Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.
Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.
Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрашган экан. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилибди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:
Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаймиз.
Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Бугун, ҳаётда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам, тушунарсиз мантиққа гувоҳи бўласиз. Қўлида энг сўнгги моделдаги смартфон ҳамда спутник орқали видео улашаётган “эксперт”, бизга замонавий илмлар керак эмас, фақат нарги дунёмизга оид илмини ўрганинг, қолган ҳаммаси вақтни беҳуда сарфлаш, душманларнинг ўйини, деб бонг уради.
Энг ачинарлиси, бундай чиқишлар остида минглаб “лайк”лар ва “тўғри айтдингиз, болаларни бошқа илмларга берайлик” қабилидаги соддадил замондошларимизнинг изоҳлари пайдо бўлади.
Хўш, аслида-чи? Замонавий илмларни инкор этиш, тиббиёт, IT, астрономия ёки физикани “бегона илм” деб билиш қадриятларга тўғри келадими ёки бу мутаассибликми ёки ахборот хуружининг маҳсулими?
Эътибор берган бўлсак, зеҳниятимизга замонавий илмларни инкор қилувчи мифлар ўрнашиб қолган.
1-миф: “Дунёвий илмлар диндан узоқлаштиради”. Бу даъво – илмсизликнинг олий кўринишидир. Тарихга назар солайлик, бугун дунё тан олган Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Ал-Беруний каби боболаримиз диний илмларни ҳам, замонавий фанларни ҳам бирдек мукаммал эгаллашган. Улар математика ва астрономияни ўрганиб, диндан узоқлашиб кетмаганлар. Аксинча, коинот қонуниятларини математик ҳисоб-китоблар орқали англаш уларнинг Яратувчининг қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган.
Бугун тиббиётни инкор этиб, “табиб”лик даъво қилаётган, фарзандларини таълимдан узиб, фақат бир томонлама ўқитмоқчи бўлаётганлар аслида жамиятни заифлаштиришга хизмат қилмоқда. Кучсиз, қарам ва носоғлом жамият эса ҳар қандай ташқи кучнинг осон ўлжасига айланади.
2-миф: “Замонавий технологиялар, IT ва ижтимоий тармоқлар –бузғунчилик қуроли”. Технология бу, шунчаки восита. Пичоқ билан нон ҳам кесиш мумкин, инсон ҳаётига суиқасд қилиш ҳам. Муаммо пичоқда эмас, уни ушлаган қўлда.
Бугун сунъий интеллект (AI), дастурлаш ва космик технологиялар асрида яшаяпмиз. Агар биз ўз ёшларимизни ушбу соҳалардан узоқлаштирсак, уларни “зарарли” деб эълон қилсак, яқин келажакда ўзгаларга қарам бўлиб қоламиз. Ижтимоий тармоқларда ўтириб, “технологиядан узоқ бўлинг” дейишнинг ўзи иккиюзламачиликдир. Асл маърифат замонавий воситаларни эгаллаб, уларни жамият ва инсоният фойдасига ишлата олишдир.
Ахборот хуружларини ташкил этувчи ташқи кучлар ва мутаассиб оқимларнинг бош мақсади битта: жамиятни фикрлашдан тўхтатиш. Саводсиз, таҳлил қила олмайдиган, кимё ва физика қонунларини тушунмайдиган, тиббиётга ишонмайдиган одамни бошқариш жуда осон.
Замонавий илмлардан маҳрум одамда танқидий фикрлаш шаклланмайди. У ҳар қандай сохта даъватга, диний тус берилган ёлғон ахборотга осонгина ишонади.
Илм-фан ва технологиядан орқада қолган миллат ҳамиша қашшоқликка ва бошқаларга муҳтожликка маҳкум. Бу эса мутаассиблик тузоғига тушиш учун энг қулай шароитдир.
Соғлом тафаккур илмни “диний” ва “дунёвий”га ажратмайди. Инсониятга, жамиятга нафи тегадиган ҳар қандан фойдали билим – шарафлидир.
Касалларни даволаётган шифокорнинг меҳнати, мураккаб дастурларни яратиб, одамларнинг оғирини енгил қилаётган IT мутахассисининг иши, юртни замонавий техникалар билан обод қилаётган муҳандиснинг изланиши – буларнинг барчаси савобли ва даромадли йўналишлардир.
Қуръони каримда дунё ва охиратдаги барча яхшиликларни ўзида жамлаган гўзал дуолардан бири бор.
Бақара сураси 201-оятида: “Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни дўзах азобидан асрагин”.
Бу дуо нафақат охиратни, балки бу дунёдаги соғлиқ, ҳалол ризқ, бахтли оила, фойдали илм ва тинчлик-хотиржамлик каби барча яхшиликларни сўрашни ўз ичига олади.
Тармоқларда сизни замонавий илмлардан, тил ўрганишдан ва тараққиётдан тўсмоқчи бўлган виртуал “донишманд”ларнинг гапларига танқидий муносабатда бўлинг. Зеро, миллатни енгиш учун уни қурол билан вайрон қилиш шарт эмас, уни илмдан, китобдан ва тафаккурдан айиришнинг ўзи кифоя.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби