Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.
Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.
Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрашган экан. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилибди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:
Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаймиз.
Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади
Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.
Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизациялар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.
Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.
Сон эмас, сифат муҳим
Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.
Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.
Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.
Тарих такрорланиб туради
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.
Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан