган кимсаларга нисбатан мажбурий ундириш чоралари қўлланилиб, натижада маҳалла кўй олдида хижолатпазлик юзага келиши,  қўшимча жарималар тўланишига тўғри келади. Қолаверса, қарзни узмай юришлик оғир гуноҳлардан саналади.

Савоб ахтарган кишилар эса солиқларни тўлаш қобилияти бўлмаган қаришдош-уруғлари, қўни-қўшнилари, маҳалладошларига қарзларини тўлашда кўмаклашиб юборсалар айни савоб ишга қўл урган бўладилар. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бу борада қуйидагича марҳаматлари бор:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَ مَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَ مَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَ اللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ (رَوَاهُ مُسْلِمٌ

яъни: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур. Ким мусулмоннинг айбини яширса Аллоҳ таоло унинг айбини дунё ва охиратда яширади. Модомики банда биродарига ёрдам берар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамчиси бўлади" (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни масжидларни моддий ва маънавий обод этувчи бандалари қаторидан бўлмоғимизни насибу рўзи айласин. Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   53025   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари