Уни масжидда учратдим. Ғамгин ва нурсиз кўзлар. Титроқ лаблар. Танаси худди сояга ўхшайди. Ҳадеб ўзини қўлга олмоқчи бўлади, лабларини қаттиқ тишлайди, кўзёшларини тиймоқчи бўлади. Шу ҳолида у менинг кўзимга қуриётган япроққа ўхшаб кўринди.
– Ёрдам беринг... Зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг... Ортиқ чидай олмайман... Менинг кучим қолмади... Курашишга бошқа куч топа олмаяпман, келажакдан умидимни ҳам уздим... Мен фақат менинг хатоларимни бошқа бирор киши қайтармаслигини истайман... Хато устига хато…ё Парвардигор!
Гўзаллик – даҳшатли қурол, у шуниси билан хатарлики, ҳеч керак бўлмаган пайтда портлайди – инсон ёшлигида гўзал бўлади, аммо кўп нарсадан хабари бўлмайди. унинг кўзига дунё беҳад гўзал кўринади, аммо соддалигига бориб биргина хато қилиб қўйса, кулгулари қонли кўз ёшига айланади, ҳаёти барбод бўлиш чегарасига келиб қолади...
Суҳбатдошим гапида давом этди: “12 ёшимда мен фақат синфда эмас, мактаб бўйича энг чиройли қиз эдим... Шу боисдан атрофимда гиргиттон бўладиганлар жуда эрта пайдо бўлди. Мени ўз тенгдошларим қизиқтирмас эди. Юқори синфлардаги куёвболалар билан суҳбатлашишни ёқтирардим. Дастлабки кезларда озгина эътибор, мулойим муомала, ғамхўрлик, совғалар, гуллар... кифоя эди. Уларни кўриб мен ўзимни гўзаллик маликасидек ҳис қилар эдим. Кейин эса бошни айлантирадиган учрашувларнинг аччиқ меваларини ҳам татиб кўра бошладим. Айтадилар-ку, қаерда кириш бўлса, ўша ерда чиқиш ҳам бўлади, деб. Ўн беш ёшга тўлгунимча бир неча бор абортларни бошдан кечиришга улгурдим… Киприк қоқишга улгурмасимдан навбатдаги ҳомиладан қутулиш учун гинекология бўлимида турган бўлар эдим. Ҳатто абортларнинг сони нечта бўлганини ҳам эслай олмайман... 18 ёшимда шуларнинг барчасини маст бўлсам унутарман деб ароқ ича бошладим ва укол олишни ҳам канда қилмадим, аммо бўлмади... Даҳшатли тушлар, абортда майдалаб ташланган болалар мени ақлдан оздираёзди... Гиёҳвандликка ўрганганимдан сўнг бу дардларим иккинчи ўринга ўтиб қолди, энди янада даҳшатли кўргуликларим бошланди: навбатдаги дозани қандай топаман... Кунлар жуда тез ўтиб борар, баъзида фақат заҳри қотил топилгунча вақт тўхтаб қолгандек бўлар эди… Энг қўрқинчлиси бир ой бурун юз берди… Маст ҳолимда рулга ўтирдим, машинам билан бир механизмга айланиб кетишни истар эдим. Жуда катта тезликда деярли пастлаб учиб бораётган эдим… Кўзимда ёш, қалбимда олов, юрагим куяди, азоб, бўм-бўшлик... Ўтмишимни абадий ортимда қолдириб кетмоқчи эдим... Мен раҳмдиллик, самимийлик ҳукмдорлик қиладиган, поклик қадрланадиган, атрофингни гуллар ўраб олган, ҳамма жой оппоқ, чароғон, қалблар пок, инсоннинг амаллари, ҳайратлари самимий бўлган ёруғ келажакка чиқиб олишни истар эдим… Қўққисдан… Билмадим, қандай бўлди бу, қаердандир, ердан чиқдими, осмондан тушдими, йўл устида уч-тўрт ёшдаги бола пайдо бўлиб қолди… Дафъатан ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди, ҳаммаси айланиб кетди, Гўёки дунёга келмасдан нобуд бўлган болаларим атрофимни ўраб олиб худди мана шу кўзлардек, ёшга тўлган кўзлар билан тикилиб туриб “тўхтанг... тўхтанг, онажон... бошқа ўлимнинг кераги йўқ...” деб шивирлаётгандек бўлди. Мен қалтирай бошладим, қўл-оёғим мавжудлигини сезмай қолдим. Машинани қандай тормозлаганимни, машина қайси тарафга қараб оғиб кетганини, қандай қилиб ён ойнадан отилиб чиқиб кетганимни ва ўша қизчанинг оёғининг остига йиқилганимни эслай олмайман... Кўзлари... Унинг кўзларини эслаб қолдим... Оч-кўк, шу қадар соф ва покиза кўзлар… Бир неча дақиқа олдин яксон қилиб ўтиб кетишимга салгина қолган қизгинанинг гаплари хотирамдан ўлгунимча ўчмаса керак. “...хола... холажон... ҳеч жойингиз лат емадими? Қаерингиз оғрияпти?..” Кейин ўша покиза кўзлар ғойиб бўлди... Зулмат... Зимистон... Қаҳратон... Жуда қаттиқ совуқ қотдим... Аммо ҳеч нарсани кўрмаётган, бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаётган эдим. Хаёлимга шундай ўй келди: “Бўлди... ҳаммаси тугади... ўлим ана шундай қилиб келса керак...” Тўсатдан зулмат ортидан чақмоқ чаққандек қоронғулик бағридан ОВОЗ тарқалди... Даҳшатли, қўрқинчли ОВОЗ... “Имонсизларга раҳми келган диндорлар азоб-уқубатни енгиллатишни сўради, Ҳеч ким Аллоҳ таоло тайин қилган жазони тўхтата олмайди, Чунки у оламларнинг Раббисидир...” Ҳушимга келиб кўзимни очганимда оппоқ шифтни, оппоқ деворларни, оппоқ чойшабларни ва деразадан тушиб турган чароғон қуёш нурини кўрдим... Мен шифохонада ётган эдим... Бўғзимга бир нарса тиқилиб, кўз ёшларим юзимни юва бошлади... Ниҳоят мен носоғлом ҳаёт кечирганимга, жоҳилликда яшаганимга қалбан иқрор бўлганимни англаб етдим. Дунёда энг ёмон нарса жоҳиллик, гуноҳлар зулматида ҳаёт кечирмоқ ва ёвузликдир... Мен ўзгаришни истайман... Мен ислом динига кириб Буюк Яратувчидан Унинг ўзи яратган шариат йўлидан оғишмасдан яшашимга яна бир бор имкон беришини сўрамоқчиман. Ёрдам беринг... Менинг зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг...”
Унинг кўз ёшлари жала бўлди... Уввос солиб, наъра тортди...
Аёнки, инсон тўғри жавобни жуда кам ҳолда биринчи ҳаракатидаёқ топади, чунки тўғри жавоб – танланган, донишманд кишиларга хос бўлиб билиш жараёни ҳар доим синовлар ва хатолар билан кечади. Ёдда тутайлик: бу дунёда омонатмиз, вақти етиб ҳамма йиққан-терганларимизни қолдириб кетамиз. Лекин ана шу олиб кета олмаган нарсаларимизнинг, ўтказган кунларимизнинг, қилган яхши-ёмон ишларимизнинг бирма-бир ҳисобини берамиз. Фақат Аллоҳнинг ҳузурига эзгу амалларимизни олиб борамиз. Шундай экан, ҳаракатларимизни самимий ихлос ила Ҳақ йўлида қилайлик, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Барчамизни Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин!
Гулноз СОБИТОВА
Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси