Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2026   |   20 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:47
Қуёш
05:15
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:42
Хуфтон
21:11
Bismillah
03 Август, 2026, 20 Сафар, 1448

“Муаллим ҳақида сўзим ушбудир...”

29.09.2017   13058   3 min.
“Муаллим ҳақида сўзим ушбудир...”

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди,  қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган. 

Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз  бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.

Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.

Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрашган экан. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилибди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,

Муаллим камолот ичра кўзгудир.

 Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва   мураббийлар  куни билан  қутлаймиз.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Виртуал таҳдид: кибержиноятчилардан огоҳ бўлинг!

03.08.2026   562   1 min.
Виртуал таҳдид: кибержиноятчилардан огоҳ бўлинг!

Бугун, 3 августь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Кибержиноятчилик: замонавий жамиятнинг янги таҳдиди” мавзусида онлайн йиғилиш ўтказилди.

Унда Диний идора Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳотамов сўзлаб, иштирокчилар эътиборини бугунги кунда долзарб муаммога айланиб бораётган кибержиноятлар кўламига қаратди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Тошкентда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортган. Фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган бўлса-да, уларни фош этиш 8 фоизга ҳам етмаган.

Ушбу жиноятларга кескин барҳам бериш ва олдини олиш учун 2026 йил 10 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди. Фармон асосида Ўзбекистон Республикасининг 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик стратегияси қабул қилинди.

Юқоридаги каби салбий холатларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда Диний идора бош юристи Алишер Агзамов Кибержиноятчиликнинг пайдо бўлиш тарихи, асосий турлари, кибержиноятга дуч келган киши нима қилиши кераклиги, киберхавфсизликнинг оддий қоидалари ҳақида тушунчалар бериб ўтди.

 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Янгиликлар